Чунки инсон қадри улуғланган юртда, бағрикенг одамлар орасида яшайман, - дейди салкам 70 ёшни қаршилаётган Равзахон Прокурова.
Яқинда меҳнат фахрийси Абдурашид ака Убайдуллаев таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, Давлатобод туманида яшовчи Равзахон исмли аёл гарчанд тақдир оғир синовларни бошига солган бўлса ҳам турмуш машаққатларини мардонавор енгиб, шу ёруғ кунларга етганига миннатдорлик руҳи билан ҳаёт кечираётганлигини, бунда тиббиёт ходимларининг, саховатпеша кишиларнинг бетаъма кўмаги беқиёс эканлигини айтди.
Бизда Равзахон ая билан учрашиш иштиёқи туғилди. Онахонни излаганимизда шифохонада даволанаётганлиги тўғрисида билиб олдик. Р. Прокуровани Давлатобод тумани марказий шифохонасининг кўз касалликлари бўлимидан топдик.
Суҳбатимиз жараёнида унинг мусибатли умр йўли, бахтсиз тасодифлар туфайли турмуш ўртоғидан, кейинчалик икки нафар фарзандидан айрилгани ҳақида билиб олдик. Жафокаш аёлнинг бошидан кечирган азоб-уқубатлари ҳақида эшитиш оғир эди. Билдикки, у айрилиқ ва барча қийинчиликларни мустаҳкам иродаси, сабр-бардоши билан ортда қолдирган. Ҳеч қачон тушкунликка тушмаган. Бироқ оиласида кечган кўнгилсизликлар унинг саломатлигига салбий таъсирини ўтказмасдан қолмаган экан.
- Тиббиёт ходимлари фаолиятидан жуда ҳам хурсандман. Агар улар жонимга оро киритишмаганда билмадим аҳволим не кечарди, - дейди Равзахон ая. - Меҳрибон, фидойи, жонкуяр саломатлик посбонларига ўз ташаккуримни билдираман. Айниқса, бош врач Тоҳиржон Бойдедаевга чексиз миннатдорчилик изҳор қилишга бурчлиман. Чунки, ҳузурига нажот излаб борсам, доим очиқ чеҳра билан кутиб олиб, мушкулимни осон қилади. Тиббий кўрикдан ўтишимга ёрдамлашибгина қолмасдан бепул дори-дармонлар билан таъминлайди.
Равзахон Прокурова айни пайтда саломатлигини тиклашга астойдил ҳаракат қилаётган кўз касалликлари бўлими жамоаси тўғрисида ҳам илиқ фикрларни айтди.
- Бўлим мудири Маъруфжон Мирзаҳоловнинг беминнат хизматига ҳам гап йўқ. Врач Сурайё Абдурайимова, ҳамшира Муқаддас Тўхтабоевалар фаолиятига ҳам тасаннолар айтса арзийди. Уларнинг сидқидил саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ кўзларимга нур қайтмоқда, - дейди онахон қувонганидан.
Дилдан суҳбатимиз давомида бемор саломатлигини мустаҳкамлашда ҳамма вақт мададкор бўлаётган соғлиқни сақлаш ходимлари ҳақида фахрланиб гапирди. Жумладан, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси маъмурияти жамоаси, хусусан ШТБ бошлиғи Шокиржон Ҳайдаровнинг қўллаб-қувватлашларини мамнуният билан эслади.
Р. Прокурова халқимиз томонидан кўрсатилаётган меҳр, оқибат, эъзозу эътибор боис бахтсизлик уқубатларини унутиб, фаровон ҳаёт кечираётганлиги учун унга ҳамиша мадад қўлини чўзаётган саховатли инсонларга ташаккурлар изҳор қилишдан асло чарчамаслигини қайта-қайта такрорлади. Шифохонада ётганида ҳамхона бўлган Насибахон исмли меҳрибон аёл билан қадрдонлик ришталари боғланганлигини, у ҳамон мурувват ёрдами туҳфа этишни тўхтатмаётганини, мунтазам равишда ҳолидан хабар олаётганлигини фахр билан сўзлади. Ётоқхонада истиқомат қилаётган аёл ёлғиз яшовчилар рўйхатида турса-да, ўзини ҳеч қачон якка ҳис қилмаслигини, атрофи хайру саховатли, меҳридарё инсонларга тўла бўлганлиги учун Яратганга беадад шукронада эканини айтди.