Лолахон шифокорлик қанчалик шарафли, масъулиятли ва заҳматли касб эканлигини болалигидаёқ ҳис қилган. Чунки отаси Ҳабибжон Улуғбоев ҳам шифокор эдилар. Эсини танибдики, уйларига дардларига шифо излаб келувчилар кўп бўларди.

Тақдирни қарангки, бугун Ҳабиб аканинг беш нафар фарзанди оталаридек саломатлик посбонлари бўлишган. Лолахон - вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи, Бахтиёр - Чуст тиббиёт коллежида ўқитувчи, Маликахон - вилоят ОИТСга қарши курашиш марказида врач, Шавкатжон - Чуст тумани марказий шифохонасида реаниматолог, Шуҳратжон - терапия бўлими мудири.

Ўтган йилнинг март ойи эди. Тушликдан кейин бошқарма биносига шошилиб кираётсам бола кўтарган жувон ва ёши улуғроқ аёл тўхтатди.

- Синглим, шу ерда ишлайсизми? - деди улар.

Мендан "ҳа" жавобини олишгач, "Лолахон ояни телефон рақамлари керак эди", дея сўрашди. Шу пайт навбатчиликда турган қиз гапга қўшилди.

- Булар эрталабдан буён опани кутиб туришибди. Улар Поп туманига тиббий кўрикка кетгандилар. Телефонлари ишламаяпти шекилли, боғланолмаяпмиз...

- Жудаям зарурмиди ишларингиз, эртага телефонлашиб келарсизлар, ёш бола билан қийналиб қолибсизлар, - дедим йўл кўрсатиб.

- Набирамни мазаси йўқ эди. Шунга Лолахон опага опкелудик...

Ҳайрон бўлдим.

- Набирангиз касал бўлса, ҳудудингиздаги поликлиникага ё бирор шифохонага олиб боринг. Ахир педиатр врачлар кўп-ку?

- Қизим, Лолахон опа яхши, қўли енгил врач-да. Биз оиламиз билан унга ихлос қиламиз. Тўрт нафар фарзандим опанинг назоратида соғлом улғайишган. Энди набираларимни ҳам бирор жойи оғриса, ҳузурларига келамиз.

Ўшанда Лолахон Улуғбоевага чин дилдан ҳавас қилгандим. Чунки одамларда шифокорга ўз-ўзидан ҳурмат пайдо бўлмайди-да. Докторнинг мукаммал билими, тажрибаси, ширин сўзи уларнинг кўнглида ихлос уйғотганди.

Л. Улуғбоева иш фаолиятини Наманган шаҳридаги 2-оила поликлиникасида педиатрликдан бошлаган. Кейинчалик Чуст тумани болалар поликлиникасида, вилоят марказидаги 6-, 13-оила поликлиникаларида болалар шифокори бўлиб, эртамиз эгаларининг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун хизмат қилди. У қайси тиббиёт муассасида фаолият юритмасин, оила қувончи, юрт эртаси бўлмиш болаларни соғайтирди. 2015 йилдан буён вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасининг статистика бўлими мудири вазифасини ба­жаряпти.

Опани "Рақамлар маликаси" де­йиш мумкин. Қачон қарасангиз, компьютер қаршисида таҳлилий ҳисоб-китоб билан банд. Асло тиниб-тинчимайди, вақтини беҳудага сарф­ламайди. Тизимдаги статист­ларнинг маслаҳатгўйи. Уларнинг малакасини ошириш ва мустаҳкамлаш учун соҳага тадбиқ қилинаётган янгиликлардан хабардор қилиб боради. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруқлари бўйича слайд ва бошқа кўргазмали материаллар ёрдамида семинар ва вебинарлар уюштиради.

Ўзи ҳам ўрганишдан, изланишдан эринмайди. Тизимда рақамлар гапиради. Бошқа соҳалардан фарқ­ли ўлароқ, соғлиқни сақлашда фактлар аниқлиги жуда зарур. Боиси аҳоли орасида қайси ҳудудда, қандай касалликлар кўпаяётганини билиш ва уларга қарши чора-тадбирларни белгилашда айнан статистика муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун Лолахон Улуғбоева ҳамкасблари Иномжон Мирзаев ва Барчиной Аҳмедовалар билан ҳар бир ҳисобот шаклларини чуқур ўрганишиб, ишонч ҳосил қилинганидан сўнггина компьютерга (таҳлилга) киритади.

Опа масъулиятли ва талабчан. Жим ўтиришни, қўл учида ишлашни ёқтирмайди. Озгина бўш вақт топгудай бўлсалар, туманлардаги марказий шифохоналару КТМП, ОП ва ОШПларга амалий кўмак бериш учун йўл олади. Вертикал боғланган ҳудуди ҳам бундан мустасно эмас.

2021 йил Л. Улуғбоева учун ғоят омадли келди. Касб байрами муносабати билан унинг соҳадаги ҳалол ва фаол хизматлари муносиб эътироф этилди. "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.

- Лолахон опа ғоят масъулиятли ходимларимиздан, - дейди ВССБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев. - Жонкуяр ва фидойи аёл. Нафақат ўз соҳасида, балки тиббиётнинг бош­қа йўналишларида ҳам бизга суянч бўла олади. Ўзига берилган ҳар қандай топшириқни сидқидилдан бажаради.

Биз ҳам отасининг издоши, соҳа аълочисига муваффақиятлари бардавом бўлишини тилаймиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.