Азму шижоатли, мақсад сари дадил интиладиган, машаққату қийинчиликлардан чўчимайдиган, мураккаб вазиятлардан ақлу заковати ва метин иродаси билан чиқиб кета оладиган, эл-юрт тараққиёти учун жон куйдирадиган инсонлар ҳамиша муродларига етиб, ҳамюртларнинг ҳурмат-эҳтиромини қозонадилар. Поплик Шамшиддин Абдураҳимов эндигина 50-баҳорини қарши олди. Ярим асрлик умри давомида олий тоифали шифокор тиббиёт соҳасида ишбилармонлик салоҳиятини намоён этиб, катта обрў топди.
Вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида Тиббиёт ходимлари байрамига бағишланган тақдирлаш маросими давом этарди. Минбарга кўтарилган илғорлар эришган натижалари ҳақида фахрланиб сўзлашмоқда. Навбат Попдаги "Мададим Сино" хусусий шифохонаси раҳбари Шамшиддин Абдураҳимовга берилганда ҳамма жимиб қолди.
- Чексиз ҳаяжон билан сўзга чиқдим. Чунки, куни-кеча муҳтарам Президентимизнинг Фармонлари билан давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлганимдан жуда ҳам таъсирланиб кетгандим. Ҳеч хаёлимга келмаган беқиёс рағбатдан кўнглим тоғдек юксалди. Жонажон Ўзбекистонимизда эл дардига дармон бўлиш учун сидқидилдан хизмат қилган инсонлар ҳеч қачон беэътибор қолмаслигига яна бир карра иқрор бўлгандим, - дея таъкидлади кўксига бир неча кун аввал I даражали "Саломатлик" ордени тақилган шифокор мамнунлигини яшира олмай. - Тиббиёт соҳасида кечаётган ислоҳотлар самараси туфайли яхши ниятлар билан хусусий неврология шифохонасини очган эдик. Мўъжазгина маскан бугунга келиб йирик соғлиқни сақлаш муассасасига айланди. 55 ўринли шифохонамизда айни пайтда 3 турда тиббий хизмат кўрсатилмоқда. 25 иш ўрнига эгамиз. Хизматимиз элга манзурлиги учун қатновчилар сони тобора ортиб боряпти. Йилига минглаб кишиларнинг саломатлигини тиклаяпмиз.
Шу лаҳзада зал узра қарсаклар янгради. Бу тадбирга келган юзлаб ҳамкасбларнинг тиниб-тинчимас шифокор фаолиятига берган юксак баҳоси эди. Кўпчилик шу пайтда Шамшиддинга ҳавас қилгани айни ҳақиқат. Чунки, ташаббускор ва изланувчан тадбиркор сифатида эътироф этилаётган саломатлик посбонининг хусусий тиббиётни ривожлантириш борасида эришаётган ютуқлари довруғи нафақат вилоятга, балки мамлакатга ҳам ёйилган эди-да.
Касб байрами арафасида Тошкентда бўлиб ўтган шарафлаш маросимида ҳам Шамшиддин Абдураҳимовга алоҳида эҳтиром кўрсатилганди. Мамлакат шифокорлари шодиёнасида вазирлик лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов уни орден билан қутлар экан, "Сиз хусусий тиббиёт соҳаси фидойиси сифатида республика нодавлат тиббиёт тармоғига ўрнак кўрсатаётган тадбиркор шифокорсиз" дея қўлини қисиб қўйгани ҳам бежиз эмас.
Гулдастаю совға-саломлар билан Попга қайтаётган Шамшиддин бахтиёрликдан бағоят сармаст эди. Касбининг шарофати билан шу қадар обрў-эътибор, қадр-қиммат топганидан жуда ҳам мамнунлик туйди у. Шифокорликни танлаб сира хато қилмаганига шукроналар айтди. Беихтиёр болалик даври эсига тушдиб кетди.
Онаси Хурсаной ая далада ишларди. Оғир меҳнат туфайли бўлса керак тез-тез тоби қочиб қоларди. Баъзида эса докторлар ўз вақтида етиб келишмасди. Шудай пайтларда Шамшиддиннинг хавотири кўп бор ҳайратга айланган. Оқ халатли нажоткорлар ёрдами билан волидасининг ҳаёти сақлаб қолинган. Шифокорлик касбига иштиёқи ана ўшанда уйғонганди. Орзу ҳавас Тўдадаги мактаб-интернатни аъло баҳоларга битирган йигитни Андижон давлат тиббиёт институтига етаклади. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган абитуриент талабалар сафига қабул қилинди. Билимга чанқоқ Шамшиддин олийгоҳда тиббиёт сир-асрорларини чуқур ўрганди. Тиришқоқлиги ва ташаббускорлиги билан институтга танилди. Ҳадемай талабалик йиллари ҳам ортда қолди. Даволаш ишлари факультетини муваффақиятли тугаллаб, врачлик дипломи билан юртга қайтган ёш кадрни вилоят шифохонасида илиқ кутиб олишди. Интернатура сабоғини неврология бўлимида давом эттирди. Вилоятнинг кўзга кўринган мутахассислари Собиржон Пўлатов ва Орифжон Аҳмедовлар интилувчан шогирдга устозлик қилишди. Меҳридарё шифокорлар неврологияга оид билим, кўникма ва тажрибаларини шогирдларига қунт билан ўргатдилар.
1993 йилда неврология соҳаси етук мутахассисига айланган Шамшиддин Абдураҳимов Поп тумани марказий поликлиникасида мустақил фаолиятини бошлади. Энди назарий билимларни амалиётда қўллаш фурсати келганди. Беморларни соғайтиришга астойдил киришган шифокор қисқа фурсатда эл назарига тушди. Раҳбарият тиришқоқ ва билимдон кадрга катта умид билдирди. Бир йилдаёқ марказий шифохонанинг неврология бўлимини бошқаришни унга ишониб топшириб хато қилишмаганди. Салкам ўн йил давомида соҳа иши анча-мунча яхшилангани ва неврологик касалликларни самарали даволашга эришилиши мудирнинг изчил ва узлуксиз интилишлари, астойдил хизматлари натижасидир.
Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар туфайли нодавлат сектор ҳам шакллана бошлаган кезларда хусусий шифохона афзалликларини амалда кўрсатиш ташаббускори сифатида майдонга чиққан Шамшиддин шу йўлни танлаб асло янглишмаган эди. Гарчанд дастлабки даврларда қийинчиликларга дуч келган бўлса-да, оқилона иш юритиш, беморлар ихлосини қозониш ва янги даволаш усулларини дадиллик билан қўллаш баробарида ишлар аста-секин юриша бошлади. Айни вақтда нодавлат соҳа фидойисининг иқтидори ва талабчанлиги йирик хусусий шифохоналар мутасаддилари эътиборидан четда қолмади. Бош врач этиб тайинланган Шамшиддин "Сино шифо нур", "Фазилат медикал" шифохоналарини оқилона бошқариб, уларнинг иқтисодий кўрсаткичларини ҳам муттасил оширишга муваффақ бўлди.
Йиллар ўтиб нодавлат тиббиёт муассасаларини моҳирона бошқариш лаёқатига эга мутахассисда янги ғоялар туғилди. Энди у ўзининг хусусий шифохонасини ташкил этишни ният қилганди. Бироқ, жиддий тўсиққа учрашини ўйламаганди, асло. "Хусусий клиника қураман, ер беринг!" деган мақсадда туман ҳокимига масала қўйди. Афсуски, ўша даврларда раҳбар бўлган инсонлар унинг мурожаатини беэътибор қолдиришди. Ниҳоят Аъзамжон Султонов ҳоким бўлиб келгач, мазкур масалага ижобий ечим топилди. Тадбиркор шифокорга дарҳол ер ажратиб берилди.
Неврология шифохонаси учун бино қуришга бел боғлаган толмас тиббиётчига "Ёшлар - келажагимиз!" Давлат дастурига мувофиқ банкдан 400 миллион сўм кредитнинг ажратилиши айни муддао бўлди. Аниқ мақсад, астойдил интилиш натижаси ўлароқ чиқиндихона бўлиб ётган ҳудудда муҳташам ва кўркам, икки қаватли тиббиёт муассасаси қад ростлади.
Зарур тиббий жиҳозлар олинди. Замонавий диагностика ва даволашга мўлжалланган ЭЭГ, ЭКГ, кичик лаборатория асбоб-ускуналари, физиотерапевтик қурилмалар, тренажёр воситалари билан таъминланди.
Бугун "Мададим Сино" неврология шифохонаси тумандаги энг намунали тиббиёт масканларидан биридир. Шинам шифохонадаги орасталик, беморларга яратилган қулайлик, шифокору ҳамшираларнинг ширинсуханлиги, энг асосийси даволаш ишларининг юқори малакали ташкил этилганлиги беморларга жуда маъқул келмоқда.
- Халқободдан келдик. Бу ердаги шифокорларнинг юқори малакага эга эканликлари, қолаверса муомала маданияти юксаклигини яхши биламиз. Ўғлим Дадажоннинг боши тез-тез оғриб туради. Мутахассис Азамат Мирзаевнинг кўригидан ўтказиб, даволатмоқчиман,-дейди Фарида Маҳмудова.
Биз бошқаларнинг фикрларини ҳам тингладик. Улар ҳам 4 нафар шифокор, 12 нафар ҳамшира ва 8 нафар кичик тиббиёт ходимидан таркиб топган жамоанинг хизматидан беҳад мамнун эканликларини изҳорлашди. Дарҳақиқат, функционал диагностика врачи Азамат Мирзаев, пост ҳамшираси Мамлакат Раҳматова, физиотерапия ҳамшираси Раъно Шерматова, ҳамшира Хуршида Ортиқоваларнинг номини тилга олишди.
- Шифохона доруғини эшитиб, Чуст туманидаги Ғова қишлоғидан келганман. Мана бир неча кун ичида дардимга даво топдим. Шифокорларга раҳмат!- дейди Раҳимжон Шодиев.
Хусусий шифохона фаолияти билан танишиш асносида қатор хайрли ишлар ҳам амалга оширилаётганлигини билиб олдик. Бош шифокорнинг ташаббуси билан "Темир дафтар" ва "Аёллар дафтари"га қайд этилган инсонларни ишли қилишга ҳам қўл урилибди.
- Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида бундан ҳам катта масадларни кўзлаб турибмиз, - дейди Шамшиддин Абдураҳимов. - Муҳтарам Президентимизнинг шу йил февраль ойида вилоятимига қилган ташрифлари чоғида Попда реабилитация маркази барпо этиш ҳақидаги ташаббусни олға сурганман. Ҳозир ана шу лойиҳа ижобати устида ишлаяпман. Режа амалга ошиши билан кўплаб ногиронликни бошидан кечираётган юртдошларимизни соғлом ҳаётга қайтариш имкониятига эга бўламиз.
Ҳа, "Қояга чиққан - чўққини кўзлайди" деган нақл бор. Тиббиётнинг толмас тадбиркори бу эзгу маррани ҳам албатта забт этишига ишончимиз комил.
Мақолага шуни ҳам қўшимча қилиш жоизки, қаҳрамонимиз чинакам бахти кулган инсон. У ҳамшира Замира Адашева билан оила қурган. Уч нафар фарзандлари бор. Қизлари Шоҳсанам фармацевт. Ота-онаси билан "Мададим шифо"да ишлайди. Жавоҳир қўшма корхона менеджери. Иқбола ота изидан бориб, Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олмоқда.
Шамшиддин фақат шифохонасидагина эмас, балки маҳалласида ва туманида ҳам эл дарди билан яшашни ўзининг фуқоролик бурчи деб билади.Халқ манфаатларини шахсий манфаатларидан устун қўйган ҳолда одамларни бугунги давлат сиёсатидан ризо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини ҳеч аямасдан сарфлашга интилади. Ахир у бир неча йилдан бери "Адолат" социал-демократик партиясининг фаол аъзоси. Шунинг учун ҳам элнинг ишончини қозониш учун ҳаётий муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшаётган жонкуяр партиядошларининг пешқадами ҳисобланади. Ҳам шифокор, ҳам тадбиркор сифатида халққа сидқидилдан хизмат қилиш Шамшиддиннинг яшаш фалсафасига айланган.
Ана у шифохонасидаги бугунги ишларини ниҳоялаб қаергадир ошиқяпти. Биламизки, ҳокимият ёки партия ташкилотига янги ниятлар билан, янги ташаббуслар билан бораётган бўлса ажаб эмас. Зеро, бундай юксакларни кўзлаган инсонлар ҳамиша эзгу мақсадлар йўлида ҳар кун, ҳар лаҳза олға қадам ташлайверадилар, худди тиббиётнинг толмас тадбиркори Шамшиддин Абдураҳимов сингари.
Абдулла ҒОЗИЕВ.