Халқимиз саломатлигини асрашда, инсон қадрини улуғлашда фидойилик кўрсатаётган саломатлик посбонларининг беминнат хизматидан доимо баҳрамандмиз. Айниқса, ёши улуғ, кекса фуқаролар тиббий ёрдамга тез-тез эҳтиёж сезадилар. Шундай лаҳзаларда беморлар ҳузурига бориб, отахон ва онахонларга ширин сўзи, чексиз меҳрибонлиги билан далда бериб, зарур муолажалари воситасида уларни турли дардлардан фориғ этаётган, умрини узайтираётган тиббиёт ходимларига ҳар қанча тасаннолар айтса арзийди.
Бу ўринда Наманган шаҳридаги Марҳабо Тожибоева раҳбарлик қилаётган 6-оилавий поликлиника жамоасининг фаолияти таҳсинга лойиқ. Муассасада иш олиб бораётган ҳар бир ходим ўз вазифасига сидқидилдан ёндашади, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун интилади. Шунинг учун ҳам шифокору ҳамширалар ишидан маҳалла аҳли доим миннатдор.
Эл ҳурматига, эҳтиромига муносиблик ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун касбни севиш, касалликларни даволашда юқори натижаларга эришиш ва беморларни ардоқлаш зарурдир. Поликлиникада юксак эътибору эъзозга сазовор шифокорлар жуда кўп. Улардан бири – травматолог Ёқубжон Тўхтасиновдир. Мен шу ажойиб инсон, ўз соҳаси билимдони ва дардманларнинг халоскори ҳақида ёзишга жазм қилдим.
Шифокорнинг эгнига оқ халат кийганига 30 йил бўлибди. Шу давр мобайнида элимизга виждонан хизмат қилиб келаётган травматолог самарали фаолияти билан ўнлаб, юзлаб шикастланган ва турли ҳолатларда жароҳатланган кишиларнинг оёққа туришига, соғлом ҳаётга қайтишига имкон яратган, десак муболаға эмас.
Ҳаёт тасодифларга тўла. Кутилмаган вазиятда шикастланган одамлар оғриқ билан унинг ҳузурига борганларида дард азобини гўёки унутгандек бўладилар. Ёқимли муомаласи, кўнглингизни кўтарадиган сўзлари билан даволашга киришган доктор жароҳатингиз тез тузалишига, қисқа даврда соғайиб кетишингизга эришади. Бу кўп йиллик изланишлар, тўпланган тажрибалар самарасидир.
Машаққатли касб эгаси намунали оила соҳибидир. Унинг турмуш ўртоғи ҳам шифокор. 3 нафар фарзандни эл корига ярайдиган инсонлар этиб тарбиялашмоқда.
Маҳалладошлар номидан тажрибали шифокор Ёқубжон Тўхтасиновга сидқидил хизматлари учун раҳматлар айтиш билан бирга унга келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайман.
Раҳимахон ҳожи она ИМИНЖОНОВА,
Мингчинор маҳалласида яшовчи
меҳнат фахрийси.