Ҳаётда шундай одамлар бўладики, улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан эл орасида обрў-эътибор топишади. Ана шундайлардан бири Орзимаматхон Ғиёсхоновдир. Бу инсонни Чуст туманида ҳамма танийди. Аввало, яхши инсон эканлиги учун, барчанинг иззат-ҳурматини жойига қўйгани учун. Ахир у табиатан ўз вазифасини қойилмақон бажариб қўядиган одам эди.

Манзил сари ошиққан йўловчи қоронғи кечада йўл тополмай қийналганида йироқда милтиллаб кўринган чироқ шуъласи кўнглига таскин бериб, яна олға юришга ундайди. Йўл нотекис, манзил ҳали олис. Минг битта синовларга дуч келиши, қоқилиб йиқилиши мумкин бўлгач, ҳолдан тойиб, қадам босиши азоб бўлса ҳам шу биргина чироқ шуъласи томон юраверади, юраверади. Ўша бир тутам нур йўловчининг оёқларига мадор, қалбига қувват бағишлайди "Сен тўғри йўлдан одимлаяпсан, сабр қилсанг, манзилга етасан" дегандек милтиллаб ўзига чорлайверади.

Асли бу кўҳна ҳаётда ҳар бир инсон йўловчи. Кўнглида не муддаоси бўлса, таниш-нотаниш манзилларни излаб, баъзан ишонч, баъзида хавотир билан юришдан тўхтамайди ҳеч. Лекин шундай дамларда унга йўл кўрсатиб, мадад бериб турадиган, бошидан мушкулини аритадиган, йўлларини хайрли томонларга бурадиган, кези келганда инсонлар дардига дармон берадиган оқибати зиёда инсонлар ҳам учрайди. Уларни беихтиёр "Қалбида қуёши бор экан", деб юборганингизни билмай қоласиз. Бугун қўлимга қалам олиб, ана шундай инсон тўғрисида ёзиш бироз қийин ва масъулиятли кечди. Негаки, аввал у кишининг хислатлари бирма-бир хаёлимдан ўтди.

Юзидан мудом нур таралиб турадиган, нозиктаъб, бағрикенг инсон Орзимаматхон Ғиё­схонов Ғовада таваллуд топган. Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг дунёга келган бугунги қаҳрамонимиз йўқчиликда ул­ғайган, қийинчиликларнинг жабрини тортган, ҳаётнинг қадрини, турмуш ташвишларини эрта англаб етган эди. Бошланғич синфда ўқиб юрган кезларидаёқ тиббиётга оид китобларни ўқишга киришган. Ўрта мактабни битиргач, Термиз тиббиёт билим юртида сабоқ олган. Ўқишни аъло баҳоларга тамомлаб, ўзи туғилган қишлоғига қайтиб, беморларга шифо ато этиб келган. Бундай машаққатли ва шарафли касбига меҳр қўйиб, узоқ муддат умр бўйи ҳалол хизмат қилишнинг ҳамма ҳам уддасидан чиқавермайди, албатта.

Йиллар давомида фақат чустликларнинг меҳринигина қозониб қолмай, бошқа қўшни туман ва қишлоқлар аҳолисининг севимли фармацевтига айланиб улгурди бу инсон.

– Эсимда болалигимда кўп касал бўлардим, тез-тез даволаниб, дардни енгиб ўтардим. Ўшанда шифокор ва доришунос борлигини эшитиб, олдиларига бориб кўриндим. Ташхисларни қўйиб, ўзлари табиий гиёҳлардан тайёрланган дори билан муолажа қилдилар. Аста-секинлик билан тузалиб, ўзимни янаям яхши ҳис қила бошладим. Тиббиёт илми асосида ва табиий шифобахш гиёҳлардан самарали фойдаланиб, тезда оёққа туришимда марҳум шифокор Орзимаматхон отанинг ўрнилари беқиёс ва чексиз,– дейди бугун ёдга олиб Чустнон қишлоғида яшовчи Аброрбек.

Бу инсон 1969 йилдан бошлаб, сал кам ярим аср давомида эл саломатлиги учун сид­қидилдан жон куйдирди.

Шоир Миртемирнинг:

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Бир оз ором олсин чарчаган таним.

Ҳозир ундан бўлак далда бўлолмас,

Ҳеч ким, ҳеч нарса кўнглима маним.

– деган сатрлари худди Орзимаматхон Ғиёсхоновга ўхшаганларга айтилгандек тую­лади менга.

Қаҳрамонимиз 5 нафар фарзанднинг отаси, 15 нафар набира ва 2 нафар эваранинг бобожониси эди. Афсуски, шу йили 73 ёшларида орамиздан кетдилар. Отахоннинг доимо такрорлаб турадиган ўкинчли сўзлари бор эди: "Соғлиқни қадрига етмаймиз, токи бемор бўлмагунча..."

Бу сўзлари сизу биз учун бебаҳо иқрорномагина эмас, умримизга нуқта қўйилиши чоғида ортимизга мамнун боқиб, ёруғ оламдан беармон кўз юмишимиз кераклигини эсга солувчи қимматли уқтирги ҳам эмасми?!

Отабек ҚОБИЛОВ.