Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексида оналар ва болаларнинг ғамхўру меҳрибонлари фаолият юритишади. Улар ичида ўттиз йилдан ортиқ хизмат қилаётган, ўз касбининг чинакам усталари – моҳир ҳамширалар ҳам бор. Азизахон Яқуббоева ана шундай фидоийлардан бири ҳисобланади. Опа яқинда қутлуғ 54 ёшини ҳамкасблари даврасида бир олам қувончу фахрларга тўлиб нишонладилар. Пенсия ёшига етганликлари билан бўлим бошлиғи Раънохон Шокирова, неонатолог врач Замирахон Қаюмова ҳамда Розахон Хайрутдинова ва бошқа жамоадошлар қизғин дил сўзлар изҳорлашди. Айниқса, "Опа бизнинг меҳрибон узтозимиз, билмаганларимизни ҳамиша сўраб ўрганганимиз, қимматли маслаҳатлари туфайли ҳам туғруқхонада, ҳам оилада ҳурмат-эътибор қозондик, элга суюкли инсонларга айландик" деган қатор-қатор шогирларининг миннатдорчилигини эшитганларида Азизахон Яқуббоеванинг гўё боши осмонга етди. Булару ёнларидаги касбдошларининг дил сўзлари эди, холос. Кўп йиллик хизматлари давомида қанчадан қанча аёлларнинг нажоткорига, чақалоқларнинг халоскорига айланиб кетдилар. Эҳ-ҳа, қай бирини эсга олсинлар, улар сону саноқсиз бўлса.
Албатта, инсон ёши бир жойга борганида босиб ўтган ҳаёт йўлига қайта-қайта назар ташламасидан иложи йўқ. Наманган тиббиёт билим юртига ўқишга келгани, 1987-1989 йиллари устозлар сабоғини олгач, оқ ҳалатни эгнига кийиб марказий шифохонанинг туғруқхона бўлими ҳамширалигида фаолиятини бошлагани ҳамон эсида. Икки жоннинг омонлигини таъминлашдек ўта масъулиятли, ўта мураккаб юмуш бўлмаса керак. У врачларнинг чаққон ва уқувли ёрдамчиси, дояларнинг ҳамкору ҳамнафаси сифатида кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлашга одатланди. Очиғини айтганда, бу ҳолат унинг ҳаёт тарзига айланди. Ахир бедор тунлар ортида янги меҳмон қувончи, янги меҳмон соғлиги турарди. Ҳам суюниб, ҳам куюниб ишлашнинг ўзгача завқини Азизахон опадек инсонлар ҳамиша қадрлашади. Аслида ҳамширалар ҳам врачлардан кам меҳнат қилишмайди. Қачонки, улар икки жонни туғруқхонадан оиласига соғу омон кузатишсагина, ўзларини енгил ҳис этишади. Олқишлардан диллари яйрайди, чарчоқни унутишади.
У 2007 йилдан бўлим препаратори, кейин скрининг ҳамшираси вазифасини ҳалол ва фаол адо этиб бажариб келди. Скрининг текшируви бу-ҳозирги пайтда соғлом чақалоқларнинг дунёга келтиришда муҳим омил ҳисобланади. Гўдакнинг ҳақиқий ҳолатини она қорнида ўсаётганидаёқ аниқлаш турли кўнгилсиз оқибатларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш имконини беради. Демак, Азизахон Яқуббоеванинг қўлида қайси маҳаллада, кимнинг оиласида кутилаётган меҳмоннинг қандай ривожланаётгани дараги олдиндан маълум бўлиб туради. Чунки, барвақт скрининг текшируви ўтказилади. Сўнгра натижасига қараб, даволаш ва зарур чора-тадбирлар белгиланади. Шу боис унинг ўз ишига жавобгарлиги – жиддий саъй-ҳаракати ҳамиша тиббиёт талабларига мувофиқ. Натижалар эса чакки эмас. Ахир унга 2022 йили "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони бежиз берилмаган. Бунга қадар ҳам намунали хизматлари қатор Фахрий ёрлиқ, Ташаккурнома ва Дипломлар билан сийланган эди.
Биз ҳам ҳорманг, Азизахон Ҳошимжоновна! – деймиз пенсия ёшини ҳамкасблари даврасида нишонлаган чақалоқларнинг аълочи саломатлик посбонига.
Содиқ САЙҲУН.
Суратда: Азизахон Яқуббоева (ўртада) ҳамкасблари билан.