Шифохонадан қайтиб, оила аъзолари билан биргаликда кечки овқатни танаввул қилгач, ўз хонасига кириб, тиббиётга оид рисола мутолаасига берилиб кетган Ҳусан Ҳожиевич вақт алламаҳалга етганиниям унутди.

- Соат ўн иккидан ҳам ўтди-ку, дадаси, - деди аёли Марғубахон хона эшигидан мўралаб. - Эртага яна барвақт ишга шошилишингиз керак. Бунақада ўзингизни жуда толиқтириб қўясиз-а.

- Хўп-хўп, - деди у умр йўлдошининг меҳрга йўғрилган сўзларини эшитгач, китобдан бошини мамнун кўтарганча жилмайиб.

Лекин кутилмаганда уй телефони жиринглаб қолди.

-Ким экан? Билинг-чи, онаси, - деди ўрнидан тураркан.

- Лаббай, ҳа, дўхтир ҳали ухлаганларича йўқ, ҳозир ўзлари билан гаплашинг.

Марғубахон телефон гўшагини узатаркан шифохонадан сўрашаётганини секингина шипшитди. Одатига кўра бундай пайтларда дўхтирда қисқа саволу, қисқа жавоб бўлади. Бугун ҳам такрорланди.

- Жуда оғирми?.. Майли, "Тез ёрдам" машинаси келаверсин...

- Ботиржон чақиртиряпти, - деди у хотинига боришим лозим деган оҳангда.

- Марғубахоннинг ўзиям педиатр-врачлиги учун шифокор масъулиятини чуқур англайди.

- Маҳтал қилманг, ёрдамлашганингиз яхши. Сизнинг тажрибангиз катта, беморнинг тақдирига бефарқ қараб туролмайсиз.

Кийинаётган дўхтирнинг аёли илмоқдаги қора пальтосини олиб, елкасига ташлашга улгурди. Бирга-бирга кўча эшиги олдигача чиқишганида касалхона машинасининг чироғи тун бағрини чароғонлаб, яқинлашаётганди.

Ишхонасига қайтган кардиолог яна оқ халатини эгнига илди.

- Нима гап, Ботиржон?

- Инфарктолди ҳолати чекинмаяпти.

- Томиридан керакли дори-дармонларни юбордиларингми?

- Деярли зарурларини бердик ҳисоб. Бир соатча ўтсаямки натижаси сезилмаяпти, ЭКГ да ижобий ўзгариш кўзга ташланмаяпти. Қайтанга салбий ҳолатлар кучайяпти. Оғриқдан беморнинг тинкаси қуриб боряпти. Бошимиз қотганидан сизни йўқладик.

Ҳусан Ҳожиевич кўп ўйланмади. Москвадаги кардиология илмий-тадқиқот институтида ўрганган худди шундай вазиятларда қўлланиладиган янги дори-дармонлардан, такомиллашган муолажа усулларидан фойдаланиш шартлигини ҳис қилди.

- Бўлмаса вақтни бой бермайлик, яқинда амалиётга тавсияланган "Стрептодеказа"ни "ишга солайлик"чи, зора кутилган самарага эришсак, - деди қатъий қарорга келиб. Томиридан қуямиз.

Ёш врач ва ҳамшираинг чеҳралари ёришди. Устозининг айтганидай қилишди. Беморнинг танасига суюқ дори томчилатиб вена томиридан оқизила бошланди. Инграшгаям мажоли етмаётган хаста ҳол киши аста тинчланаверди. Кровати ёнига ўтирволишган шифокорлар дам беморга, дам тиббий аппарат мониторига қарашиб, янги дорининг таъсирини сезишга умидланишарди.

- Яхши, - деди ярим соатлардан сўнг мониторга тикилганча Ҳусан Ҳожиевич.- Ана натижа нишона беряпти. Юрак қон-томирларида ўзгаришлардан даракловчи белгилар кўриняпти.

- Ҳа, ҳа, - маъқуллади навбатчи врач Ботиржон. Сўнг беморнинг қўлларини силади, билагини ушлаб томир уришини тингшади. - Худо хоҳласа, танг вазиятдан ўтиб оласиз, озгина чиданг ака,-дея тасалли берди кўзи юмуқ, рангги докадек оқарган нажотталаб инсонга секингина.

Бир маҳал у кўзини очишга уринди. Бу яхшилик аломати бемор тетиклашаётгани далолати эди.

- Ботиржон ука, яшашдан умид борми?

- Ҳе-е-е, ҳали сиз кўп яшайсиз.

- Р-о-с-т-д-а-н-м-и, ё кўнгил учун...

- Бу нима деганингиз, ўлимнинг оғзидан қайтганингиз чин.

- Раҳмат, ука, раҳмат!- шивирлади бемор.

- Менга эмас, раҳматни устозга айтинг, Ҳусан ака жонингизга оро киритдилар, инфаркт хавфи ортда қолди-ёв.

- Ҳусан ака, қанилар?

- Мана, ёнимиздалар, уйда ухлашнинг ўрнига, бизларга бош-қош бўлиб ўтирибдилар.

- Умрларидан барака топсинлар, биздақаларнинг бахтига омон юрсинлар...

Ҳусан Ҳожиевич бундай олқишларни қайта-қайта эшитавериб кўникиб кетганиданми бемор гапларини бўлиб, уни хотиржамликка ундади.

- Сиз миннатдорчиликни кейин ростмана тузалиб оёққа турганда айтасиз. Ҳозирча қимирламай, ҳаяжону таъсирларга берилмай ётишингиз зарур, уқдингизми?

- Бемор "хўп" дегандай бошини қимирлатиб, кўзларини юмди. Яна ЭКГ қилишгандагина, уни синчиклаб "ўқиган" врач ёнидагиларга дам олишга рухсат этди. Бу пайтда тонг яқинлашиб қолганди.

- Дўхтир, машина уйга ташлаб қўйсинми?-деди Ботиржон устозини безовта қилганидан ҳижолат тортаётгандай оҳиста.

- Тунни биргаликда бедор ўтказганимиз зое кетмади. Битта инсонни ўлим оғзидан қутқардинглар. Энди шу ернинг ўзида тунни кунга улаб юбораверамиз. Ахир бу биринчи бор эмас-ку!..

Дарҳақиқат, шифокорлар учун бедорлик хизмат тақазоси. Беором беморларга оромбахш этмоқлик хизматига раҳматлар сийлов. Олқишларнинг оғушида чарчоғини унутиш одатий ҳол. Бундан на нолишади, на ҳоришади. Ҳусан Ҳожиевичга ташвишлардан қувончлар топиш қисмати битилган эканки, у тунги бедорликдан сира-сира ўкинмайди. Аксинча фахрланади. Вазмин, етти ўлчаб бир кесадиган йигитнинг оқ халат кийганига 44 йил бўляпти. Ҳамон ўша-ўша турмуш тарзи. Одамларнинг дардига даво излайди. Юракдек бетиним, юракдек фаол. Ҳамиша юракни даволайди-да. Юракка ўхшашлик унинг учун БАХТ!!! Юрак-инсонга ҳаёт бағишласа, дўхтир ўша юракка посбон, ўша юракка ғамхўр, ўша юракка бемаҳал, бемаврид тўхташга йўл қўймасликнинг уддасидан чиқишга қодир. Бунинг учун кўп ўқиган, бунинг учун кўп уққан, бунинг учун кўп малака оширган, бунинг учун кўп тажриба тўплаган, бунинг учун раҳбарлик масъулиятини кўп йиллар елкасида кўтарган.

Ҳусан Ҳожиевичнинг умр дафтарини варақлаш ҳам мароқли, ҳам ибратли. Аслида ибратни умр безаги десак арзийди. Пенсионер кардиолог ҳамкасблари, шогирдлари сафини ҳануз тарк этмаётгани эса унинг беморларга меҳри беқиёслиги ибрати эмасми?! Авваллари бевосита ўзи даволаган бўлса, эндиликда сўзи даволамоқда. Аниқроғи, кардиологлар қаторида маслаҳатчи эканидан, устоз мартабасига мушаррафликдан кўнг­ли яйрагандан яйрайди. Истиқлолга беҳад шукроналар айтишдан тинмайди. Шунинг учун ҳикоямиз ҳали давомли.

Содиқ САЙҲУН.