Жомашўй шаҳарчасидаги Қўриқобод маҳалласида "Шифокор" деб номланган кўча бор. Бу бежиз эмас. Азалдан кўплаб тиббиёт ходимлари истиқомат қилиб келишади кўчадаги хонадонларда.
Абдуқаҳҳор Турдиевлар оиласи ана шулардан бири. 2-вилоят сил касалликлари диспансерида кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, ҳурмат-эътибор билан пенсияга кузатилган. Турмуш ўртоғи Лолахон ҳам фидойи ҳамшира сифатида юксак обрў-эътибор қозонган. Ўғиллари Тоҳиржон, Ботиржонлар бугунги кунда тиббиёт тизимида сидқидилдан хизмат қилиб туришибди.
Иномжон Усмонов, Исмоилжон Йўлдошевлар ҳам умрларини одамлар соғлигини сақлашдек шарафли ва масъулиятли ишга бахш этган докторлардир. Маҳалланинг ардоқдаги нуронийларидан ҳисобланади.
Таҳририятимизга ўша кўчада яшовчи тиббиёт фахрийси Исмоилжон Йўлдошев бир олам хурсандчилик билан кириб келди. Мамнунлигини яширолмади:
- Туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи раҳбарлигида бир гуруҳ ҳамкасбларимиз уйимизга ташриф буюришиб, ҳол-аҳвол сўрашди, байрам билан табриклашди. Эр-хотин, бола-чақалар бошимиз кўкка етгудек қувондик.
Докторнинг айтишича, турмуш ўртоғи Муҳаббат Йўлдошева билан бирга соғлиқни сақлаш соҳасида пенсияга чиққунча ишлашган. "Кексаларни эъзозлаш йили"даги сингари беқиёс эҳтиром кўрсатилмаганди ҳозиргача. Уйингга "Доктор, саломатмисиз, аҳволларингиз қалай?" деб врачлар кириб келса, ўзингни йўқотиб қўяркансан одам. Алламаҳалгача уйқумиз келмади қувончдан.
Ҳа, йил моҳиятидан келиб чиққан ҳолда туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси билан ҳамкорликда тузган дастурга мувофиқ қатор савобли тадбирларни амалга оширяптики, бундан нафақат нуронийлар, қолаверса, уларнинг шогирдлари, яқинлари ҳам мамнунлар.
Муқаддам фахрийларни байрам тадбирларигагина таклиф этиларди. Энди-чи? Касаба уюшма раиси Фарҳод Аҳмедовнинг таъкидлашича, тиббиёт фахрийларининггина эмас, бошқа ходимларнинг ҳам тақдирларига бефарқ қарашмаяпти. Байрамлар, расмий саналар муносабати билан ўтказилаётган маънавий-маърифий, оммавий тадбирлар кўлами кенгайди. Тўкин дастурхон атрофида дийдорлашувга, дилдан суҳбатлашишмоққа, ўйнаб-кулганга не етсин.
Туман тиббиёт тизими ташкилланиши ва ривожланишида Ривожиддин Мадаминовнинг хизматлари ҳамиша эътироф этиб келинган. Ҳатто машҳур «Шаҳанд» санаторийси қурилишига ҳам шу киши асос солган, неча йиллар унга раҳбарлик қилган. Қанд касаллиги панд берди унга. Ногиронлар аравачасида юряпти энди. Лекин шундай бўлса-да, ҳамкасбларининг қувончу ташвишларига ҳамиша шерик. Аравачасида бўлсаям иссиқ-совуқ маросимларда қатнашади. Турмуш ўртоғи Фаридахон ая ҳамшира эмасми, ҳамиша унинг соғлиги ҳақида қайғуради.
Шахматга иштиёқмандлиги боис отани сўраб келувчилар кўп. Ая уларнинг эмин-эркин шахмат ўйнашлари учун шароит яратиб қўйган. Шахматчиларнинг чой-пойларидан хабар олиб туриш унинг чекида. Муҳими - отанинг кўнгли чоғ бўлса, меҳмонлар хушнуд қайтишса бас.
- Докторларга раҳмат, - дейди ўғли Фахриддин тилларидан бол томганича. - Қаранг, бир гуруҳ бўлиб келишиб, дадам ва ойимнинг ҳолларидан хабар олиб кетишди. Икковлари уларни алқашди, Президентимиз ҳаққига дуолар қилишди. Умрларига яна аллақанча умр қўшилди-ёв!
Бундай илиқ фикрларни кўпчиликдан эшитдик. Уйда ётиб қолган 5 нафар тиббиёт ходими бор экан. Улар доимий назоратга олинган. Ташхисга кўра, соҳа врачлари бириктириб қўйилган. 3 нафар техник ходимнинг моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳомийлик ёрдам кўрсатишга киришилди. 70 нафар меҳнат фахрийсини эса ёшларнинг жонкуяр устозлари сифатида вақти-вақти билан шифохонага таклиф этилиб, учрашувлар ташкилланяпти, бир пиёла чой устида мулоқотлар ўтказиляпти. Бу, энг аввало, уларни жамоат ҳаётига жалб этиш, кунлари завқли ўтишларини таъминлашга, туман тиббиёт тизимидаги ўзгаришлардан, шогирдларининг ютуқларидан баҳра олишга хизмат қилмоқда. Қолаверса, бой ҳаётий тажрибаларидан ёш мутахассислар баҳраманд бўлишяпти.
Туман "Саломатлик" маркази директори Оминахон Эргашева билан мазкур мавзуда мулоқотда бўлдик. Қилинаётган ишлар ҳақида мароқ билан сўзлаб берди. Айтишича, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Йўлчибой Юлдашев муваффақиятлар омилини инсон омилига алоҳида эътибор қаратишда, деб ҳисобларкан. Фахрийларни эъзозлаш, ходимларни меҳнатига қараб рағбатлантириб бориш, ишловчиларнинг моддий-маънавий турмушини ҳисобга олиш, қулай иш ва дам олиш шароитларини яратиш доимий диққат марказда бўлмоғи зарур. Ким бўлишидан, қайси вазифада ишлашидан қатъий назар, ғамхўрлик ва назоратимиздан четда қолмаслиги керак.
Қосимжон АКБАРОВ,
Мингбулоқ тумани ҳокимлигининг "Мингбулоқ" газетаси муҳаррири.