Вилоятимизда журналистиканинг қаттиқ нонини еб, қадр топаётган ҳамкасбларимиз кўп. Улардан бири – икки дарё оралиғида жойлашган Норин туманида таваллуд топиб, шу ерда умргузаронлик қилиб, ўз ижоди билан бутун мамлакатга бўйлаётган, кўплаб шогирдларнинг устози Равшан ака Мирзаолимов бўлади.
Наманганнинг чекка бир мактабида ўқиб, журналист бўлишдек оғир ва шарафли касбни танлаган қишлоқ боласи ҳали олдинда уни минг бир машаққатли синовлар кутиб турганини қалбдан хис қилмагандир. Аммо ўзида туман аҳли севиб, ҳурмат кўрсатадиган фидойи муаллимлар, ота-онаси Қоражон ота ва Каримахон аялардан (Охиратлари обод бўлсин) олган тарбияси ҳар қандай ҳаётий қийинчиликларни енгишга қодир метин иродани ҳам мерос қилиб олган эди.
Ана шундай мақсад, орзу, режа уни пойтахтга чорлади. 1982 йил Тошкент Давлат университетининг (Ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлади. Кейин икки йил мобайнида Украинада ҳарбий хизматда бўлди. Халқаро миқёсдаги ўқув машқида унинг взводи энг юқори кўрсаткич қайд қилди. Жанговар кўриқда муддатидан олдин катта лейтенант унвони топширилди.
Ҳарбий хизматда ҳам, амалиёт ўтаган "Қишлоқ ҳаёти" газетасида ҳам уни ишга қолишга таклиф этишди. Аммо Равшан ака Намангандан, Нориндан воз кечолмади. Ота-онаси бағрига қайтиб, туман газетаси, вилоят телевидениесида мусаҳҳиҳликдан катта муҳаррир даражасидаги ўринларда ишлаб, соҳада кўзи пишди. 1997 йил Норин туман ҳокимлиги нашри "Норин овози" газетаси муҳаррирлигига муносиб кўрилди.
Янги раҳбар келгач, ходимларнинг, ҳатто туман ҳокимлиги, газетхонларнинг ҳам газетага муносабати тубдан ўзгарди. Республикада биринчилардан бўлиб А-3 форматда, саккиз саҳифада чоп этилиши йўлга қўйилди. Кўплаб янги рукнлар ташкилланди. Мавзулар доираси кенгайди. Мақолаларнинг "тиш-тирноғи" ўткирлашди. Ижодий изланишлар зое кетмади. Равшан Мирзаолимов Тошкент шаҳридаги "Туркистон" саройида ўтказилган "Йилнинг энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси" танловининг ғолиби бўлди.
Ўн беш йил давомида "Мен – газета муҳарририман" – дея чекланмади. Вилоят телевидениесининг тумандаги мухбири ва тасвирчиси, газета сураткаши, туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлари бўйича масъул котиби, хўжаликларга боғланган вакил сифатида фидойилик намунасини кўрсатди. Ўша пайтдаги туман рахбари Ўктамжон Эргашев билан бамаслаҳат 1890 йилларда қурилган, қаровсиз қолган тарихий обидани қайта таъмирланишига, пойтахт Тошкентдаги "Шаҳидлар хотираси" музейидан андоза олган ҳолда туман тарихи музейини барпо этилишига катта ҳиссасини қўшди.
Халқимизда "Яхшидан боғ қолади" нақли бежиз айтилмаган. Норинда Равшан Мирзаолимовдан эътирофга сазовор ташаббус, амалга оширилган ишлар қолмоқда. У журналист ва маънавият ва маърифат фидойиси сифатида қаламга олган "Қабристон – яйлов эмас", "Биздан обод Ватан қолсин", "Ҳаққулобод катта ариғи ҳашарга муҳтож", "Томорқа ёки ернинг уволи тутмасин" каби кўплаб мавзулардаги танқидий мақола ва чиқишларидан сўнг маҳалла, гузар, хонадон, қабристон ободончилигига катта эътибор қаратилди. Томорқадан самарали фойдаланиш бўйича ўн беш минг нусхада "Излаганга имкон кўп "номли тавсиявий китоб чоп этилиб, хонадонларга тарқатилди. Юқоридаги масалаларда вилоят, республика миқёсида кўплаб семинарлар ташкил этилди.
Қаҳрамонимиз ана шундай меҳнатсеварлиги, инсоний фазилатлари билан ҳурмат-эътибор, дўсту қадрдон орттирди. Юрт раҳбарларининг назарига тушди. 2012 йил 7 декабрда Оқ саройда "Эл-юрт ҳурмати" орденини кўксига тақиш бахтига муяссар бўлди.
Шундан сўнг бир неча йил вилоят матбуот бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлади. Айни пайтда республика нашри – "Қишлоқ ҳаёти" газетасининг вилоятдаги мухбири, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қўмитасининг вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари вазифаларида ғайрат-шижоат билан меҳнат қилиб келмоқда.
Яқинда "Ўзбекистон" телеканали орқали журналист Равшанбек Мирзаолимовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида таниқли журналист Саодат Ўрмонованинг кўрсатуви намойиш этилди. Унда устознинг ҳали биз билмаган ижод қирралари, турмуш тарзи, деҳқончилик йўналишидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида чиройли ҳикоя қилинди. Ҳавас қилдик. Кўз тегмасин, дедик.
Тиниб-тинчимас журналист Равшан ака биргина мухбирлик ёки ижтимоий фаоллик билан тўхтаб қолмаган. У – яхшигина шоир. Қатор шеърий тўпламлар муаллифи. Айни дамда қўшиқчилик санъатини ривожлантириш йўлида театр аҳли билан ҳамкорликни кучайтирган. Шу кунгача кўпчиликка сир бўлиб келган вилоят телевидениесининг илк чорлов (позивной) қўшиғининг муаллифи бўлган Равшан ака янги асарлар яратишда самарали ижод қилаётир. Унинг "Баркамол авлод мадҳи", "Наманган","Наманганнинг боғида Наврўз", "Кексаларни эъзозлаб яшанг","Камолиддин Раҳимов хотирасига", "Даврангизга чорланг бизларни", "Косонсой", "Норин мадҳи", "Гуллар тутар Наманган", "Ўзбек, қирғиз – дўст бир жаҳоним", "Матбуот ходимларисиз" каби йигирмадан кўпроқ қўшиқлари мухлислари мулкига айланган. Жарангдор, юқори пафосдаги сатрлари сизга ҳам манзур бўлиб улгурган бўлса ажабмас.
Устоз журналист Равшан ака Мирзаолимов ўзи туғилиб ўсган қишлоғини, Наманганни жонидан ортиқ яхши кўради. Унинг ҳар бир қарич ерини боғу бўстонга бурканишини ният қилади. Шунданми, томорқасини ораласангиз – кўз қувнайди. Бўш вақтини асалари, қўй парвариши билан ўтказишни хуш кўради. Қўш қанотли дарвоза олдига экилган марварид тутга аллақачон маҳалла болакайлари "Равшан бобонинг тути" дея ном қўйиб олишгани бежиз эмас. Тўғриси, ҳар баҳор тут пишиғида унинг ҳовли саҳни маҳалла болалари билан гавжум бўлади. Жажжиларнинг мухбир бобоси уйдан этак олиб чиқиб, тут тагига тўшайди. Тутни қоқиб, кичкинтойларни меҳмон қилади. Бу манзаранинг гаштини эса четдан кузатиб, роҳатланади. Завқ-шавққа тўлиб, илҳомланади. Шу кўйи ижодхонага кириб, қўлига қалам олади. Чунки, уни ҳурматлаб, қадрини юксакларга кўтараётган халқи, ватани олдида ҳали қиладиган ишлари, ёзадиган мақолалари кўп. Худди пишиб ерга тўкилаётган, асалдек таъмли марварид тут доналаридек.
Рислиқхон МАЖНУНОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.