Тиббиётчилар ичида беморларга кўп ва хўб нажот бағишлайдиганлар тез тиббий ёрдамчилар эканини ким ҳам инкор эта оларди. Ахир оиламизда хоҳ кундуз, хоҳ кеча бўлсин тўсатдан бирортамизда касаллик ҳуружи кучайиб қолса борми, дарров телефонни қўлга оламиз, "103" рақамига хабар йўллаймиз. Орадан саноқли дақиқалар ўтгач, кўча эшигимиз олдида уларнинг "Тез ёрдам" машинаси пайдо бўлади-ю, эшиги очилиб оқ халатли халоскорлар остонамиздан ҳатлашади, зудликда керакли текширув ва биринчи муолажани бошлаб юборишади. Энг муҳими, бетаъма, беминнат. Беморимиз енгил тортиши билан миннатдорчиликка оғиз очади, ўзимиз ҳам яқинимизга қўшилишиб, шифокорларни олқишлаймиз. Худди ўша лаҳзаларда уларнинг хаёлидан нималар ўтади? Буни тез ёрдам хизмати врачи Фахриддин Шаробиддиновдан сўрадик.
– Врач бўлганингдан, дард азобида турган одамга нажот бериб, тан-жонига ҳаловат киритганингдан ғоят қувониб кетасан, элга нақадар кераклигингни юрак-юракдан ҳис этасан, "раҳмат" дуоларни қанча кўп эшитсанг, шунча оздек туйилаверади. Ахир ҳозиргина ёрдамингдан ўзини яхши ҳис қилиб, юзига табассум югурган инсоннинг миннатдорона дил изҳори биринчисиям эмасу, охиргисиям эмас-да. Навбатдаги чақирувларнинг эса охири йўқ, бетугал. Демак, масъулият устига масъулият зиммамизга юкланаверади. Ҳалол ва фаол бажаришга ҳар куни 24 соат бурчлимиз. Салгина бепарволикка, салгина лоқайликка, салгина имиллашга йўл қўйсак, кимгадир жабр, ҳатто кечикиш оқибати уқубатли бўлиши ҳам мумкин. Шуларни унутмайдиганларгина, виждони уйғоқларгина, чақирувга маҳаллама-маҳалла юриб, уйма-уй кириб, беморларнинг ҳолатини енгиллаштиришдан чарчоқ сезмайдилар. Аксинча навбатчилиги чоғида қанча дардманднинг дардини аритса, шунча ҳуш кайфият билан оқ халатини ечиб, оиласи бағрига тетик ва бардам қайтади. Чунки кўнглини завқ эгаллайди, шифокорлик касбини танлаганидан беҳад ғурурланади.
Келинг, унинг иш фаолиятидан биргина мисол келтирайлик. Кундузи 10 ларда Ермасжид маҳалласидан чақирув тушди. Етмиш ёшни қоралаган Жалолиддин Камоловни жуда яхши билади. COVID-19 азобини икки йил аввал бошидан ўтказган ўпкаси зарарланган. Гипертониядан қийналиб турарди. Куппа-кундуз куни чақиришидан врач бемор аҳволи бирдан танг ҳолатга келганини хаёл қилди-да, ҳайдовчига "Дамас" тезлигига имкон борича тезлик қўшишини айтди. Вазият ўйлаганидан ҳам жиддийроқ бўлиб чиқди. Жалолиддин аканинг юз-кўзи бир томонга тортила бошлаган, оёқ-қўли эса увишиб ётибди. У тонометр боғичини бемор билагига танғиди. Фонендоскопда юрак урушини эшитди, қўл томирини ушлаб, бир дақиқа тингшади, пульсоксометрни қария бармоғига улади. Ҳаммасининг меъёри бузилган, одатий издан чиққан. Аҳволи шундан жуда мушкул. Инсульт олди ҳолати.
– Маъмура, бош мия қон айланишини яхшиловчи дори-дармонларни тайёрланг! – деди у охирги хулосага келиб. Сўнг тавсияларини айта бошлади: – дибазол, фурасимид натрий – хлор билан, гепарин томирига, магний-сульфат навокаин билан мускул орасига, тил остига 7 томчи фармоделин. Муолажалар нафи фурсат ўтиб, кўзга кўрина борди. Бемор ҳолати яхшиланиш томон ўзгарди. Юз-кўз тортишиши қўйиб юбораётгани салгина бўлсаям сезилди. Дўхтир амалиётлар ниҳоясига етгач, беморни қимирлатмасдан уйда даволатиш зарурлиги тавсиясини берди.
– Энди бу ёғи невролог иши. Аҳмадулло Бойбобоевнинг ўзи сиздан хабар олади, – деди ўрнидан қўзғалар экан. – Яхшиям вақтида чақирибсизлар, хавфни осон чекинтирдик.
– Отангизга раҳмат, Фахриддин! – дея шивирлади Жалолиддин ота ётган жойида. Умрингиздан барака топинг!..
Беихтиёр Фахриддининг боши кўкка етди. Беш йил бурун вафот этган падари бузруквори Ривожиддин Шаробиддиновнинг олқишдан руҳлари шодланишини беихтиёр хаёлидан ўтказди-да.
У оиланинг тўнғич фарзанди. Мактабни "Олтин медал" билан тамомлаган йигит тоғаси офтальмолог-врач Мутиллохон Абдуллаевга ҳавас қилиб, 1985 йили Андижон давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультетига имтиёзли равишда ўқишга кирган. 1993 йили Намангандаги 2-шаҳар болалар шифохонасида ўз фаолиятини бошлаган. Биринчи устози реаниматолог Каримжон Каримжоновдан оғир ҳолатдаги кичик беморларни даволаш сиру асрорларини синчиклаб ўрганган. Чунки тили билан аҳволини баён этиб беролмайдиган болачаларга аниқ ташхис қўйиш учун унинг сочидан оёғи учигача текшириб кўришнинг ўзи бўлармиди. Фахриддин илмини амалиёт билан уйғунлаштиришнинг ҳадисини қунт билан ўзлаштирди. Бу эса кейинги фаолиятида жуда-жуда асқотди. "Олтин водий" қишлоқ участка шифохонасининг 20 ўринли болалар бўлимида беш йил кичик беморларга халоскорлик қилди. Кейин эса Қатағон-Сарой қишлоқ врачлик пункти мудирлиги вазифасига муносиб кўрилди. Бу ерда у роса ўн йил аҳил жамоани бошқарди. 2003 йилдан 2010 йилгача Шаҳанд қишлоқ шифохонаси раҳбарлигини уддалади. Сўнгра, тез тиббий ёрдам бўлими врачлигида фаолият юритиб келмоқда.
– Истиқлол йилларида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар биздан янада астойдил ишлашни талаб қилмоқда, – дейди олий тоифали врач мамнун кайфиятда. – Янгиликлар шунча кўпки, барчасини вақтида ўрганиб, хизматимизда самарали фойдаланишимиз керак. Менинг ўзим ҳам малакамни йилдан-йилга ошириб боряпман. Муҳаббат Каримова, Абдусалом Аҳмадалиев, Баҳодир Холиқов, Ҳусанбой Раҳимжонов каби врачлар, Муяссар Ҳайдарова, Маъмура Турсунова, Одина Мавлонова, Кимёхон Қодирова сингари ҳамширалар чақирувлар чоғида ҳамиша масъулият билан иш юритишмоқда. Муҳриддин Рашидов, Ҳамидулло Лутфиллаев ва Ривожиддин Азизовларга ўхшаган моҳир ҳайдовчилар манзилларга ўз вақтида етиб боришимизни таъминлашмоқда. Мақсадимиз Шаҳанд қишлоғидаги қатор-қатор маҳаллаларнинг 28,5 минг аҳолисига ҳамиша сифатли ва самарали тиббий ёрдам кўрсатишдан ибратдир.
2022 ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланган Тиббиёт ходимлари куни Фахриддин Шаробиддинов ҳаётида унутилмас айёмга айланиб қолди. Илғор ҳамкасблари билан Самарқанд шаҳрига таклиф қилинган тез ёрдам хизмати врачи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра II даражали "Саломатлик" ордени билан тақдирлангани ҳақидаги ҳушхабарни ўша ерда эшитди. Юксак мукофотни тантанали йиғилишда шахсан вазирнинг қўлидан олди.
Эл-юртда юксак қадр топаётган Фахриддин Шаробиддинов намунали оила соҳиби ҳамдир. Турмуш ўртоғи ҳамшира Ҳалимахон билан уч фарзандни тарбиялашяпти. Алишер врач, Нозима ўқитувчи, кенжа фарзанди Халқаро Ислом академияси талабаси. Улар ҳам ота-оналарига ўхшаб халққа ҳалол ва фаол хизмат қилиш иштиёқида ишлашяпти ва ўқишяпти.
У ҳар куни эрталаб даставвал волидаи муҳтарамаси Мухсина ҳожи онанинг фотиҳасини, дуосини олиш билан ишга жўнашга одатланган.
– Ҳамиша элу-юрт хизматидан ҳормагин. Ҳамқишлоқларимизнинг нажоткори сифатида ҳурмат-этиборинг, мартабанг бундан-да баланд бўлаверсин, ўғлим! – деган сўзлар Фахриддинга янада куч-қувват бағишлайверади.
Содиқ САЙҲУН.