ёҳуд ўз ишига пухта Дилноза, касбдошлари олар андоза
Тиббиётчилар жамоасида бирга фаолият юритадиган шундай касб эгалари ҳам борки, уларнинг хизматисиз соҳа иши ривожланиши мумкин эмас. Янаям аниқроғи - кадрлар ҳужжатлари пухта юритилса, ҳар бир олий маълумотли врачу ўрта махсус билимли ҳамшира ва фельдшерлар ҳақида тўғри тасаввур уйғотади. Уларни ишга тайинлашда, кейин тарбиялашда ҳамда жой-жойига қўйишда сира янглишилмайди. Малакалари ва тоифалари юқорилаши кечикмайди. Жамоанинг ташхис қўйиш ва салоҳияти юксалиб бораверади. Ахир кадрлар - ҳамма жойда ҳал қилувчи куч ҳисобланишади. Улар билан ишлашда бош раҳбарга кадрлар бўлими мутасаддиси энг яқин кўмакдош, тавсиячи ва маслаҳатчи бўлиши керак. Ана шундай мутахассислардан бири Дилноза Исроиловадир.
Наманган агротадбиркорлик коллежини ўқиб тамомлаган, қўлига ҳуқуқшунослик дипломини олган қиз 2008 йили Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмасининг кадрлар бўлимида иш бошлади. Тўққиз йиллик инспекторлик фаолияти давомида ҳужжатларни бекаму кўст шакллантиришнинг, йилма-йил янги маълумотлар қўшиб, тўлдириб боришнинг, энг муҳими, врачу ўрта тиббиёт ходимларининг ўзлари билан муносабатга киришиб, керак пайтда беминнат йўл-йўриқ кўрсатишнинг ҳадисини олиб улгурди. Ниҳоят 2017 йили бўлим бошлиғи вазифасига муносиб кўрилди.
Ана энди Дилноза ёнидаги икки ёрдамчи билан кўп сонли тиббиётчилар ҳужжатларини қабул қилиш, сақлаш, керак пайтда тезда топиб, варақлаш учун қулай имкониятни яратишга эришди. Мўъжазгина икки хонада ҳамиша иш қизғин. Чунки, 173 нафар врачнинг, 1746 нафар ҳамшира ва бошқа ходимларнинг жилдли ҳужжатлари учта темир сандиққа жойланган. Марказий касалхона, поликлиника, қишлоқ поликлиникалари, оилавий шифокор пунктлари, тез ёрдам шохобчалари каби ўнлаб катта-кичик жамоаларнинг жамлама жилдлари алоҳида-алоҳидаланган ҳолда туради. Бирор кадр ўз ҳужжатини сўраса ёки тоифага тайёрланиш ва малакасини ошириш учун ҳужжатлар йиғмоқчи бўлса, ҳеч қийинчиликсиз мақсадига эришади. Ҳар бирларининг тўлдирилган Т-2 шаклдан тортиб, диплом нусхалари-ю, "Меҳнат дафтарча"сигача йиллаб авайлаб-асраб келинади.
- Ишимиз жуда кўп, лекин улгурамиз, - дейди Дилноза Исроилова, - ҳамиша ўз юмушига чечан Сабохон Қурбонқулова ва Мадина Раҳимбоева сингари ходимларим бор. Компьютерларимиз соз, машаққатимиз оз, зарур чоғда хонамизда оқшомлари ҳам чироқ ўчмайди. Уйимизга кетишга эмас, кечиктириб бўлмайдиган топшириқларни сидқидилдан бажаришга, талаб қилинган ҳужжатларни сифатли тайёрлашга шошилишга одатланганмиз. Халқимизнинг "Бугунги ишни эртага қўйма" деган нақли худди бизларга айтилгандек деб ўйлайман. Нолишдан бегонамиз. Чунки, хизматимизни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари ҳам қадрлашяпти. Ҳатто тажрибамизни ҳамкасбларимизга ўргатишни тавсия қилишди.
Кадрлар бўлими ўз фаолиятини катта ва етакчи ҳамшираларга таянган ҳолда олиб бораётгани янада яхши самаралар бермоқда. Патронажчилар билан тез-тез семинар-тренинглар уюштирилмоқда. Наргиза Эрмирзаева, Тўхтапошша Абдухолиқова ва Насиба Абдуллаевалар тренерлик қилишаётир. Шунингдек, ўрта тиббиёт ҳодимларини малака оширишга юбориш, тоифаларини янгилаш масаласига ҳам жиддий қаралмоқда. Кимнинг муддати қачон келиши кадрлар бўлимидагиларга ойнадай-аён. Олдиндан борадиганларни бохабар этишу, зарур ҳужжатларини тахт қилиб беришда муаммолар йўқ ҳисоби. 2021 йили 177 кишининг малакаси орттирилди, 111 ходимнинг тоифаси юқорилаши таъминланди. Бу йил ундан ҳам кўпроқ натижалар учун кураш бошланган.
Ўз ишига пухта Дилнозадан вилоятдан кўплаб ҳамкасблари андоза олишни исташаётгани ана шундан. Ўтган ҳафта Чуст туманидагилар ташриф буюришиб, бўлим тажрибасини ўрганиб кетишибди. Диққатга сазовор жиҳати, мингбулоқликларнинг тажрибаси жуда маъқул тушибди. Шу боис, Дилнозанинг қувончи бир олам. Чустликларнинг таклифларига биноан вақт топиб, яқин орада уларнинг ишлари билан танишиб, ўзининг қимматли таклифларини билдириб келмоқчи.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов мингбулоқлик Дилноза Исроилованинг фаолиятидан хурсандлик туюб, ундан барча ҳамкасблари ибрат олиши кераклигини бежиз кўпчилик ўртасида таъкидламаган эди. Мақтовга яраша, моддий раҳбатлантириш ҳам мақсадга мувофиқлиги айтилгани унинг кадрлар бўлими бошлиғи касбига муҳаббатини, ишига масъулиятини янада кучайтиришга руҳлантирмоқда.
Содиқ САЙҲУН.