Ички касалликлар бўлими мудири Камол Содиқовнинг ишончини қозониш осон кечмади, албатта. Устоздаги ибратли жиҳатларни ўзлаштиришга астойдил интилди. Энг аввало, ишга эрта келиб, ишдан кеч қайтишга, палатада ётган ҳаста холга тўғри ташхис белгилашга, бунинг учун уни сабр-тоқат билан эринмай тинглашга, таҳлилларни солиштириб, аниқ хулоса чиқаришга, ҳар бир муолажанинг самарасини синчиклаб кузатишга, "Касаллик варақа"ларига ўзгаришларнинг ипидан-игнасигача қайд этиб боришга, зарур пайтда оғир беморнинг ёнида тунни бедор ўтказишни малол олмасликка одатланди. Худди ўзига ўхшаётганидан қувонган устознинг эса шогирдига рағбати ёғилаверди.
- Яхши терапевтлигингизга гап йўқ, ука-деди Камол Бурҳонович орадан бир йил ўтгач. - Катталар ичида юрак касаллиги кўпайиб бораётганини кўриб турибсиз. Энди кардиологлик мутахассислигиниям эгалласангиз янаям керакли кадрлар сафига қўшиласиз. Агар истасангиз малака оширишга юборардик.
- Майли, - деди у устозининг жўяли таклифига розилик билдириб.
- Яшанг, бу эртани кўриб қилинган ҳаракат эканлигини кейин биласиз, ўшанда роса хурсанд бўлсангиз ажаб эмас!..
Ҳусан Ҳожиевич Тошкентга жўнади, таниқли кардиологларнинг маърузаларини тинглади, амалиётда ёнма-ён қатнашиб, малакасини мукаммаллаб Наманганга қайтди. Ана энди унинг хизматига эҳтиёжмандлар янада кўпайди. Терапевт-кардиолог сифатида устознинг муносиб шогирди мақомига эришди. Камол Бурҳоновичнинг башорати тўғри чиқди. 1978 йил Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Наманган вилоятида партия ва совет фаолларига хизмат кўрсатувчи янги шифохона очилди. Унинг бош врачи Маҳмуджон Қўчқоров ўзига ўринбосарни кардиолог-врачлар ичидан танлаши лозим бўлиб қолди. Ниҳоят бир неча мутахассислар орасидан Ҳусан Ҳожиевич номзодини маъқул топди.
- Раҳмат, устоз, - деди у янги вазифага кетишга чоғланаётган пайтда Камол Бурҳоновичга мамнун кайфиятда. - Сиз айтган вақт келди, чамаси.
- Ҳа, балли катталарнинг айтганини қилган ёшлар ҳеч қачон кам бўлишмайди. Янги шифохонада асосан раҳбарлар-у, фаоллар даволанишади. Масъулиятли лавозимдагиларнинг аксарияти юрак хасталигидан озорланишади. Омадингизни берсин, Ҳусан Ҳожиевич!-деди устози жилмайиб.
- Ука деяверинг, ҳижолат чектирмай, - ўзини ноқулай сезди Мубораков.
- Бош врачнинг ўринбосарига расмият юзасидан шундай мурожаат этишади. Ҳали кўникиб ҳам кетасиз, бундай муомалага
- Барибир сиз учун "укалигимча" қоламан, устоз!
- Отангизга раҳмат, қанийди ҳамма шогирдларим ҳам сиздақа меҳр-оқибатли чиқишса...
Бош врач Маҳмуджон Қўчқоров туғма ташаббускор ва ташкилотчи инсонакан. У Тўрақўрғонда тиббиёт бирлашмаси раҳбарлигидан ҳам бу ёққа шу боис ўтказилгани айни ҳақиқат эди. Ҳусанбой ажойиб бош врачнинг ўринбосари бўлиб борганини дарров пайқади. Бу орада иккинчи устозга ўхшашликни дилига тугди.
Эрта кўклам пайти муассасага турли-туман дарахт ва гул кўчатлари келтирилди. Қайсиларини қаерга ўтқазиш режалаштирилгач, бош врач ҳашарга чиққан ходимлар орасида юриб, ишга аниқлик киритиб борарди.
- Хў-ў, Ҳусанбой, қани белкуракни олиб ерни қазинг, мен кўчат ушлаб турай, биргаликда экайлик! - деди Маҳмуджон Қўчқоров уни ёнига чорлаб.
Нарироқда юмушларни эга-эгасига тақсимлаб, куйманиб турган ўринбосарнинг чеҳраси беҳад ёришди. Худди қадрдон дўстдек яқин олиб, айтилган таклиф ғоят самимий эди-да.
- Ҳозир бизлар дарахту гулларни экамиз, келгусида, аниқроғи биздан кейин ишлайдиган одамлар "Фалончилар раҳбарлиги даврида ўтқазилиб, кўкартирилган" дея эслаб гапириб юришади. Уқдингизми?! - деди бош врач мамнун қиёфада.
Бугун орадан ўттиз олти йил ўтибди. Ингичка, паст бўйли ниҳоллар бош врач орзулаганидай кўкни тутган, бўйдор, йўғон дарахтларга айланган. Аввалги йили бу ерга вилоят кардиология марказининг бўлими жойлаштирилди. Хушҳаво масканда соя-салқинларда шифокорлару беморлар ўтириб кўнгиллари ғоят яйрайди. Кўм-кўк манзара кишини беихтиёр мафтун этади.
- Беморларни даволашда Камол Содиқовдан, турли тадбирларни ташкиллашда эса Маҳмуджон Қўчқоровдан кўп нарсаларни ўрганганман. Бунинг учун ҳар икки устознинг руҳлари олдида таъзимдаман. Толеим бор экан, ҳаётда шундай яхши инсонлар билан ёнма-ён ишлаш насиб этди, - дейди Ҳусан Ҳожиевич кўнглида шукроналик жўш уриб.
Шукроналикнинг сабаби у яхшиларга ёндошди. Элу юртга сидқидил хизмат қилиш мактабини ёшлигиданоқ ўтагани учун кейинчалик қаерга ишга юборилса, ўша жойда инсонларни даволаш қанчалик муҳим бўлса, инсонларга қулай дам олиш шароитларини яратиш билан, бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштиришга эътибори баландлиги билан ўша жойни кишиларнинг ҳамиша баҳри дилини очадиган гўшага айлантириш иқтидорини тўла намоён қила олди-да. Буни навбатдаги ҳикоямизга мавзу қилганмиз.
Содиқ САЙҲУН.