Бахтиёр Турсунов асли болалар шифокори эди. Тиббиёт институти сабоғини якунлаб келгач, 1993 йили Наманган туман марказий поликлиникасида тегара педиатри сифатида фаолият бошлаган эди. Бироқ кўнглида кўз касалликлари врачи бўлиш истаги кучлилиги туфайли яна изланишдан тўхтамади. 1994 йили вилоят шифохонасида офтальмология ихтисослиги бўйича тўрт ойлик ўқиб-ўрганишдан кейин поликлиникада кўз каалликлари врачи бўлиб даволаш ишларини давом эттирди.

Энг муҳими, соҳаси сир-асрорларини чуқур ўрганишдан эринмади. Ҳатто ўз касбий малакасини ошириш мақсадида Уйчи туман марказий шифохонаси кўз касалликлари бўлимига вақт топиб қатнади. Бу ерда юқори малакали врач Муҳаммаджон Абдуллаевдан тажриба ўрганди. Моҳир офтальмолог мақомига муносиблик касб этди.

Ташаббускор врач 2017 йилнинг июлида 15 ўринли туманлараро ихтисослаштирилган кўз касалликлари бўлими ташкиллади. Ҳамкасби Лутфулла Ғоипов билан ҳамкорликда глаукома, сурункали дакриоцистит, гиперметропия, ғилайлик ва птеригиум каби 18 хил кўз касалликларини даволашмоқда.

Бўлимда даволанаётганлар уларнинг хизматидан мамнунлик ҳисларини туюшмоқда. Моҳир врачларни ол­қишлаб, миннатдорчилик изҳорлашмоқда.

- Мен Бахтиёрни ўн йилдан буён танийман, ҳақиқатдан ҳам қўли енгил шифокор, - дейди Исроил Қулиев. - Беморларни ҳамиша тушкунликдан қутқаради. Чунки, ширин сўзини, умидбахш таскинини сира-сира тилидан қўймайди. Доим унга талпиниб келаман, ҳар гал даволанганимдан сўнг кўриш қобилиятим анча яхшиланади. Истагим бахтимизга омон бўлсин, обрў-мартабаси тобора ортаверсин.

Улар "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"нинг ўтган даврида 300 нафардан зиёд беморни даволади. Шулардан 53 нафарида, муваффақиятли операцияни амалга оширишди.

Албатта, элга кўрсатилаётган сидқидил хизмат беэътибор қолмайди. У туман ҳокимлиги ва тиббиёт бирлашмасининг Фахрий ёрлиқларига бир неча бор сазовор бўлган.

2021 йили вилоят тиббиётчилари ўртасида ўтказилган "Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик танловининг "Энг яхши офтальмолог" номинацияси ғолиби деб топилди. Соғлиқни сақлаш бошқармасининг I даражали Дипломи ва қимматбаҳо эсдалик совғаси билан тақдирланди.

Ўз касбининг фидоийси Бахтиёр Турсунов "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" ғоясига садоқати, меҳрибон ва меҳнатсеварлиги билан бундан буён ҳам ҳамкасбларига ўрнак бўлиши шубҳасиз.

Содиқжон ИБРОҲИМОВ,

Наманган туман тиббиёт

бирлашмасининг

маънавият тарғиботчиси.