Чунки улар - она, улар - оиламиз устуни, улар - ҳар соҳада фаол.
Аёл борки, олам мунаввар деб бежиз таъкидламаймиз. Бу фикрнинг маъно-моҳиятини тушуниш аслида унча қийин эмас. Ҳар бир инсон аёл тимсолида онаси, опа-синглиси қиёфасини тасаввур қилиб кўрса, шунинг ўзи кифоя. Ахир бизларнинг ёруғ оламда борлигимизга сабабчилар, аввало, оналаримиз эмасмилар. Ҳали туғилмасимизданоқ уларнинг бағрида яшаймиз, кўз очгач эса оқ сутларига тўйиб, гўдаклигимиз, сўнг туганмас меҳрлари оғушида болалигимиз кечади. Тарбияларини оламиз, ҳаётдан ўрнимизни топамиз. Шу боис, беқиёс ғамхўрликлари олдида умр бўйи қарздорлик ҳиссини туямиз.
Ҳурриятли замонамизда хотин-қизларимиз чинакам ардоққа ва эъзозга эришишди. Уларнинг саломатлигини сақлаш, ижтимоий ҳаётда гендер тенглигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Онанинг тўкис бахти, шубҳасиз, бола тақдирига дахлдор. Асли азалдан она ва бола эгиз тушунчадир. Шунинг учун мамлакатимизда улар соғлигини муҳофазалаш бўйича кенг кўламли тадбирлар йилма-йил изчил амалга ошириб келинмоқда. Бу борада ҳам яна хотин-қизларимизнинг ўзлари ҳамиша пешқадамдир. Барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида бош врачларнинг шу соҳани бошқарувчи алоҳида ўринбосарлари иш юритмоқдалар. Қолаверса, бирорта катта ёки кичик даволаш-профилактика муассасаси йўқки, хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этмаётган бўлсин. Энг муҳими, уларда беқиёс меҳр мужассам, уларда касбларига садоқат кучли, уларда ҳалоллик ва фаоллик устувор. Рағбату мукофотларнинг сараси ҳам ана шундай тиниб-тинчимас фидойиларга бериб келинмоқда. Чунончи, ўтган йили Уйчи туманидаги "Ахси" оилавий шифокорлик пункти мудири Дилбархон Қаюмова "Соғлом турмуш", Мингбулоқ туманидаги "Дўмса" оилавий шифокорлик пункти патронаж ҳамшираси Саида Ахунжанова "Шуҳрат" медаллари соҳибаси бўлишди.
Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан илғорларни моддий ва маънавий рағбатлантириш анъанага кирган. Жумладан, ВССБ бўлим мудири Лолахон Улуғбоева "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди. Норин тумани "Полвонкўл" оилавий шифокорлик пункти оила шифокори Муҳаббат Бобожонова, Чуст туман тиббиёт бирлашмасининг режали жарроҳлик бўлими амалиёт ҳамшираси Лола Товаккаловаларга вазирликнинг Фахрий ёрлиқлари топширилди.
"Йилнинг энг яхши шифокори" кўрик-танловининг вилоят босқичи иштирокчиларидан 35 нафар ғолиблари ичида 12 нафари хотин-қизлар экани ҳам ғоят фахрлидир. Қутлуғ айём арафасида уларнинг номларини яна бир бор тилга олсак арзийди. Педиатр Муяссар Нишонова, неонатолог Дилором Абдуллаева, акушер-гинеколог Фотима Қаюмова, кардиолог Умида Ҳамроқулова, умумий амалиёт шифокори Малика Халилова, психиатр Муслима Ҳамдамова, дерматовенеролог Неля Багдасарова, статист Барчиной Аҳмедова, тиббий тарғиботчи Дилором Маматханова, патронаж Хуршида Хўжамбердиева, лаборант-ташхисчи Нилуфар Аҳмедова, санитар-эпидемиолог Феруза Камоловалар ўз касбининг фидойилари сифатида алоҳида эътирофга сазовор бўлишган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тиббиётчиларга табригида: "... ўз олдимизга қўйган буюк мақсад - Янги Ўзбекистонни барпо этишга фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина қодир бўлишни албатта барчамиз яхши тушунамиз.
Ана шундай баланд марраларга эришишда эл-юртимиз дардига ҳамиша дармон бўлиб келаётган сиз, азизлар, бор куч-ғайратингиз билан, билим ва малакангизни аямасдан меҳнат қиласиз, деб ишонаман" деган сўзлари кўпсонли хотин-қиз шифокорларга ҳамда ҳамшираларга ҳам ҳар доим ўзига хос мотивация бериб турибди. Улар халқни рози қилиш учун кеча-кундуз беминнат хизмат кўрсатиш ўзлари учун катта шараф эканини бирор лаҳза унутишмайди.
Байрамингиз муборак, оқ халатли азиз опа-сингиллар!
Содиқ САЙҲУН.