Халқ хизматига икки томонлама камарбасталикнинг уддасидан чиққан ва айни маҳалгача ижод оламида завқу шавқ билан қалам тебратаётган табаррук инсон-Малҳамий таҳаллусига мос равишда дилга малҳам шеъру ғазаллар битишдан ҳам асло тўхтаганлари йўқ.
Ижодкорлик аслида болалик орзуси эди-ю, нажоткорлик эзгу истакли инсоннинг касби-корига айлангани бизнингча, ҳаётнинг, тақдирнинг Умархон Аҳмаджоновга эгиз-қўшалоқ туҳфаси бўлди. Ҳар иккисига содиқлигу садоқат билан яшаётгани учун ўзидан халқига анчагина манзур асарлар қолдирмоқда. Умр бўйи изланиб, "Зебосан", "Дилдасиз", "Қалбимга қулоқ сол", "Бормисан, муҳаббат!", "Ўғлимга насиҳат", "Боғ сайли" тўпламларини, "Ота сабоғи" сайланмасини муҳлисларига ҳавола этиш толе насиб айлади.
Яна бир фахрли жиҳати Ўзбекистоннинг машҳур шоири Муҳаммад Юсуф мустақилликнинг илк йилларида Умархон Аҳмаджоновга ижод майдонига оқ фотиҳа берганди. "Зебосан" китобига сўз боши ёзганди : " У Она диёр, ишқ-муҳаббат ҳақида бажонидил қалам тебратаётир. Софлик, меҳр-оқибат, самимийликни ўзига хос услубда куйлайди. Шоир ҳар бир китобхоннинг калбига кириб боришга ҳаракат қилади ва бунга эришган ҳам".
Таниқли қўшиқчи-шоир Барот Исроилнинг эътирофлари эса янада мароқли: "Шоир турфа гуллар макони бўлмиш Наманган фарзанди бўлгани учунми, унинг шеърларини ўқиганингизда гулбаҳорнинг атир гуллари бўйи димоғингизга келганини ҳис этасиз".
Боғларни майсага тўлдириб, тўлиб,
Яшил неъматлардан тузиб дастурхон.
Сахий қучоғини очганча кулиб,
Баҳорни кутади ҳур Ўзбекистон.
Малҳамий бармоқда камроғу, арузда кўпроқ қалам тебратади. Шундан унинг бир талай ғазаллари қанотли-куй басталанган, қўшиқларга айланган. "Ўтар", "Билгаймусан", "Меҳрим ўзинг", "Отажон", "Дўстларим", "Иқболи бўлсин" неча йилларки республика радиоси орқали янграгани янграган.
Етмиш беш ёшлик айёмида кўнглини эзгу тилак, қўлини қутли қалам тарк этмаган нажоткор ва ижодкор инсон Умархон Аҳмаджонов-Малҳамий мустақилликнинг шарофатбахшлигига мингдан-минг шукроналар айтадилар. Айниқса, ҳар ишга қодир қўлларга қасидалар битадилар:
Шу қўллар бошимиз силаган, суяб қолган йиқилсак,
Шу қўллар яхшилик тилаган, овунтирган сиқилсак.
Тирикмиз мангуга тутайлик бизга сабоқ қўлларни,
Шу қўллар бўлмаса, одамлар, ҳаёт ғамга тўларди,
Меҳварини ғажиб бу ғамлар, куррамиз ҳам қуларди.
Шу қўллар бўлмаса, одамлар!..
Содиқ САЙҲУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.