...1960 йиллар. Она бир неча ойдан буён оғир хасталик сабаб тўшакка михланиб қолган. Унинг кундан-кун сўниб бораётган ҳаёт чироғи умр йўлдоши ва болалари кўнглини ҳам зулматга чулғаган. Айниқса, уч қизнинг кенжаси Санобар эндигина уч ёшга тўлаётган бўлишига қарамай, онасининг бошидан бир қарич нари кетмайди. Митти қўлчалари билан волидасининг гоҳ паришон тўзғиган сочларини текисласа, гоҳ дард заҳил қилган юзларини силайди. Чучук тиллари билан: "Яхши бўпқоласиз, абажон", дейди...
Лекин аёл тузалиб кетмади. Ҳали навниҳолгина жувон бўлган онаизор уч қизидан кўз узолмай, бу ёруғ оламни тарк этди...
Бу воқеа бот-бот Санобарнинг тушларига кириб чиқади. Айрилиқ унинг қалбини қаттиқ яралади. Она соғинчидан ўртанган мурғак қалбида, қанийди, ҳеч қачон оналар касал бўлмаса, оналар ҳеч қачон ўлмасалар, деган истак пайдо бўлди. Бу истак уни тиббиёт ходими бўлишдек мақсад сари ундади...
Санобар Қодирова бугун Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси, "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ва "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишони соҳибаси. У 1957 йилда Катта Тошбулоқ шаҳарчасида туғилган. 1976 йилда Наманган тиббиёт билим юртини тамомлаб, иш фаолиятини Наманган туман марказий шифохонасининг терапия бўлимида ўтган йиллар давомида ҳамшира, катта ҳамшира вазифаларида ишлади. 2005 йилдан буён туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамширасидир.
47 йил бир соҳада, 24 йил айнан бир вазифада меҳнат қилиш – бу катта иш тажрибаси бўлса-да, аслида масъулияти жуда катта. Санобар опа мамлакатимиз тиббиёт тизимида юз бераётган тараққиёт босқичларини қадам-бақадам босиб, ислоҳотлар моҳиятини ўз фаолиятида акс эттириб келаётган соҳа вакили.
– Маҳорат тиббиёт ҳамшираси учун ҳам зарур кўникмадир, – дейди Санобар опа биз билан суҳбатда. – Кучли билим, етарлича тажрибага эга ўрта тиббиёт ходиминигина маҳоратли дейиш мумкин. Шунинг учун ҳамшираларнинг ўз устида ишлашларига катта аҳамият қаратамиз. Малака ошириш курслари, маҳорат дарслари, ўзаро тажриба алмашиш жараёнлари, устоз-шогирд анъаналари асосида соҳадаги янгиликларни амалиётга кенг татбиқ этиб боришга интиляпмиз. Энг қувонарлиси, буни аҳоли орасида бўлганимизда ҳам кўп эшитяпмиз, бугун тиббий хизмат аҳолига жуда яқин бўлди. Бирламчи тизим хизматидан, кўрсатилаётган тиббий ёрдам, дори-дармонлар таъминотидан аҳоли мамнун.
Дарвоқе, устоз этагидан маҳкам тутган киши қайси соҳада бўлмасин, албатта, муваффақиятга эришади. Санобар опа ҳам дастлаб иш бошлаган йилларини сира унутмайди. Шунга ҳам салкам 50 йил тўлибди. Мирзараҳмат Холмирзаев, Олимжон Убайдуллаев, Ҳулкархон Розиқова, Роҳилахон Бойзоқова каби туман тиббиётининг дарғалари сабоғидан баҳраманд бўлди. Астойдил ишлади ва 1996 йилда "Йил ҳамшираси" танловининг республика босқичида 1-ўринни эгаллади. У устозларидан нафақат касб, балки ҳаёт тажрибасини ҳам ўрганди. Бугун ўз тажрибаси ва салоҳияти ила уйғунлаштириб, шогирдларига ўргатиб келяпти.
– Опа энг намунали бош ҳамширалардан бири, ёшларга ҳар жиҳатдан ўрнак. Ўз устида тинимсиз ишлаши, янгиликларни, соҳага доир қонун ҳужжатларини амалиётга кенг татбиқ этишда фаоллиги билан эътибор қозонган. У каби ўз касбига садоқатли фидойи ҳамширалар борлиги учун ҳам тиббиётдаги ислоҳотлар ўзининг кутилган натижасини бермоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова.
Ҳа, ҳамшираларнинг сардори бу сўзларни шунчаки айтмади. Аллақачон нафақа ёшига етган бўлса-да, ҳамон ўша шижоат, завқ ва меҳр билан жамоасига ошиқаётган Санобар опа Қодирова оилада ҳам бахт қасрини ярата олган. Турмуш ўртоғи Мамадали ака билан бир ўғил ва бир қизни вояга етказишди. Қизи Гулчеҳра она изидан борди, ҳозирда туман марказий шифохонаси терапия бўлимида ҳамшира бўлиб ишлаяпти. Ўғли Нодирбек эса тадбиркор. Беш нафар набира Санобар опанинг бахтини янада тўкис этмоқда.
Дарҳақиқат, умрини халқ саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш ишига бахшида қилган инсон, 66 ёшида ҳам ёшлардек ғайрат ва шижоат билан соҳа ривожига улкан ҳисса қўшаётган Санобар Қодировани байрам билан чин дилдан қутлар эканмиз, асло толманг, ўзингиздек кучли, ғайратли, ёниқ ва уйғоқ қалбли тиббиёт ходимларига устозлик қилишдан сира чарчаманг, дея тилак билдирамиз!
Манзура ЭРГАШЕВА.