Мингбулоқ туманидаги "Дўмса" оилавий шифокорлик пунктининг патронаж ҳамшираси Саида Охунжанова 1995 йилда Косонсой тиббиёт билим юртини тугатган. Шу йили Гуртепа амбулаториясида муолажа ҳамшираси бўлиб меҳнат фаолиятини бошлаган. Устозлари Соҳибахон Каримова, Саминжон Қодиров, Обиджон Пўлатов, Шаҳобиддин Шаропов, Башоратхон Кўпайсинова каби тиббиёт ходимларидан касб сирларини ўрганади. Доимо ишга меҳр билан ёндашишга, турфа феълли аҳоли вакиллари, беморлар билан хушмуомалада бўлишга, соҳага татбиқ қилинаётган янгиликларнинг моҳиятини чуқур англаб етишга ва ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокчи бўлишга интилади. Унинг сидқидил меҳнатлари зое кетмади. Аввало, халқ меҳрини, ҳурматини, ишончини қозонди. Одамлар орасида "Қўли енгил ҳамшира" деган номга сазовор бўлди.
Саида Баланд Гуртепа маҳалла фуқаролар йиғини Оққум кўчасидаги 175 та хонадонда яшовчи 850 нафар аҳоли саломатлигига масъул. Хонадонма-хонадон юриш, оила аъзоларининг саломатлигини назорат қилиш, профилактик кўриклар ўтказиш, бир ёшгача бўлган болаларни вақтида эмланиши, эмлашдан кейинги назорат, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ва юқумли касалликлардан сақланиш омилларини тарғиб қилиш унинг доимий вазифаси саналади.
Профилактика Саида каби патронаж ҳамшираларнинг асосий фаолият йўналиши. Бунда қуруқ гапнинг таъсири ва самараси бўлмаслигини вақт ва ҳаёт аллақачон исботлаб берган. Демак, изланиш, таъсирчан усулларни қўллаш, аҳолини ўз саломатлиги ва оила аъзолари соғлигига эътиборини кучайтиришга эришиш муҳимдан муҳим. У бу вазифаларни тўлақонли адо этишга одатланган.
Не бахтки, унинг сидқидил меҳнатлари муносиб баҳосини олди. Ўтган йил Тиббиёт ходимлари куни арафасида Президентимиз Фармонига кўра, бир гуруҳ ҳамкасблари қаторида "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.
-Пойтахтда бўлиб ўтган тантанали маросимда иштирок этиш ва мукофотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг қўлидан қабул қилиб олиш мен учун унутилмас воқеа бўлди, - дейди Саида - Қанчалар ҳаяжонланганим ва ўзимни қанчалар бахтли ҳис этганимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Мукофотни бир ўзимнинг эмас, балки устозларим, ҳамкасбларим меҳнатига берилган юксак баҳо, деб биламан.
Соҳада 26 йиллик тажрибага эга ҳамшира ўзи устоз бўлгулик ёшга етди. Бироқ ҳали касбига доир кўп нарсаларни ўрганиши кераклигини қалбдан ҳис этади. Айтганча, "Шуҳрат"ли ҳамширамиз ҳақида у хизмат қилаётган кўчада яшовчиларнинг фикр-муносабатини билишга қизиқдик. Маҳмуджон Қаҳҳоров, Абдусаттор Ғойипов, Шарифжон Алишеров, Абдусаттор Турдиалиев, Турсунали Мўйдинов, Ғуломжон Шоимов, Ойшахон Бегалиева, Холисхон Турдиалиева, Салимахон Раҳматуллаева каби ўнлаб оилабошилари саломатлик посбони тўғрисида илиқ гапларни айтишди.
- Саида қизим дарвозадан кириб келиши билан дилимиз равшанлашгандай бўлади, - деди 63 ёшли Бузаҳро Аҳмедова. - Чунки унинг ҳар сўзи малҳам, ҳар сўзи шифо. Дардингни тинглайди, даво чораларини айтади. Муолажа қилишдан ҳам сира эринмайди. Барака топаверсин!
- Саидахон жамоамизда кўпчиликка ибрат, - дейди оила шифокорлик пункти мудири Соҳиба Каримова. - Ҳамширалик иши бўйича туғма истеъдод эгаси деб биламан. У ҳамиша олға интилиб, одамларга яхшилик қилишдан баҳра олиб яшайди. Шу боисдан ҳам шифокорлик пунктига келган кекса-ю-ёш эринмасдан ҳузуримга кириб Саиданинг хизматларидан миннатдор эканлигини изҳор этиб кетади. Бу эса раҳбар сифатида мени ҳам ғоят фахрлантиради.
Дарҳақиқат, қайноқ меҳри, ширин сўзи билан хонадонма - хонадон кезаётган Саида Охунжонова халқнинг дуосини олишдек шарафга муносибдир. Шу боисдан ҳам у қасамёдига содиқ, ўз ишига фидоий бўлиб, инсон саломатлиги учун масъул эканлигини бир лаҳза ҳам унутмайди.
Манзура ЭРГАШЕВА.