У бугун анча барвақт уйғонди. Нонуштани ҳам апил-тапил қилди-ю, дарҳол ишга ошиқди. Рафиқаси жудаям шошилаётгани боисини сўрамоқчи бўлди-ю, яна ботина олмади. Ахири, бундай вазият тез-тез такрорланиб турадигани учун савол беришнинг ўзи ўринсиз эди-да.
Ғайрат қишлоғидан йўлга чиққан хизмат автомашинаси Уйчидан Наманган томон елиб бормоқда. Янги кун мундарижасидаги қатор масалалар унинг хаёлларини чулғаб олганди: "Режалаштирилган тадбир қандай ўтаркин?", "Мурожаатчи билан бўладиган учрашув ижобий якун топармикин?", "Спорт мусобақасида ким ғолиб чиқар экан?" Раҳбарнинг ғоят жиддий ва ўйчан кайфиятни пайқаган ҳайдовчи ҳам чурқ этмасди.
Бу - Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти Кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиевнинг одатий иш куни бошланишидан бир лавҳа, холос. Аслида шундай тиғиз ва мураккаб, муаммоли ва масалаларга тўла кунлар кўпдан-кўп бўлади.
У юксак ташкилотчилик маҳорати, оқилона ечим топиш лаёқати ва метиндек мустаҳкам иродаси билан зиммасидаги масъулиятли вазифани сидқидил уддалашга ҳамиша эришиб бормоқда. 54 та бошланғич ташкилотга бирлашган 53 минг нафардан зиёд касаба уюшма аъзосининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишнинг, уларни халқ дардига дармон бўлишдек хайрли ва шарафли ишга руҳлантириб туришнинг ўзи бўлармиди?
Касаба уюшма ташкилоти фаолияти гўёки бошқаларга сокин турса-да, унга етакчилик машаққатли ва ўта масъулиятли вазифадир. Бинобарин, доимо эл дардини қалбан ҳис эта оладиган, одамларга нафи тегишидан завқланадиган, кўтарилган муаммо барҳам топмагунча тинмайдиган, адолат тамойиллари устуворлиги учун астойдил курашадиган - қўйинки ҳақпарвар ва халқпарвар инсонларгина унинг "нони"ни ея оладилар.
Аббосхон қарийб чорак асрда буён меҳнат фаолиятини инсон манфаатларини таъминлашга йўналтирилган ташкилот билан чамбарчас боғлаган. 1995-2017 йилларда жамоатчилик асосида Уйчи тумани марказий касалхонасида цех касаба уюшмаси қўмитаси ташкилотчиси, тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси вазифаларини сидқидилдан бажарган. Тизимли ва самарали иш олиб борганлиги учун вилоят ва республика кўрик-танловларида муваффақиятли қатнашган. 2015 йилда "Энг намунали бошланғич ташкилот" кўрик-танлови Республика босқичида эса фахрли иккинчи ўринга муносиб кўрилган.
2017 йилда "суяги касаба уюшма ташкилотида қотган" Аббосхон Мамадалиевга катта ишонч билдирилиб, у янада масъулиятлироқ лавозимга лойиқ топилди. Яъни, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг Наманган вилояти масъул ташкилотчиси этиб сайланди.
Ҳар жиҳатдан юқори малакали кадрнинг соҳа ишини ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлари тез орада мевасини берди. Аввало, ташкилот нуфузини оширишга эришди. Касаба уюшмасига аъзолик афзалликларини асослаш, янги касаба уюшма ташкилотларини тузиш ва ходимларни аъзоликка қабул қилиш борасидаги ишлари кўлами ортди. Меҳнат муносабатларида саломатлик посбонларининг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилишда, иш берувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш ва ижтимоий шерикчилик тамойилларини юзага чиқаришда ижобий натижалар қўлга киритилди.
Соғлиқни сақлаш ходимлари ҳамиша интилувчан, янгиликларга қизиқувчан бўлишади. Уларнинг спорт-соғломлаштириш ишларидаги жонбозлигини айтмайсизми. Бу жиҳатларни қўллаб-қувватлаш эса касаба уюшма ташкилотининг биринчи галдаги энг муҳим вазифаси саналади. Мана шу омилларга урғу берилгани боис "Ҳамшира", "Йилнинг энг яхши шифокори" анъанавий кўрик-танловлари ва турли спорт мусобақалари оммавийлигини таъминлашда ҳам Аббосхон Жамолиддиновичнинг алоҳида хизматларини қайд этиш жоиз.
Бугина эмас, Аббосхон Мамадалиев иш берувчилар, бошланғич ташкилотлар ҳамда касаба уюшмалар фаоллари билим ва кўникмалари оширишга доир кенг қамровли ишларни ҳам изчил амалга оширмоқда. Унинг ташаббуси билан касаба уюшма ташкилотлари вазифалари ва улар фаолиятини такомиллаштиришга оид ташкилланган қатор анжуманлар, ўқув ва тренинглар фикримиз далилидир.
- Аббосхон Мамадалиев вилоят тармоқ касаба уюшмаси Кенгаши раҳбарлигига сайланганидан кейин фаолиятимизда туб бурилиш ясалди, ташкилотимиз нуфузи кўтарилди. Тиришқоқ, талабчан, ташаббускор етакчи қўл остида фаолият кўрсатиш нақадар самарали эканлигини чуқур ҳис этяпмиз. Оқкўнгил, меҳридарё инсон соҳа ходимлари ижтимоий ҳимояси жонкуяри сифатида кўплаб хайрли ишларимизга бош-қош бўлмоқда. Унинг қўллаб-қувватлаши асносида ишимизда юқори натижадорлик учун интиляпмиз,-дейди Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шаҳноза Кимёназарова.
Пандемия шароитида касаба уюшмалари манфур инфекцияга қарши курашаётган тиббиёт ходимларининг чинаккам кўмакдошига айлангани беинкор ҳаётий ҳақиқат. Унинг ташаббуси билан "Тиббиёт ходимлари ҳимояси - биз учун муҳим!" шиори остидаги акция доирасида тармоқ касаба уюшмалари томонидан 156 миллион сўм маблағ марказлашган ҳолда йиғилиб, унга зарур ҳимоя ва гигиеник воситалар олиниб, тиббиёт бирлашмаларига етказиб берилди. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, карантин ҳудудларида хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари оилаларига манзилли моддий ёрдам кўрсатиш каби хайрия тадбирлари ҳам муҳим аҳамият касб этганди ўшанда.
Касаба уюшмалар фаол ташкилотчисининг кўп йиллик самарали ва ҳалол хизматлари муносиб рағбатлантирилган. Туман ва вилоят ҳокимликлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланган. 2019 йилда эса Аббосхон Мамадалиевнинг тиббиётдаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишдаги камтарона хизматлари муносиб баҳоланиб, вазирлик буйруғи билан "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони берилган эди.
Яқинда унинг ҳаётида яна бир унутилмас воқеа рўй берди. Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида 11 ноябрь -Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан "Янги Ўзбекистон - янги касаба уюшмалари" шиори остида ўтказилган тантанали байрам тадбирида унинг кўксини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг "EHTIROM NISHONI" безади.
- Бу юксак эътироф нафақат менга, балки соғлиқни сақлаш тизимида хизмат қилаётган кўп сонли касаба уюшма ташкилотлари фаолларининг хизматига берилган муносиб баҳодир, - дейди Аббосхон Мамадалиев. - Рағбат кучимизга куч, интилишларимизга қанот бағишлади. "Инсон қадри учун!" эзгу ғояси асосида бундан кейин ҳам юрт равнақи, тизим муваффақияти, касаба уюшма ташкилотлари аъзолари қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш учун янада самарали иш олиб боришдан асло чарчамаймиз. Зеро, элга наф келтирмоқ - олий саодатдир.
Шу ўринда мақола қаҳрамонининг таржимаи ҳолига ҳам назар ташлашни жоиз деб топдик. Унинг меҳнат фаолияти бошланганига ҳам салкам ўттиз йил бўлибди. Наманган тиббиёт билим юртини тамомлаганидан кейин Уйчи тумани марказий касалхонасида, тез тиббий ёрдам бўлими Машад филиалида, шошилинч тиббий ёрдам бўлими ва марказий касалхона қабул бўлими шикастланганлар пунктида аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида фидойиларча хизмат қилган.
Билимга чанқоқ, ўз устида тинмай ишловчи Аббосхон Жамолиддинович олий таълим сабоғини олмоқда. Дастлаб Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳридаги Минтақавий-ижтимоий инновацион университет табиий фанлар факультетида биология йўналиши бўйича сиртдан ўқиди. Айни пайтда ўқишни Наманган давлат университети биотехнология факультетида кечки тартибда давом эттирмоқда.
Оилали. Турмуш ўртоғи Каримахон билан тўрт нафар фарзандни тарбияламоқда. Катта қизлари Дилшода ота изидан борган. Айни пайтда Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ҳамшираси. Шодия эса Фарғона давлат университети табиий фанлар факультети 2-босқич талабаси. Дилдора ва Жамшидбеклар мактаб ўқувчиларидир.
Биз Кенгаш раиси билан учрашган кунимиз ҳам тиниб-тинчимас касаба уюшма етакчиси яна қаергадир шошаётган эди. Бинобарин, инсон манфаатларини таъминлаб, халқ таянчига айланаётган ташкилот олдига қўйилган вазифалар янада азму-шижоат, ташаббускорлик, ишчанлик ва қатъиятлиликни талаб этиши табиийдир. Касаба уюшмаларининг жамиятда тутган ўрни ва мавқеини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган Аббосхон Мамадалиевга бу борадаги серқирра фаолиятида ҳамиша омадлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.