Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиниканинг оториноларинголог врачи Ботиржон ҳожи ота Садриддинов ана шундай ёшларга ибрат кўрсатиб келаётган ҳавасга муносиб табаррук инсон сифатида элда юксак мартабага эгадир. Шунинг учун у киши ҳақида батафсил ҳикоя қилишга яна жазм этдик.

Яқинда отахон ҳузуримизга хушкайфиятда кириб келдилар. "Бугун жуда хурсандман, – дея гап бошлади Ботиржон ота, – Президентимиз бизнинг соҳамизга тааллуқли махсус қарор қабул қилдилар. Унда зиммамизга кўпдан-кўп вазифалар юклатилган. Агар биз қарор асосида ўз фаолиятимизни янада кучайтирсак, барча эзгу мақсадларга эришамиз. Бунинг учун давлатимиз томонидан зарур шароит ва қулайликларнинг яратилиши қарорда аниқ белгилаб қўйилган. Айниқса, даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш билан бирга тиббий кадрларни тайёрлаш ва илм-фан ютуқларини амалиётга изчил жорий этиш масаласигача катта эътибор қаратилгани айни муддао бўлмоқда".

Меҳнат фахрийси қувончи ўзгачалигининг боиси, у ёшлигидан лор врачи ихтисослиги бў­йича керакли билимларни ўзлаштириб, ҳатто ўз тажрибаларини ва ихтирочилик салоҳиятини амалда намоён этиб, беморлари олдида ҳам, фаолият юритган жамоаларидаги бошқа соҳа мутахассислари ўртасида ҳам юзи ёруғ, обрў-мартабаси баланд бўлишига эришган нуронийдир. Янги қарор ёшларгагина эмас, ўзи тенгқур – етмишдан ошган шифокорларгаям ғоят кўтаринки руҳ, эртанги умидларнинг тезроқ ушалишига қатъий ишонч бағишлаб юборгани бор гап.

Кечагидек эсида, унинг олдига синфдош Исмоилжон ташвишли қиёфада кириб келди.

– Дўстим, ўғлим кечаси билан қулоқ оғриғидан азоб чекиб, инқиллаб чиқди-я, ҳузурингга шошилиб келавердик, нима бўлдийкин? – деди у нажот кутиб.

– Ҳеч қиси йўқ, ҳозир ҳаммаси ортда қолади, кўрамиз, малҳам қўямиз, – деди у одатига кўра боланинг отасини хотиржам торттириб.

Ботиржон дарров бошига рефлекторини тақди. Пешонасидаги ботиқ ойна рўпарадаги нурни йиғиб, синдириб, қулоқ ичини ёрита бошлади. Кўрдики, таш­қаридан кирган нимадир турибди. Қон ҳам сизган. Синчиклаб текширишда давом этар экан, қулоқ пардаси янги тешилганини, қон лаҳтаги ҳосил қилганини аниқлади. Махсус игна ёрдамида илиқ фурацилин билан таш­қи эшитув ва ўрта қулоқ бўшлиғини юваркан, ўзиям таажжубга тушди: у ердан қизғиш қурт чиқди. Бола тинчланди.

– Бу нима? – Исмоилжон ҳам хайрон боқди.

– Ўрта қулоқ бўшлиғидаги қурт, шу чоққача қулоқни жонсиз нарсалардан тозалагандим, сизнинг ўғлингизда эса...

– Қойил, Ботиржон! Яхшиям олдингга вақтида келибман. Кечикканимизда гаранг бўлиб қолармиди?

– Эшитиши бутунлай йўқолмасаям, оғирлашарди, ҳаётнинг гўзаллиги қулоқнинг соғломлигигаям беҳад боғлиқ, бундан буён сира ҳам бепарво қараманглар. Пардаси тузалгунча ёзган дориларимни томчилатиб қуйиб турасизлар.

Яна бир воқеа врачнинг ҳеч ёдидан қўтарилмайди. Ўшанда ҳузурига келган ёшгина аёлнинг ҳолати жуда ташвишга сол­ганди.

– Мунаввархон, кўзларингиз қизариб, қовоғингиз шишиб кетишидан анча дард тортганга ўхшайсиз, – деди у бемор димоғини текширишга киришаркан. – Бошингизда оғриқ бордир.

– Нимасини айтасиз, дўхтир, кеча-кундуз қийналяпман. Яхши нафас ололмаяпман.

Врач бемор пешонасининг қуйи қисмида гилос данагидек бир нима борлигини пайқадию, аёлни чўчитмади. "Ўсимта бўлса жуда ёмон, агар ёт нарса бўлса, зудлик билан олиб ташлаш зарур" деган фикр хаёлидан ўтди. Димоғидан анқиётган бадбўй хид иккинчи тахминига ишончини орттирди.

– Озгина чидаб турсангиз бас, кўзингизга асорат бораётган "душман"ни яширинган жойи­дан олиб ташлаймиз.

Врач жарроҳлик асбобини қўлига тутганча чаққон ишга киришиб кетди. Бурун бўшлиғи бўйлаб асбобини аста юқорилатди. Янглишмабди, ўйлаганидек данак атрофи туз билан қопланиб, тошга айланиб кетган экан. Ҳатто йиринг, марда тўплабди. У димоқ тепасини ёт нарсадан халос этгач, ўрнини тозалаб ҳам қўйди.

– Сизга катта раҳмат, дўхтир! – деди гўё ўзини дунёга қайта келгандек ҳис қилган Мунаввархон. – Қаттиқ азобдан осонгина қутултирдингиз-а.

– Энди эҳтиёткор бўлинг, хўпми? Ахир ҳар биримиз соғлиғимизни сақлашимиз ўзимизга боғлиқ эканини асло унутмаслигимиз лозим.

Юқоридаги лавҳа лор врачи Ботиржон Садриддиновнинг фаолияти давомида учраган ўнлаб ҳолатлардан иккитаси, холос. Аслида у салкам эллик йилдан буён халққа беминнат хизматда. Ҳамиша беморларнинг олқишларини эшитишдан завқлангани завқланган. Бундай завқларга эса осонликча мушарраф бўлмаётганини юқоридаги мисоллардан ҳам англаб етган бўлсангиз ажаб эмас.

У умр бўйи падари бузруквори Садриддин Ниёзовдан ҳадсиз фахрланади. Ахир отаси тракторчи бўлишига қарамай ўғлига ўз вақтида рағбат бериб, орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаган эди-да. Мактабни битирган чоғида:

– Ким бўлмоқчисиз, ўғлим? – деб умидли нигоҳ билан боқиб сўраганлари кечагидек эсидан чиқмайди. Ўша чоғда у ҳам одоб билан:

– Ким бўлишимни истайсиз, ота? – дея саволга савол билан оғиз очган эди.

– Тайибликка ўқинг, тайибликка, бундан савобли юмуш қайда бор, – дея Садриддин ота ўғлига мамнун кайфиятда уқтирганди Ботиржонга катта умид боғлаб.

Ота орзуси – фарзанд орзусига айланди. У 1968-1974 йилларда Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олди. Дастлаб Уйчи туман марказий шифохонасида интернатурани ўтади. Сўнг етти йил Наманган тиббиёт билим юртида ёшларга таълим берди. 1982 йилдан эса Наманган шаҳар, кейинроқ вилоят шифохоналарида даволаш фаолиятини давом эттирди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида, вилоят тиббиёт диагностика марказида, шаҳар поликлиникасида болаларни даволади.

Эндиликда 10-оилавий поликлиниканинг ёши энг улуғ мутахассиси. Шунга яраша тажрибасиям бой, малака-маҳоратиям юқори. Энг эътиборлиси, у киши ҳамиша ўқийди, ўрганади, изланади. Булар ҳам етмагандай яна ёзади, ҳатто ихтирога ҳам қўл уради, ҳамкасбларигаям нафи тегса, шундан кўнг­лида бир олам қувонч туяди.

Унинг билим ва тажрибасидан хориждаги тиббиётчиларгача баҳраманд эканликларини яхши биламиз. Украинада чиқадиган "Ушных, носовых и горловых болезни" журналида "Ўрта қулоқ бўшлиғида турли ёт жисм", Россиянинг "Вестник оториноларингологии" тўпламида "Бурунда тош ҳосил бўлиши ва унинг асоратлари" мақолалари ёритилган. Буни бугунги ёш врачлар учун ибратга арзигулик ижодкорлик, десак асло муболаға эмас.

Ҳамиша замон билан ҳамнафас, ҳамқадам Ботиржон ота аллақачон ихтирочилар сафига қўшилган. 2015 йили Тошкент врачлар малакасини ошириш инс­титутига ўқишга борганида қимматли рационализаторлик таклифи билан ҳамкасбларида ҳайрату ҳавас уйғотган. Чунки, 00016-номерли гувоҳномани қўлга киритди. Фахрли ва қимматли ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг ихтирочилар ва рационализаторлар жамияти Кенгашининг қарорига мувофиқ берилди. Уни институт ректори, профессор Д.Собиров ҳамкасб­лари ўртасида тантанали равишда топширди.

Ихтирочи врачнинг кичкина яратиғи ҳозирда соҳа ривожига катта наф бераётир. Унинг ўзи ясаган асбоби нусхалари кўпайтирилган бўлиб, лор врачларига енгиллик туғдираётгани ҳаётий ҳақиқатдир. Яъни ҳиқилдоққа дори қўйиш учун бир марталик шприц-игна учига туташтириладиган эгма мослама беморларни даволашда беҳад қулайлик туғдирмоқда.

Отахоннинг шахсий бисотидаги қатор-қатор Дипломлару Фахрий ёрлиқларни кўриб, бу инсон мактабда, институтда сабоқ олаётган пайтда ҳам, меҳнат фаолияти давомида ҳам доимо пешқадам бўлиб келаётганликларига иқрорлигимиз янада ортди. Мана, энг сўнггиси, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси Ф.Ханапияев имзолаган тақдирнома: "Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси 10-оилавий поликлиникаси оториноларинголог врачи Ботиржон Садриддинов!

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ва унинг Кенгаши Сизнинг халқимиз соғлиғини сақлаш йўлидаги кўп йиллик беминнат хизматларингизни юксак қадрлайди.

Сизнинг эл-юрт тинчлиги, Ватан равнақи, аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида амалга оширган ишларингиз таҳсинга лойиқлигини эътироф этамиз ва ўзимизнинг самимий миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз...".

– Мен истиқлолли Янги Ўзбекистонимизнинг бахтиёр кексалариданман, – дейди юзларида табассум балқиб ҳожи ота.– Тинчу осуда ҳаётимизга ҳеч вақт кўз тегмасин! Президентимизнинг тиббиётга юксак эътиборлари, халққа кўрсатаётган ғамхўрликларига жавобан янада астойдил ишлайверамиз. Ёшларни ортимиздан эргаштириб, истиқлол ислоҳотлари муваффақиятини таъминлашга муносиб ҳиссамизни қўшаверамиз!

Меҳнат фахрийси умр йўлдоши Саодатхон оя билан 2 ўғилу 3 қизни вояга етказиб, эл хизматига йўллашган. Ўндан ортиқ невара ва эваранинг бобоси ва бувисига айланишган. Ботиржон дўхтирнинг тилларидан "Шукур, шукур, минг бора шукур" деган калима ҳеч вақт аримайди.

Содиқ САЙҲУН.