ёхуд хизмати манзур, ҳурмати баланд инсонлар

Ҳаётга теранроқ нигоҳ ташласак, исмларда ҳам хосият борга ўхшайди. Асли азалдан фарзандга ном танлашда ота-онанинг орзу истаклари, эзгу ниятлари устуворлик қилади. Янгиқўрғонлик Дўлди маҳалласидаги Устабой бобо ўғил кўрганида Аллоҳга шукронасини изҳорлаб, Худойберди исмини бежиз танламагани аниқ. Фарзанди номини ҳар гал тилида зикр этганида кўнглига ўзгача мунавварлик югурарди гўё. "Ҳе-е, энаси, Худо ўзи берганини яна ўзи сийлайверади, ҳали кўрасан толеи шунақанги баланд бўладики, ҳамма ҳавас қилади" дерди турмушдошини янада қувонтириб. Ўшанда фаришталар "омийн" деганакан: Худойберди улғайди, фарзандлар кўрди, ҳисобчиликда обрў-эътибор қозонди. Устабой бобо ва кампири билан набираларининг бошларини силашиб, яхши тилаклар билан дуо қилишиб, оламдан беармон кўз юмишди.

Худойберди отанинг ўғилларидан Ҳабибулло (Аллоҳнинг дўс­ти) исми жисмига мос бўлиб камолга етди. Иймон-эътиқодли, ҳаммага ҳамиша яхшиликни раво кўрадиган йигит тенгқурлари ўртасида ўзига хос хушфеъллиги, пок виждони, тоза қалби билан алоҳида ажралиб турар эди. Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан уч йил ўтиб, яъни 1948 йилда дунё­га келган бола турмуш оғирчиликларини кўп кўрганиданми, каттаю кичикка жуда меҳрли бўлиб улғайди. Шу хислати туфайли шифокорлик касбкорини ёқтирди. Орзуси ушалиши учун пухта билим зарурлигини мактабда ўқиб юрганидаёқ чуқур анг­лаб етди. 1966-1973 йилларда Андижон давлат тиббиёт инс­титутининг даволаш факультетида таҳсил олди. Сўнгра "Шарқ юлдузи" қишлоқ шифохонасида меҳнат фаолиятини бошлади. Ҳам­қишлоқлари саломатлигини сақлаш учун астойдил курашди. Муомаласи мулойим, катта-кичикка бирдай дардкашликни ўзи учун муқаддас бурч деб билувчи йигит салкам йигирма йил шу ерда беморларни даволади. Халқ саломатлигини сақлаш учун кечани кеча, кундузни кундуз демай қайғурди, елиб-югурди. Миннатдор одамларнинг дилидан тилига чиққан олқишларидан яйради, чарчоқ нелигини сезмади ҳатто. Бу олқишлар гўё унинг ўсиб-улғайишига қаноат бағишлади. Оддий врачликдан бўлим мудирлигига, бўлим мудирлигидан бош врачликка муносиб топилди. Энди у фақат ўз ишигагина эмас, жамоаси фаолиятига ҳам масъулликни қалбдан ҳис этди, ташаббускорлик ва ташкилотчилик салоҳиятини амалда кўрсатишга мушарраф бўлди. Шунданми уддабурон йигитга тизим раҳбарияти томонидан юксак ишонч билдирилди.

Ҳабибулло Устабоев 1991 йили вилоят сув хўжалиги бошқармасининг тиббий-санитария қисмига бош врачликка тайинланди. Бу шифо масканини у росса тўққиз йил бошқарди. Тармоқ ходимларининг саломатлигини тиклаш муассасаси вилоятдаги энг намунали шифохоналардан бири даражасига етказилди, десак ҳам асло муболаға эмас. Чунки Ҳабибулло ака учун жамоа аҳиллигини таъминлаш жуда муҳим бўлган экан. Унинг хонадондаги шахсий архивида сақланаётган ҳужжатлар ичида ходимларнинг бош врач номига ёзган хатлари шундан далолат бериб турибди. Бир-биридан норози бўлиб битилган шикоят хатларининг юқори қисмида "Ҳар икки томон муросага келтирилди. Камчиликлар тугатилди" қайдномаларни учратдик. Демак, Ҳабибулло Худойбердиевич нақадар самимий инсон экан. Тарафкашликка йўл қўймай, адолат шайнини тўғри тутиб, ҳар қандай муаммони ўз вақтида, тинч бартараф қилиш лаёқатига эга раҳбарлардан бири сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлди. Бунинг учун ўзи ҳалол, сўзи бутун, саъй-ҳаракати ҳаммага маъқулу манзурлик мақомига етиши керакк-ку. У уддабуронликнинг чинакам ҳадисини олгани шубҳасиз. Ахир Устазодалар авлодидан-ку! Устабой бобонинг набираси-ку!

Ҳабибулло ака 1999 йилдан вилоят "Саломатлик" маркази бош врачи вазифасига ўтказилгач, Пироговнинг "Тиббиётнинг келажаги – профилактикадир" деган уқтиргисига монанд иш юритди. Ўзининг бор билим ва қобилиятини Наманган шаҳри ҳамда барча туман тиббиёт бирлашмаларида касалликларнинг олдини олишга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот тадбирларининг таъсирчанлигини таъминлашга сарфлади. Бошқача айтганда, унинг ходимлари аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш билан жиддий шуғулланишди. Ҳам кўргазмали воситалардан, ҳам маърузалардан самарали фойдаланишди. Матбуот саҳифаларида, радио-телевидение эшиттириш ва кўрсатувларида марказ врачларининг изчил чиқишлари режали ташкилланди. Ўз навбатида у илғорларни рағбатлантириш орқали врачларнинг тарғибот соҳасига эътиборини тобора кучайтиришга эришиб борди.

Афсуски, шундай ажойиб инсоннинг умри қисқа экан. У 2001 йили 54 ёшида оғир хасталик туфайли орамиздан кетди. Лекин ўзини таниганлар, даволанганлар ҳамда яқинлари қалбида ўчмас хотиралар қолдиришга улгура олди.

– Ҳабибулло ака ажойиб инсон эдилар, – дейди таниқли шифокор, меҳнат фахрийси Муҳаммадюсуф Раҳмонов. – Фақат беморларни даволашдагина эмас, раҳбарлигидаги жамоаларида ҳам барчанинг эл соғлиги учун астойдил қайғуриш масъулиятини оширишнинг ўзига хос усулларини қўллаш борасидаям кўпчиликка ибрат кўрсатардилар. Умр йўлдошлари Раҳимахон Аҳаджонова эса вилоятимиз стоматологлари ичида ҳалол хизматлари билан катта обрў-эътибор қозондилар. Бугун шундай ота-онанинг изларидан бораётган фарзандлари Устабоевлар сулоласи шаънини ҳамиша юқори кўтариб туришибди. Улар ҳар қанча ҳавас қилишга арзигулик шифокорлардан ҳисобланишади.

Ҳабибулло Устабоевни ҳаёт ўзига муносиб аёл билан сийлаган эди. Наманган шаҳрилик стоматолог-врач Раҳимахон Аҳаджонова билан 29 йил аҳил-иноққина эмас, бахтиёру саодатли турмуш кечиришди. Уч қизу икки ўғилни тарбиялаб, вояга етказишди. Муниса вилоят кардиология маркази ҳамшираси, кенжа ўғил Муҳиддин Наманган шаҳар болалар стоматология поликлиникаси ходими. Нодира ўқитувчи, Нозима уй бекаси. Оила тўнғичи Ҳамидулло Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган фи­лиали бош врачи.

Яна минг афсуски, 14 нафар набиранинг момоси бўлиб юрган Раҳимахон ая 2022 йили 72 ёшида вафот этдилар. Лекин Устабоевлар катта оиласининг устинию, чироғлари бўлмиш она-оналари ўзларидан яхши ном қолдиришди, ортиларидан издошларига ибратли из қолдиришди. Биргина Ҳамидулло Устабоевнинг бугунги камолоти ҳам фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Ҳозирда 50 ёш арафасида турган ота-она издоши ҳақида ҳам фақат яхши эътирофлар эшитамиз. "От ўрнини той босади" деганлари шу бўлса керак. У терапевт-врач. Андижон давлат тиббиёт институти сабоғини 1996 йилда якунлаган бўлса, уч йил вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида фаолият юритган, сўнг 1999 йилдан ҳозиргача-қарийб чорак аср РШТЁИМ Наманган филиалида беморларни даволаб келмоқда. Дастлаб илмий марказ филиали функционал диагностика бўлимида врачлик қилган. Кейин кўп йил барвақт реабилитация бўлимини бошқарди. 2-кардиология бўлимида ҳам навбатчи врачлик вазифасини адо этди. 2019 йили бош врач ўринбосарлиги вазифасига лойиқ кўрилди. Энг оғир шароитда катта жамоани ягона мақсад йўлидан етаклай олган моҳир мутахассис, иқтидорли раҳбар Ҳамидулло Ҳабибуллаевич машаққатли ҳаёт синовидан мардона ўта билди. Янаям очиғи, "COVID-19" пандемиясига қарши кураш даврининг фидоийлари, жонкуярлари сафида собит турди. Не-не таҳликали ҳолатларда ортга чекинмади, аксинча олға интилди, жамоага шахсий намуна кўрсатди ҳамиша. 2020 йилдан фи­лиал бош шифокори, устози Убайдулла Ҳожиматовнинг ишини давом эттирмоқда.

Раҳбар муносиб ўрнини топса, ўша жамоада муттасил ютуқлар қўлга киритилаверади. Шундан бу ерда аҳиллик муҳити бар­қарору бардавом. Директор Аброр Алижонов (яқинда у Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигига масъул вазифага олинган) билан ёнма-ён, елкама-елка ишлашиб, Наманганда шошилинч тиббий ёрдам тармоғида аҳолига хизмат кўрсатишни юқори даражага кўтаришди, дейишга тўла ҳақлимиз. Илмий марказнинг Наманган филиалида қўшни Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларигача нажот топишаётганини, улар томонидан "Ташаккурнома"лар ёзилаётганини ўзим бир неча бор шоҳидман.

Шифокорларнинг шарафли сулоласи сафлари тобора кенгайиб боришига ишончим комил. Устабоевлар, Ҳабибуллаевлар, ниҳоят Ҳамидуллаевлар ўз шажаралари шаънини ҳар доим ҳалол хизматлари билан бундан-да баланд кўтараверадилар. Дарвоқе, Ҳамидуллонинг фарзандлари – Иззатулло, Зиёвуддин тиббиёт соҳасини танлашган. Бири ишлаяпти, бири ўқияпти. Оиланинг кенжаси Ҳабибулло ўн олти ёшда, мактабни яқинда битиради. У кичик Ҳабибулло Устабоевдир. Исми ҳам, фамилияси ҳам бобосиникидек. Ҳай-ҳай, кўз тегмасин! Бобосидек элга суюкли бўлсину, умри эса асло-асло ўхшамасин! Отаси Ҳамидулло Устабоевнинг, онаси Шаҳноза Муҳиддинованинг эзгу ниятларини тўла-тўкис ушалтирсин!

Содиқ САЙҲУН.