Косонсой шаҳрининг Чорбоғ маҳалласидаги "Саховат" кўчасида мўъжазгина масжид бор. Миллий ва замонавий меъморчилик лойиҳаси асосида барпо этилган ушбу масжид Косонсойнинг биринчи ўзбек шифокори Абдулаҳайхон Раҳмонов номи билан аталади. Ҳаётини, жону танини халқининг саломатлигига бағишлаган инсонга бу эҳтиромнинг боислари бор.
Косонсой тиббиёти тарихида муносиб из қолдирган бу инсон "Чечакчи", "Махсум табиб" номи билан нафақат туман, балки вилоят ва республикада машҳур бўлган. Абдулаҳайхон Раҳмонов 1910 йилда Косонсой туманининг Чорбоғ маҳалласида дунёга келди. Ота-онасидан барвақт етим қолган Абдулаҳайхон акаси Эшонхон, опаси Ойимхон қарамоғида улғайди. У болалигидан зеҳни ўткирлиги, ғайри табиий қобилияти билан бошка тенгқурларидан фарқ қиларди. Кўп китоб ўқирди, крилл, лотин, араб имлосидаги китобларни ҳам шариллатиб ўқир эди. У шифокор бўлишни орзу қилар, шу ниятда ўқиб-ўрганиш ишқи билан яшарди. Ниҳоят, Фарғона тиббиёт билим юртини тамомлади.
1925 йилда Хўжамуҳаммадбой хонадонида очилган илк амбулаторияга маҳаллий фуқаролардан биринчи бўлиб Абдулаҳай Раҳмонов ишга қабул қилинди. У чечакка қарши курашдаги фаоллиги билан ҳамкасблари ҳамда аҳоли ўртасида катта ишонч ва эътибор қозонди. Айни пайтда асосан русийзабон кишилардан иборат шифохона ходимлари билан аҳоли ўртасида таржимонлиги билан жамоа фаолияти самарадорлигига муносиб ҳисса қўшди. Абдулаҳай Раҳмонов ўтган асрнинг 30-йиллари ўрталарида вилоят соғлиқни сақлаш идораси томонидан Самарқанд тиббиёт институтига ўқишга юборилди. Билим юртини имтиёзли диплом билан битирганлиги учун институтга имтиҳонсиз қабул қилинди. 1940 йили институтни аъло баҳоларга битирган Абдулаҳайхон олий даражада билим ва малака олиш учун Ленинград (ҳозирги Санкт-Питербург) ҳарбий тиббиёт академиясига ўқишга йўлланди. Академиянинг 1-бочқичини тугаллаш арафасида фашист босқинчилари собиқ иттифоқ сарҳадларига етиб келиб, Абдулаҳайхон ҳам кичик ҳарбий врач сифатида фронтга йўл олди.
Ленинград мудофаасида ярадорларни даволаш учун туну кун жон олиб – жон берди. Мана шундай таҳликали кунларнинг бирида, тун қороғисида ҳарбий госпитал устига келиб тушган бомба катта талафот келтирди. Фақат Абдулаҳайхон ва яна бир неча киши тирик қолди, лекин уларнинг ҳам аҳволи оғир эди. Улар Москва бош ҳарбий госпиталига етказилди. Устози академик Н.Н.Бурденконинг ўзи уч маротаба операция қилди. Сўнгра Сочи санаториясида уч йил даволанади ва ўз аризасига биноан Тошкентга қайтади.
Иккала оёғи ҳам ишламай қолиши унинг иродасини бука олмади. Абдулаҳайхон Тошкент госпиталида муолажани давом эттириш билан бирга Тошкент халқ хўжалиги институтига сиртдан ўқишга кириб муваффақиятли битириб, Косонсойга етиб келди.
– Тоғам Абдулаҳайхон севимли касбларини давом эттирдилар, – дейди 94 ёшли Раҳматуллохон Қараев. – Мактаб, маҳаллада тез-тез бўлиб, ёшларни илм ва касб-ҳунарга қизиқтиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Жиянлари Юсуфхон ва Дадахонга сабоқ бериб, Наманган тиббиёт билим юртига ўқишга киришига муваффақ бўлди. "Умр ҳаётнинг узунлиги билан ўлчанмайди. Одамларга керак бўлиб яшаш, мана шу йўлда хизмат қилишдан ортиқ бахт йўқ", – дер эдилар.
Энг оғир дамларда ҳам элнинг розилигини топишни муқаддас мақсад деб билган шифокор А.Раҳмонов юртдошлари қалбидан чуқур жой олди. Унинг соғлиқни сақлашга бағишланган ҳаёти ўзбек тиббиёти тарихининг ўчмас саҳифаси бўлиб қолди. Зеро, Косонсой аҳли бу инсоннинг номида маърифий обида барпо қилганлиги ана шу эхтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Муҳаммадхон АКРАМОВ,
Косонсой тумани тарих
музейи мудири.