ёхуд жарроҳ Абдусалом Хўжамбердиевнинг мўъжизакор қўллари
Ҳар даврда ҳар соҳаю, ҳар касбкорнинг заҳматкаш фидоийлари бўлади. Улар эл ичида ҳатто замон қаҳрамонлари мақомига кўтарилиб қоладилар. Айримлари буни пайқамай, бошқаларнинг меҳру ихлосини янада зиёда қилиб юришлари мумкин. Ахир уларга кибру ҳавоям, таъмаям бегона. Ҳамиша ўз ишларини қойиллатиб уддалашса бас. Димоғлари чоғ, кўксилари тоғ. Янаям эътирофли хислати камолотига кўмакдош устозларига таъзимли, атрофида малака-маҳоратини ўрганишга иштиёқманд шогирдларига тажриба-кўникмаларини "юқтириш"га жазмли.
Ҳаёт йўллари бундайлар учун равону ойдин бўлмасдиру, лекин барча эзгу мақсад манзилларига ҳоримай етишади. Улар бахту омадни эмас, бахту омад уларни кутади: йилма-йил, ойма-ой, ҳафтама-ҳафта, кунма-кун, соатма-соат, борингки, дақиқама-дақиқа ҳам. Ва ниҳоят вақти келиб, бахту омад ўзи билан бирга-бирга, ёнма-ён тураверсаям не ажаб! Наманганнинг энг моҳир жарроҳлари қаторида элнинг назар-эътиборида турган, хаста юрак билан юзма-юзликдан чўчимайдиган, уни соғайтиришга қодир ақлу заковату жазму журъатли, гўёки бармоқларига сеҳр боғлаган моҳиру мўъжизакор қўллар соҳиби Абдусалом Хўжамбердиев фаолияти билан танишганимда шундай фикрлар ўй-хаёлимни чулғади, наинки чулғади бениҳоя ҳайрат оғушида қалам тутишга ундади.
Бўлар бола бошидан ...
Янгиқўрғон туманининг Бирлашган қишлоғидаги Туман маҳалласида яшовчи Хўжамбердиевлар оиласи асли азалдан элда обрў-эътибори баланд бўлган. Катта хонадон раҳнамоси Убайдулло Хўжамбердиев қишлоқ шифохонасида 20 йил бош фельдшер бўлиб хизмат қилган. Марямхон аядек меҳрибон умр йўлдоши билан тўрт ўғилу икки қизни тарбиялашган.
Айниқса тўнғичи Абдусаломнинг мактабда аълочилигию, тенгдошларига меҳри зиёдалиги, дарров ёрдамга қўл чўзишга мойиллиги ота-онасини ғоят қувонтирарди. Бирлашгандаги оқ халатли халоскорларга хавас билан қарайдиган ўспирин уларга ўхшаш учун биология ва кимё фанларини янада чуқур ўзлаштиришга астойдил ҳаракат қилгани қилган эди. "Бўлар бола бошидан аён..." – деб қўярди онаси. "Абдусаломимиз исми жисмига мос – одамлар саломатлигини бало-қазолардан сақловчи Аллоҳимнинг дастёри бўлар чоғи бор-ов" деярди отаси. Марямхон ая Убайдулло аканинг эътирофини бошини сарак-сарак қилганича мамнун жилмайиб тасдиқларди.
Бирлашганнинг бўлар боласи 1989 йили мактабни битириб, Андижон давлат тиббиёт институти талабалари сафига қўшилди. Тиббий дарслик ва қўлланмаларнинг аксарияти рус тилида эди. Лекин қўш машаққат ортга чекинтиролмади. Аксинча у бир йўла ҳам рус тилини, ҳам тиббиёт фани сир-асрорларини ўзлаштириш учун муттасил интилди. Ўзидаги етарли қунту сабр-тоқати бу борада жуда-жуда қўл келди. Оқ халатлилик масъулиятини ҳали институтни тугатмаёқ ҳис қилишга ўрганди. Устозлари ёнига кириб, беморлар орасида амалиётни бошлаб юборгани шундан. Абдусаломда танлаган касбига, ишига қизиқиш шу даражада кучли эдики, чарчаш нималигини билмас, клиникада қанча юрса, халоскорлар сафидалиги туфайли шунча завқ туярди-да.
Фидоийликнинг уч фарзи
У 1996 йили вилоят кўп қиррали шифохонасида интернатурани жарроҳлик бўйича ўташга киришди. Ғоят омади кулганини қарангки, ўзи кутганидан ҳам афзал жамоага қўшилганини пайқашига қисқа фурсат кифоя қилди. Асли навқирону, лекин ўзларини улуғ ёшли авлодлардек вазмин тутадиган, неча-неча беморларни қўлдан ўтказган, неча-неча дардли танлардан озорини кетказган, неча-неча умидсизларни азроил чангалидан қутқазган хирурглар даврасига тушганини англаб етди. Улар атрофида югуриб-елиб, ҳаммалари меҳридан бебаҳра қолмасликка тиришди. Беморлар томонидан устозларга изҳорланган "раҳмат"ларга шерикликка эришди.
Эҳ-ҳа, ўшанда "раҳмат"ларнинг бутунига сазоворланишни ич-ичидан истарди. Бироқ фақат истакнинг ўзи етмаслигини яхши англарди. Бунинг учун ҳали кўп ўқишни, ҳали кўп уқишни, ҳали кўп жарроҳлик столи устида ётган бемор танасини таслим қилишни кўзлаган дард аталмиш ёвуз душман устидан ғолиб чиқишни ўзига фарз билди. Шундай яшаш фарзи Абдусаломнинг ақлу идрокида, кўнглида, ҳаракатида шаклланишида шифохона қон-томир жарроҳлиги бўлими раҳбари Бахтиёр Раҳимов, Абдуҳалим Қориев, Абдуллажон Қозоқов, Убайдулла Ҳожиматов, Маматхон Бекхўжаев, Одилхон Содиқов, Зокиржон Қўчқоровларнинг самимиятию, рағбатлари сабаб экани унинг миннатдорона эътирофида намоён.
Биринчи мустақил амалиётига эса моҳир жарроҳ Баркамол Исҳоқов шоҳид. У шифохонага аппендицит билан келтирилган беморга нажот бағишлашни интернатура жараёни жарроҳига ишониб топширган эди.
- Абдусалом Убайдуллаевич, скапелни қўлга олинг, етар шунча ўрганганингиз, беморнинг кўр ичагини ўзингиз олиб ташлайсиз!..
- Хўп, устоз! Аммо қандай бўларкин?
- Ёнингда ўзим кузатиб тураман.
Ишонч ва далда ортидан келган журъат уни ҳушёр торттирди, чаққон ҳаракатга солди. Чечанлик ва уддабуронлик имтиҳони... Ниҳоят, аппендицит устидан ғалаба!
У бемор қорнининг ўнг қуйи қисмида очган туйнукни тикиб ёпгач, ёнида Баркамол Робиддиновичнинг мамнун жилмайиб турганини пайқади.
Ёшгина врач-хирург жамоанинг ҳақиқий аъзосига айланишига интернатуранинг бир йиллик муддати кифоя қилди. Кейин эса роса ўн беш йил устозлар етовида камолот пиллапоялари сари қадам қўйди.
Қояга чиққан чўққини кўзлайди
Тиббиёт назарияси ва амалиёти жаҳоний ҳодиса. Дунёнинг қай бурчи бўлмасин бемор бир, дармон бир. Илм фаннинг тез ва бетўхтов ривожи ҳозирги даврда Абдусаломдек бугунги билгани эртага камлик қилишини чуқур ҳис этганларнинггина орзуларини армонга айлантиролмайди. Истиқлолли юртимиз саломатлик посбонларининг таниқли кишиси сифатида юзлаб, минглаб дардмандларнинг ихлосини қозонади.
У 2010 йилдан академик Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази аспирантурасида сабоқ олишга киришди, кичик илмий ходим сифатида фаолият юритди. Билимини тобора пишиқлаш, малакасини мукаммалаш йўлидан астойдил давом этди. Энди Тошкент қолиб, хориж томон парвозга отланди. Россия Федерациясининг Новосибирск кардиология диспансерига юборилди.
Профессор (ҳозир академик) Иосиф Юрьевич Бравенинг назарига тушди. Янги эндовоскуляр хирургия соҳаси тажрибасини ўзлаштириш имкониятига эга бўлди.
Операцияларда аксари кузатувчи бўлиб, ёрдамлашиб турган Абдусаломга Россияда ҳам омад ўнг қаради.
- Қани, орқамдан юр-чи, – деди Иосиф Юрьевич ўзбекистонлик шогирдини кутилмаганда операция хонасига бошлаб.- Бу галги беморнинг сон томирида тромб бор, олиб ташлаш қўлингдан келадими?
- Ҳаракат қиламан.
- Ҳаракат қиламан эмас, ё ҳа, ё йўқ! – қатъий таъкидлади профессор. Сўнг:
- Бошла! Имконни бой берма! Ўзингни кўрсат! – деб қўшиб қўйди ишонч билан қатъий оҳангда.
Қон томир жарроҳи учун ҳам юқорида айтганимиздай тромб ҳамма юртда ҳам тромб. Қон йўлидаги тўсиқни олиб ташлаш, тиқинни бартараф этиш, "тугун"ни ечиб юбориш, артерия томирини икки томонлама улаш фарқсиз, фақат аппарат, асбоб-ускунанинг созлиги хирург машаққатни енгиллаштиради. Абдусалом қисқа вақт ичида бемор сонини очиб, томирига аностомос қўйишни шунақанги жадал бажардикки, доктор Браве беихтиёр бағрига босиб, қутлаб қўйишниям унутмади...
Мингдан бир матонат
Бугун Ўзбекистон тиббиёти жаҳон, айниқса, Россия тиббиёти билан бўйлашмоқда. Энг муҳими, Абдусалом Хўжамбердиев каби фидоийлар тимсолида тенглашиш жараёнида. Бундан бир неча йиллар бурун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий-маркази Наманган филиали жарроҳи бўлган чоғда юрак қон-томирини тасвирган туширадиган вилоятда биринчи хиралюкс ангиограф аппаратидан фойдаланилган бўлса, кейинроқ, янаям аниқроғи 2015 йилдан вилоят кардиология марказига ўтгач, худди шундай ноёб янги аппаратнинг иккинчиси бошқа ҳамкасблари қатори унга ҳам "дастиёр"лик қилмоқда. Мазкур аппарат ташхис аниқлигини таъминлайди. Яъни хирург учун манзилдаги иллатни янада аниқ ва ёрқин кўрсатади. Шунга қараб, зарур чора-тадбир белгиланади.
Бизнинг қаҳрамон очиқ операциялар устаси. У юрак билан юзма-юз туради, юракни "таъмирлайди", юракнинг қон йўлларини равонлайди. Қўли ҳар гал қонга беланади, бироқ яхшиликка-умрга-умр қўшишга. Шундан, кўнглига мунавварлик инади. Қутлуғ қондан сира-сира жирканмайди.
Аслида ҳар бир амалиётнинг ўзи саҳифа-саҳифа таърифу тахсинга лойиқ эрса-да, биз учун атиги биттасининг ўзиёқ Абдусалом Хўжамбердиевнинг кимлигини, қандай мутахассислигини исботлашга етарли, деб ўйлаймиз. Ўтган ҳафтадаги юқори технологик амалиётни шарҳлаймиз: операция столига чустлик 1951 йилда туғилган 72 ёшли Салимжон Худоёров олинди. Дўхтирга маълум эдики, ҳолати ўта оғир. Энг ёмони, эгила олмасди, ёстиққа бош қўйиб ётолмасди. Юрак ревматик хасталигига чалинганди. Аорта-митрал клапанлар пороги беморни танг ҳолатга келтирганди. Ё ҳаёт, ё мамот курашига енг шимарган хирург олдида жуда нозик, жуда хавфли, жуда чигал амалиёт кўндаланг эди. "Уддалай олмасамчи? – деган ички бир туйғу қаттиқ ўйлантириб қўйди.
- Унда ҳозиргача нимани ўқидинг, нимани ўргандинг, устозларнинг маҳорат дарсларию, тўплаган тажрибаларинг наҳот сенга ишонч бермаса, куч бермаса, журъат бермаса?! Йўқ, йўқ! Қўлимдан келади, беморни, албатта, жар ёқасидан қайтара оламан!". У ўрнидан турди. Касбдошу ҳамшираларни тараддудга чорлади. Ахир бу каби ўзини-ўзи саволга тутиши илк бор эмас, неча-неча бор такрорланган. Ички туйғуси ҳеч вақт алдамаган. Мабодо, алдаса, тамом, хато қилса, у ёғи фақат фожиа. Бемор столда қолади...
Қон-томир жарроҳи скапелини бармоқларига тутди. Аввал кўкракка, кейин юракка тиғ теккизди. Аорта-митрал клапанини аста-секин очиб, комисуротомия ҳолатида чап бўлмачага назар ташлаб, ҳайратдан қотди. Не кўз билан кўрсинки, чап бўлмачада (парда қопча тромб турарди). Нақ 300 грамм қон лаҳтагига тўла. Уни бир амаллаб олиб ташлашга эришгачгина, ўзини енгил ҳис этди. Сўнг митрал клапанга сунъий клапан ўрнатди. Яна юракнинг 3 та томирини шунтлаш ҳам навбатни кутарди. Оёқ-қўл ва тўш орқасидаги ёрдамчи вена ва артерия томиридан олиб, уланти. Саккиз соат давом этган операцияда Абдусалом Хўжамбердиев билан бирга ҳамкасблари – Нуриддин Баҳриддинов, Шавкат Нажмиддинов, Орифжон Қосимов, Аҳмаджон Очилов ва Ғафуржон Эгамовдек хирурглар ҳам, анестезиолог ҳам оёқда тик туришди. Юрак устидан бош кўтарилганида барчалари баланд руҳда бир-бирларига маъноли қараб, олишди. Бу – навбатдаги яна бир зафарли натижадан далолат берарди.
Мукофотга муносиблик эътирофлари
- Инсоннинг элга ҳалол ва фаол хизмати унинг қадр-қимматини чиндан оширади, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори ўринбосари Ботир Маъмуров. – Абдусалом Убайдуллаевичнинг Президентимиз Фармонига кўра, 2022 йил ноябрь бошида Тиббиёт ходимлари байрами муносабати билан II даражали "Саломатлик" орденига сазоворланиши барчамизни бирдай қувонтирди. Ахир ҳамкасбимиз ҳар жиҳатдан мукофотга муносиб. Наманганда пойтахт Тошкентдагидек энг мураккаб, юқори технологияли операцияларни йўлга қўйган. Хорижий давлат тиббиётчилари билан бевосита ҳамкорлик қилиб, Россия Федерациясининг Новосибирск, Санкт-Петербург, Белоруссиянинг Минск, Малдованинг Кишинёв, Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳарларидаги дунёга таниқли кардиохирурглар билан ўзаро алоқаларни тобора мустаҳкамлаётганлардан бири саналади. Моҳир жарроҳнинг довруғи қўшни мамлакатларгача ёйилган. Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларигача унинг ҳаётбахш тиғидан нажот топишаётгани бежиз эмас.
- Абдусалом Убайдуллаевичнинг фақат уста жарроҳгина эмас, ажойиб камтар инсон, самимий дўст, садоқатли ҳамкор эканини ҳам алоҳида таъкидлашим керак, – дейди мамнун кайфиятда тиббиёт фанлари номзоди Нуриддин Баҳриддинов. – Бўлим мудири сифатида жамоасидагиларга беҳад меҳрибон, жонкуяр. Ўзигаям, ўзгаларгаям талабчан. Доимо илм-фан янгиликларини ўқиб-ўрганади, илғор тажрибаларни ҳеч чўчимасдан қўллашни афзал билади. Алал-оқибат бундан, аввало, юраги хасталар, қолаверса филиалимиз катта наф кўрмоқда.
Хотимасиз хотима
Якунланган 2022 йил сўнгги ойининг сўнгги кунларида қутлуғ 50 ёшини ҳаётдан мамнун ва масрур ҳолда нишонлаган Абдусалом Хўжамбердиев бугунга келиб, кардиожарроҳликнинг катта ва ойдин йўлига чиққан мутахассис. Унинг хизматига эҳтиёж сезган ҳеч бир бемор соғайишига ноумид қайтмайди. Операция учун столига ётганлар сира-сира бенажот қолиб кетмайди. У беморларнинг гўё сеҳрли халоскори.
- Мен илгарилари йилига ўртача 100-150 беморни жарроҳлик тиғи билан даволардим, – дейди аъло кайфиятли, эзгу ниятли жарроҳ.- Ўтган йили 500 нафарга етказдим-ов. Келгусида бу саноқни 1000 га чиқармоқчиман. Бу борада хориждаги Игорь Балабанов, пойтахтдаги ихтисослаштирилган хирургия, кардиохирургия марказларидаги дунё таниган ва тан олган Аброр Мансуров, Рустам Ёрбеков, Фазлиддин Бахриддинов, Шерзод Алиев каби устозларим қўллаб-қувватлашига, назарий ва амалий кўмакларига янада кўпроқ таянишим шубҳасиз. Ахир "Якка отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донги чиқмас" нақлини халқимиз бесабаб тўқимаган.
Демак, ҳамюрт хирургимиз юксак мукофотга, муносиб рағбатга янада кўп ва хўб жарроҳлик амалиётини уддалаш билан жавоб беришни ўзининг раҳмати деб ҳисоблар экан, ҳали у ҳақда ҳикоямизнинг давоми очиқ...
Содиқ САЙҲУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Турон фанлар академияси академиги.