Ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўли ўзгача мазмунни ифодалайди. Умр деб аталмиш бебаҳо неъматнинг қадрига етганлар ҳар доим ўзларидан яхши ном ва солиҳ фарзандлар қолдиришга интиладилар. Таниқли шифокор, тажрибали соғлиқни сақлаш ташкилотчиси, айни пайтда юқори малакали мутахассис Ўткир Икрамовнинг олтмиш йиллик умрига назар ташланса, ундан ибрат олса арзийдиган жиҳатлар бисёрлиги яққол намоён бўлади. Билимга чанқоқлик, зиммадаги масъулиятли вазифага ҳамиша виждонан ёндашиш, касбий маҳоратни тинимсиз бойитиб бориш ва намунали оила раҳнамоси мақомига муносиб бўлиш учун интилиш ярим асрдан буён унинг ҳаёт шиорига айланган, десак асло муболаға эмас.
Зеҳни ўткир Ўткиржон Попдаги 1-ўрта мактабда таҳсил олган пайтларидаёқ илмсеварлиги билан тенгдошлари ўртасида ажралиб турарди. Барча фанларни пухта ўзлаштириб, доимо аъло баҳоларга ўқишда ҳаммага намуна эди.1978 йилда мактабни олтин медалга тамомлаган йигит шифокор бўлишга қарор қилди. Зукко абитуриент Тошкент давлат тиббиёт институтига кириш имтиҳонларини ҳам муваффақиятли топширди. Эгнига оқ халат кийди. Олти йиллик олий таълим сабоғи уни камолотга етказди. Аълочилик анъанаси изчил давом эттирилди. Ўқиш ва тинимсиз изланиш самараси ўлароқ мактабдаги олтин медали қаторига имтиёзли диплом қўшилди.
Меҳнат фаолиятини 1984 йилда Поп тумани Санг қишлоғидаги участка шифохонасида тегара терапевти сифатида бошлади. Ёш мутахассис назарий билимларини амалиётда қўллаши баробарида қанчадан қанча беморларни дарддан халос этди.
Келажаги порлоқ, янгиликларга интилувчан ва ўқиб-ўрганишдан асло чарчамайдиган шифокор тез орада "Ўзбеккровля"га, том ёпқич ашёлари корхонаси тиббий-санитария қисмига врач-ординаторликка ўтказилди. Бироз тажриба тўплагач, яна унга катта ишонч билдирилди. Поп тумани марказий шифохонаси бош шифокорининг даволаш иши бўйича ўринбосари этиб тайинлашди. Фидойи ва тиниб-тинчимас мутахассиснинг сидқидил хизматлари қадрланиб, мартабаси тобора ўсиб бораверди. Дастлаб, юқоридаги корхона тиббий-санитария қисми бош шифокорлигига лойиқ кўрилди. Бу янада юқори лавозимлар олдидан тайёргарлик босқичини ўтади.
Ташкилотчи ва ташаббускор кадр сифатида ўсаётган Ўткир Икрамов раҳбарлик лаёқатини ҳам пухта ўзлаштириб олаётган эди-да. Бежиз уни дастлаб Поп тумани марказий шифохонаси бош шифокори, кейинчалик туман ҳокимининг ижтимоий соҳалар бўйича ўринбосари лавозимларига кўтаришмаган эди. Ҳудудда соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини ислоҳотлар талабларига ҳамоҳанг ривожлантириш, ижтимоий муаммоларга оқилона ечим топиш осон кечмаган, албатта.
- Мустақилликнинг илк даврларида соғлиқни сақлаш соҳасини ҳам ислоҳ қилишга киришилди. Мутлақо янги тизим - қишлоқ врачлик пунктларини шакллантириш даври бошланди. Тиббиётнинг бирламчи бўғини фаолиятини йўлга қўйиш учун аввало бино ва иншоотлар барпо этилиши зарур эди. Давлатимизнинг ғамхўрлиги туфайли катта ҳажмда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Энг чекка ва олис ҳудудларда ҳам тиббиёт муассасалари қад ростлади, - дея эслайди Ўткир Усмонович.
Йиллар ўтиб ташкилотчилик борасида катта тажриба тўплаган ва раҳбарлик қобилияти билан элга танилган Ўткир Икрамовга янада залворли ва мураккаб лавозимлар берилди. Энди билим, заковат ва маҳоратни вилоят даражасида намоён қиладиган фурсат етганди. Вилоят эндокринология диспансери бош шифокори, вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, бир муддат бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган кезларида катта ҳурмат-эътибор қозонди.
Тиббиётда янгиланиш ва замонавий технологияларни татбиқ этиш жараёни бошланганда ҳеч иккиланмай фаолият турини ўзгартишга жазм қилди ва нақадар тўғри йўл танлаганлигини давр кўрсатди. Ультра товуш диагностикаси жадал ривожланаётган паллада шу йўналишга ихтисослашди ва бугун мазкур соҳа мутахассислари ичида энг малакали шифокор сифатида эътироф этилмоқда. У олий тоифали эндокринолог. Республика эндокринологлари ва Россия ультратовуш диагностикаси врачлари ассоциациялари аъзосидир.
Ўткир Усмонович нафақат ишбилармон раҳбар, юқори малакали мутахассис, балки намунали оила етакчиси ҳамдир. Рафиқаси Ҳамдахон билан бир ўғил ва бир қизни комил инсон сифатида тарбиялаб вояга етказишди. Уч нафар набиралари бор.
Яқинда вилоят жамоатчилиги Ўткир Икрамов таваллудининг қутлуғ олтмиш йиллигини нишонлади.Унда Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов ва соҳа вакиллари сўзга чиқиб, устоз шифокор ҳақида илиқ фикрларни билдиришди. Унинг кўп йиллик самарали хизматларини эслашди. Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ўқиб берган "Қутловнома"да шундай жумлалар бор:
"Сиз қаерда, қайси лавозимда фаолият юритманг, камтарлигингиз, меҳнатсеварлигингиз, ҳалоллигингиз ҳамда тўғри сўзлигингиз, дўстларга вафодорлигингиз ва ташкилотчилигингиз билан ҳурмат ва обрў қозондингиз...".
Бу каби олқишлар Ўткир Икрамовнинг босиб ўтган сермашаққат ва сермазмун умр йўлига берилган юксак баҳодир. Биз ҳам эл эътирофига сазовор бўлган саломатлик посбонини табаррук ёши билан қутлаймиз ва унинг хайрли ишларига янги омадлар тилаймиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.