ёхуд тиббиёт фанлари доктори
Муҳаммад ВАҚҚОСОВнинг шарафли умр йўлига назар
Умр - инсон учун бир борагина бериладиган илоҳий неъмат. Умр - икки эшик орасидаги бетакрор ҳаёт. Умр - зоти шарафликка муносиб яшаш имкони. Умр - яхшиликлардан зийнатланадиган, эзгу фазилатлардан қадр-қиммат топадиган, ғанимат йилларга мазмун киритадиган тириклик туҳфаси. Асл инсонлар буларни ҳеч вақт унутишмайди, фидойи инсонлар дақиқаларга соатларнинг, соатларга кунларнинг, кунларга ойларнинг, ойларга йилларнинг вазифаларини, оғиру, лекин фахрли "юки"ни ортишга одатланишади. Ўзларидан кўра ҳам ўзгаларни ўйлаб яшашади, элу юрт ғамини чекишдан чарчоқ сезишмайди. Ташвишлар оғушидан қувончлар қидиришади. Ватан равнақию, халқ бахт-саодатига дахлдорлик туйғусидан беҳад ғурур туюшади худди Муҳаммад Ҳабибович Ваққосов сингари.
Бу ном Намангангагина эмас, Фарғона водийсига, ҳатто бутун Ўзбекистонга маълуму машҳур. Ахир тиббиётдек кеча-кундуз халқ саломатлигини сақлаш билан шуғулланувчи серйўналишу сермашаққат соҳани кўп эмас, бир йўналишигаёқ бор кучини, бор билимини, бор малакасини ўттиз олти йилдан буён ҳеч аямай сарфлашнинг ўзи бўлармиди. Бетиним изланишу бетўхтов интилиш, беминнату бетаъма хизматга ҳамиша шай туриш, серсамараю, сернаф янгиликларни илм-фанга, амалиётга дадил олиб кириш осонми? Бунинг учун, аввало, зукко ақл, заррабиндай ўткир кўз, чаққону чечан қўл соҳибига айланмоқ шарт. Яна жилд-жилд, қат-қат тиббий китоблар ичига муттасил шўнғиш, ўқиб-ўрганмоқ, аниқ мақсад йўлидаги тажрибалардан асло чўчимаслик лозим. Устозларнинг малака-маҳорат сирларини пухта ўзлаштирган ҳолда уларнинг ютуқлари ёнига ўзиникини қўшиб, такомиллаштириш журъатини ўзида топа билиш муҳимдан муҳим. Мана шуларнинг барчаси Муҳаммад Ҳабибовичга хослигини бугун ҳеч ким инкор қилолмайди.
Эҳ-ҳа. Ҳозир 60 ёшлик умр айёмига чинакамига юксак мартаба касб этиб, етиб келган шифокорнинг улуғлиги менимча, унинг оддийлигида. Кибрдан йироғу, нажот талаб беморларга яқинлигида. Кўзлари меҳрлигида-ю, қўллари сеҳрлигида. Бутун орзу-ўйи халқи саломатлигини таъминлашга табора салмоқли ҳисса қўшиш билан бандлигида.
Эндокринология диспансери бош врачининг мўъжаз хонаси деворидаги бир неча рамкали суратларга кирибоқ нигоҳимиз тушади. Улар ўзининг камолотига сабабчи ва хайрихоҳ бўлган устозлари - ўзбек хирургияси асосчиси, марҳум академик Восит Воҳидов, республикага таниқли олим-жарроҳ Феруз Назиров ва бошқа хорижий мамлакатлардаги қадрдонлари... Бежиз улар Муҳаммад Ҳабибовичга "хонадош" эмаслар. "Устоз - отадек улуғ" нақли наинки онгига, кўнглига ҳам нақшланганини кўрсатади бу. Ота рағбати-ю, устозлар мадади унга ўзлигини англашга, кимлигини намоёнлашга қатъий ишонч берганини далолатлайди бу.
Кечагидек ёдида, болалик чоғи истималаб, шифохонада отаси билан бирга ётгани. Палатага оқ халати ўзига жуда-жуда ярашган дўхтир кириб келди. Қўлидаги фонендоскопу тонометри билан уни обдон текширди. Юзларига табассум югурди:
- Муҳаммадингизнинг ҳолати яхши, отаси. Яна икки кун укол олиб, дори ичиб турса, оғриқдан бутунлай қутилади, мактабида дарсиниям қолдирмайди, - деди Ҳабибхон акага.
- Кўрдингми, ўғлим, яхшиям Иброҳим Ҳасанович бор экан, мушкулимиз осонлашди, тезда танингдан дард ариди, - дея отаси унинг пешонасини силади уч кундан буён тунд юрган чеҳраси ёришиб.
Муҳаммаднинг кўнглида ўша лаҳзаларда шифокор бўлиш орзуси ниш ура бошлаган эди. Тасаввуридан оқ кўйлакка қора бўйин боғ таққан, ўзи ҳам, сўзи ҳам чиройли, маданиятли Иброҳим Ҳасанович кетмай қолди. Ниҳоят 1979 йили мактаб сабоғини якунлаб, Андижон давлат тиббиёт институтига йўл олди. Юқори балл билан талабаликка қабул қилинди. Етти йил институт бағрида тиббий билимдон устозларнинг сабоғини пухта ўзлаштириш ҳаракатида тинмай ўқиб-ўрганди. 1985 йили Наманган вилоят кўп тармоқли шифохонасига келиб, бир йиллик интернатурани ўтади. Кейин Маҳмуджон Аҳадовдек моҳир хирургнинг шогирдини 2-шаҳар поликлиникасида олиб қолишди. Чаққону эпчиллиги "тез ёрдам"чиларнинг сафига ўтказилишига сабаб бўлди. Рубень Григорянц ёш жарроҳлар ичида уқуви баланд Муҳаммад Ваққосовни гоҳ-гоҳ ёнига чорлаб туриши, унинг учун айни муддао эди. Эндоскопик усулдан жарроҳликда усталик билан фойдаланишнинг ҳадисини олгани, янги лапороскопик усулни амалиётга дадил қўллашга журъати етгани кўпчилик ҳамкасбларнинг ҳавасини келтирарди.
Ҳатто, Рубень Григорянцнинг боши қотиб қолган пайти оғир ҳолатдаги ўт қопини тош ва йиринглардан асоратсиз фориғ этиб қўйгани Муҳаммадга бўлган эътибору ҳурматини янада ошириб юборди.
Ёш хирургнинг ҳаракатларини кўриб-билиб юрган Қаюм Умрзоқов ва Маҳмуджон Аҳадов сингари вилоят шифохонасининг бош врачию, бўлим мудирлари унга вақтида керакли мотивация беришиб, янги парвозларга руҳлантиришади. "Муҳаммад Ҳабибович, сенинг ўрнинг пойтахт Тошкентда, илм билан амалиётни биргаликда теппа-тенг олиб борадиган жойда" дейишди катта ишонч билан.
Бугунги баркамол толеи унинг устозлари бундан ўттиз йил муқаддам асло янглишмаганини исботлаб турибди. Негаки, ўтган давр йилма-йил муваффақиятлар ва юксалишлар зинапояси сифатида ортда қолиб келмоқда. Кечасидан бугунини, бугундан эртасини ютуқларга бой этишга қодирлигини аён ҳақиқатга айлантириш Муҳаммад Ҳабибовичнинг умрий иш анъанаси бўлиб қолгани ҳайратомуздир.
Фикримизнинг далиллари аслида кўпдан-кўпу, фақат айримларинигина қайд қилиш кифоя, деб ўйлаймиз: У 1991-93 йиллари собиқ иттифоқ тиббиёт академияси хирургия илмий марказининг Тошкент филиалида ўқиди ва ишлади. 1993-95 йилларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хирургия илмий марказининг жигар хирургияси ва портал гипертензия асоратлари бўлимида, 1995-97 йилларда ССВнинг Тиббий-санитария қисмига қарашли 1-Марказий клиникасида, 1997-2000 йилларда академик Восит Воҳидов номли Республика хирургия илмий марказининг жигар ва ўт йўллари хирургияси бўлимида фаолият олиб борди. 2000-2004 йиллари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали директори лавозимини уддалади. Янги тизимни оёққа турғазди ва тараққиётига тамал тоши қўйди.
Муҳаммад Ҳабибович илмий салоҳиятини ҳам йилдан йилга юксалтириб боргани бошқа соҳадошларига жонли намуна эди. У жигар церрози асоратларини хирургик даволашга янгиликлар киритди. Ошқозон ости безлари хасталикларни самарали даволашнинг энг мақбул усулларини қўллашда қимматли тажрибаси ва ўз мактабини яратди. Аввал тиббиёт фанлари номзоди, кейинроқ тиббиёт фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди. Олим-шифокорларнинг пешқадамлари қаторига қўшилди. Қатор хорижий мамлакатлардаги ҳамкасбларидан билмаганларини ўрганди, айни чоғда уларга билганларини ўргатди. Дунё тиббиётини жарроҳликдаги янгиликлари билан бойитди. Ҳатто, Россиядаги атоқли академик Александр Сергеевич Ермолов Москвада, Санкт-Петербургда ишлашгача таклиф қилди. Лекин у Ҳабибхон отанинг "Ўғлим, сенинг нафинг, аввало, ўз юртингдагиларга тегсин, наманганликларингга тегсин, кейин бошқаларга ..." деган панду насиҳатларини қулоғига қўрғошиндек қуйиб олгани учун ўзга юртни ҳавас қилмади.
РШТЁИМнинг Наманган филиалида энг мураккаб операцияларга киришилишига бош-қош туришни ҳаммасидан аъло билди. Устози Феруз Ғафуровичнинг қўллаб-қувватлашига муносиб равишда астойдил тер тўкди.
Ниҳоят, 2004 йили Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги Муҳаммад Ваққосовни соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасига тайинлади. Унинг раҳбарлиги "Меҳр-мурувват йили"дан бошланган бўлса, "Сиҳат-саломатлик йили", "Ҳомийлар ва шифокорлар йили", "Ижтимоий ҳимоя йили" ва "Ёшлар йили"да давом этди. Бу ўз-ўзидан катта-катта давлат дастурларида белгиланган ўта долзарб вазифалар масъулияти зиммасига юкланганини англатади, албатта. Беш йил ичида наманганликлар бирин-кетин нуфузли тиббий анжуманларга мезбонлик қилдилар. 2004 йили водий кардиологларнинг илмий-амалий конференцияси ўтказилди. 2005 йили "Саломатлик-1" лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларнинг узвий давоми сифатида "Саломатлик-2" лойиҳаси Наманган тиббиётига ҳам жорий этилди. 2006 йилнинг 20 октябрида Наманганда "Ихтисослаштирилган хирургиянинг танланган масалалари"га бағишланган Республика илмий-амалий анжуманига тўпланилди. Бу тадбир "Воҳидов ўқишлари"дея номланди. Унда республикамизнинг таниқли олим-шифокорлари билан бирга Россия тиббиёт фанлари академияси академиги А.Ф.Черноусов, Қозоғистон Миллий тиббиёт университети профессори А.С.Ибадильдинлар ҳам қатнашдилар. 2007 йилда "Соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматларни ривожлантириш ва уларни зарур тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш" лойиҳаси доирасида Туркиялик меҳмонлар кутиб олиндилар. Ҳамкорлик ришталари мустаҳкамланди. Йилнинг энг муҳим воқеаси - Наманганда биринчи марта сунъий қон айлантириш шароитида юракни тўхтатиб қўйиб, операция уддаланди. 8 ёшли Мухлиса Ҳакимованинг туғма юрак нуқсони бартараф этилди.
Агар Муҳаммад Ҳабибовичдан ўша вақтдаги ишлар ҳақида сўралса, Ирвадондаги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят сил касалликлари диспансери, вилоят руҳий-асаб хасталиклари шифохоналари мукаммал реконструкциядан чиқарилгани-ю, 300 нафарга яқин мутахассис Россия ва Туркияда малака ошириб қайтганликларини ҳамда вилоятдаги барча даволаш-профилактика муассасалари тўла инвентаризациядан ўтказилиб, қурилиш таъмирлашнинг мукаммал дастури тайёрланганини зўр мамнуният билан қўшимча қиладилар. Чунки, ана шу дастур кейинги беш-ўн йиллик ўзгаришларга асос бўлиб хизмат қилганидан кўпчилик бехабар бўлса керак.
Унинг тақдирига яна Тошкентга қайтиб бориб ишлаш битилган экан. 2009-2015 йиллари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1-клиникаси хирургия бўлими бошлиғи, 2015-2016 йиллари Республика лойиҳаларни амалга ошириш марказий бюроси "Саломатлик-3" лойиҳасининг маҳаллий маслаҳатчиси, 2016-2017 йиллари Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази клиникаси врачи вазифаларини сидқидилдан бажарди. 2017 йил сентябрда эса яна Наманганга юборилди. Ўшандан буён эндокринология диспансери бош врачи вазифасини ҳалол ва фаол уддаламоқда.
Орадан ўтган тўрт йил гарчи қисқа муддат эса-да, шунчалик кўпдан-кўп хайрли ишлар рўёбга чиқарилдики, уларни бирма-бир, батафсил айтиш қийин. Фақатгина айримларини қайд қилиш билан кифояланамиз: салкам 700 та операциялар тўкис амалга оширилди. Улар қалқонсимон безида, ошқозон ости безида, буйрак усти бези ўсмаларида, морбид семизликда, жигар ва ўт йўллари касалликларда ўтказилди. Водий аҳолисига ихтисослаштирилган юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилди. 3 марта хорижлик мутахассислар иштирокида илмий конференциялар ва форумлар уюштирилди. Барча туманлар эндокринолог кадрлар билан таъминланди. Уларнинг малакаларини мукаммаллаштириш чора-тадбирлари кўрилди. Юқоридагиларга қарамай, бош врачнинг таъкидлашича, ҳали ҳануз соҳада муаммолар мавжуд. Уларни ижобий ҳал этиш имконияти ва умиди ҳам йўқ эмас. Бу ҳақда жиддий бош қотирилмоқда. Юқори ташкилотларга реал ҳолатини ифодалаган ахборот ва зарур таклифлар етказилган.
- Президентимиз биз шифокорларга пойтахт муассасаларидагидек чиройли шарт-шароитлар яратиб берилишини доимо диққат марказларида тутиб келмоқдалар, - дейди Муҳаммад Ҳабибович мамнун оҳангда, кўтаринки кайфиятда.- Биз фақат-фақат виждонан, фидойиларча ишлашга бурчлимиз. Мақсадимиз - хизматимиздан халқимизнинг ҳамиша розилигига сазовор бўлиш...
Ўтган ҳафтанинг пайшанба куни Наманган шаҳридаги "Нуронийлар чойхонаси"да юксак мартабали инсон таваллудининг олтмиш йиллиги зўр шоду ҳуррамлик билан нишонланди. Унда узоқ-яқиндан келган қадрдонлари жамулжам бўлишди. Тадбирда даставвал вилоят "Нуронийлар" Кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов ва вилоят ҳокими ўринбосари Ғуломжон Муроджўжаевлар шифокорга ҳалол ва фаол хизматларини улуғловчи дил сўзларини изҳор этишиб, эсдалик совғаларини тантанали топширишди. Сўнгра вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов устознинг кўп йиллик самарали хизматларини юқори баҳолаб, "Биз ҳамиша Сиздан қимматли маслаҳатлар олиб, халқ саломатлигини сақлаш борасидаги ишларимизда каттадан-катта ютуқларга биргаликда эришяпмиз. Яна шундай маслаҳатгўйимиз бўлиб, узоқ йиллар ҳамкору ҳамнафаслик қилаверишингизни тилаб қоламиз" дея алоҳида таъкидлади. Анжуман қатнашчилари пойтахт Тошкентдан ташриф буюрган ҳурмати баланд олим-шифокорларнинг табрикларини айниқса ҳаяжон билан тингладилар.
- Муҳаммад Ҳабибович билан соҳадош қадрдонлармиз, - деди профессор Саид Ибрагимович Исмоилов. - Иккаламиз бир вақтнинг ўзида бундан бир неча йиллар аввал хориждан энг замонавий хирургик аппаратларни олиб келганмиз. Мен - Тошкентга, у - Наманганга, янада аниқроқ айтсам, дўстим вилоятда кардиохирургия асос солган ташаббускор ва ташкилотчи инсон. У эзгу ният билан олға қадам ташлашдан ҳеч вақт чарчамасин!
Ҳамкасбларнинг эътирофлари ўз йўлигаю, вилоятдаги таниқли меҳнат ва партия фахрийларнинг таъкидларини тинглаш биз учун янада мароқли кечди.
- Халқимизда "Чумчуқ сўйса ҳам - қассоб сўйсин" деган нақл бор, - деди Абдурашид Яҳёевич Убайдуллаев. - Муҳаммад Ҳабибович чинакамига қиёси йўқ жарроҳ. Унинг қўлидаги шифобахш тиғ неча-неча беморларнинг ҳаётини нурга ўради. Яна бундан ташқари - янгиликка ўч, ташаббускор раҳбар. Унинг саъй-ҳаракатлари билан узоқ йиллардан буён эскирган биноларда, мослаштирилган жойларда диспансер жамоаси қийналиб ишлаб келган бўлса, иккинчи йилки замонавий меъморчилик асосида бунёд этилган янги биноларга кўчиб ўтди. Диспансерда шифокорлар учун ҳам, беморлар учун ҳам барча қулай шароитлар муҳайё. Тағин тинчиётгани йўқ, қурилишларнинг иккинчи босқичини бошлаш тараддуди қизғин. Худо хоҳласа, Намангандаги бу муассасани республикадаги энг намунали шифохонага айлантириб юборишларига ишончимиз комил.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг хусусий сектори бош мутахассиси сифатида бир неча йил фаолият юритган Назиржон Давлатовнинг эътирофлари эса янада диққатга сазовор:
- Муҳаммад Ҳабибович Ваққосовдек билимдон ва уддабурон мутахассислар камдан-кам топилади. Ахир ҳам илмий-тадқиқот олиб бориш, ҳам муттасил жарроҳлик амалиёти билан шуғулланиш одамдан жуда катта сабр-тоқатни талаб этади. Жигардаги салбий ўзгаришларни, ўт пуфагидаги, ошқозон ости безидаги нуқсонларни бартараф этиш, жарроҳлик столи устидаги ҳар бир бемор тезда оёққа туриб кетишига эришиш сермашаққат ва заҳматли юмуш. Бошқаларга ибратли жиҳати, у киши эндокринологик хасталикларни хирургик йўл билан даволаш бўйича ўзига хос мактаб яратгани, ҳам давлат, ҳам хусусий муассасалардаги шогирдлари ёнида туриб, уларга кўргазмали маҳорат сабоғини беришдан фахру ғурур туядилар. Одамларга фойдалари тегаётганидан бир олам завқу шавққа тўладилар. Таъмадан йироқ, эҳсонга мойил одатлари туфайли беморлар ихлосини муттасил қозонганлар. Ҳеч кўз тегмасин, устознинг бу қадар баркамолликларига.
Яхши инсоннинг яхши кунларида яхши тилакларни тинглаб, кўнглимиз беҳад тўлқинланиб кетди. Беихтиёр очеркимизни қуйидаги шеърий уқтиргию, даъватнома билан ниҳоялашни маъқул топдик:
Умр - бир борали бетакрор неъмат,
Ҳар он, ҳар лаҳзаси ғанимат, қиммат,
Эзгу амалларинг бўлса беминнат,
Шунинг ўзи халққа энг олий ҳиммат,
Муҳаммал доктордай яша, яшасанг,
Изинг қолсин, қайга қадам ташласанг!
Кўнгли оппоқ, нафис ипак қоғоздек,
Ҳар вақт хизматга шай созланган создек,
Иш қилса ҳам кўп-кўп кўради оздек,
Қаддини керилиб тутмас ҳеч ғоздек,
Муҳаммад доктордай яша, яшасанг,
Изинг қолсин, қайга қадам ташласанг!
Устоз шогирдлар-чун ўхшаб маёққа
Бағишлашга чорлар умрини халққа,
Дейди: барча инсон арзир ардоққа,
Довруғи таралган роса ҳар ёққа
Муҳаммад доктордай яша, яшасанг,
Изинг қолсин, қайга қадам ташласанг!
Беҳад наф кўради - аҳли Наманган,
Камолот бахш этган - шаҳри Наманган,
Улуғларга кондир - бағри Наманган,
Кўҳна Чуст фарзанди - фахри Наманган,
Муҳаммад доктордай яша, яшасанг,
Изинг қолсин, қайга қадам ташласанг!
Содиқ САЙҲУН.
2 декабрь, 2021 йил.