Инсон яхши фазилатлари билан атрофидагиларнинг эътибору ҳурматига сазовор бўлади. Айниқса меҳри ва ширинсўзлари барчага ёқади, хуш кайфият бағишлайди. Тиббиётчиларнинг дори-дармонидан кўра ҳам, даставвал, дардмандларнинг кўнглига ёруғлик югуртирадиган мулойим муомиласи жуда-жуда зарур. Олмослик Ҳабибахон Абдуллаева оқ халатлилар сафида мана шу хислати билан катта обрў топаётганлардан биридир.

Наманган тиббиёт билим юртининг ҳамширалик йўналишида сабоқ олиб, иш бошлаганига роса 30 йил тўляпти. Чустнинг Олмос қишлоғи аҳолиси саломатлигини сақлаётган фидойи касб эгалари ўртасида меҳрибон доя, аёлларнинг жонкуяр маслаҳатгўйи сифатида ҳурмати баланд. Негаки, вазифасига ҳамиша масъулият билан ёндашади. Оналар ва оналикка тайёрланаётган ҳомиладорлар бу инсоннинг қимматли маслаҳатларини олишиб, айтганларига амал қилишиб, ўзларининг ҳам, болаларининг ҳам соғлом яшашига эришишмоқда.

- Ҳабиба опамиз ҳузурларида бўлганлар акушер-гинеколог кўригига пухта тайёрланган ҳолда киришини, ҳомиладорлик даврини тиббий талабларга қатъий риоя қилиб ўтказишгани учун туғруқлар осон кечишини эшитиб, олдиларига ихлос билан борамиз, - дейди Рисқижон Абдужалилова. - Сабаби, ширин тил, билимдон ва юқори малакали доя аёлларга худди ўз опаси ва онасидек муносабат кўрсатадилар. Нима фойдали-ю, нима зарарлигини вақтида уқтириб, хавф­дан огоҳ этиб, икки жоннинг саломатлиги учун чинакамига қайғурадилар.

Шу каби эътирофларни  Ҳасанова, Шаҳло Ҳакимжонова ва Шаҳноза Ҳамидова каби яна ўнлаб аёллардан ҳам эшитиш мумкин. Ахир Ҳабиба Абдуллаева Булоқбоши маҳалласига хизмат кўрсатади. Унинг тасарруфида 647 нафар туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар бор. Вақти-вақти билан тиббий кўрикка чорлаш, уйма-уй кириб, сернаф маслаҳатлар бериш, чиллали вақтида хабар олишни доимо виждонан бажаради.

Доянинг ўзи акушер-гинеколог Зулхумор Соҳибовани устозлари қаторида ғоят мамнуният билан тилга олади. Инчунин, улар иккиси ҳамкор ва ҳамнафас иш юритишади. Бошқача айтганда, Ҳабибахон аёлларни врач назоратига киритишга тайёрлайди. Кўрикдан кейинги ҳолатлари-ю, хатти-ҳаракатларини назорат қилиб боради. Врачу доянинг мақсадлари ягона, у ҳам бўлса - соғлом онадан соғлом боланинг вужудга келишини, ёруғ оламда бенуқсон чақалоқнинг қувончли йиғиси янграшини кўришдир.

- Доячиликни танлаб сира-сира янглишмаган эканман, - дейди Ҳабибахон Абдуллаева. - Илк устозим Шаҳлохон Икромовадан кўп хислатларни ўрганганим фаолиятим муваффақиятида ҳамиша кор келмоқда. Аввало, меҳрибонликни ўрнига қўя олиш, кейин эса, бетаъма хизмат кўрсатиш биз учун муҳимдан-муҳимдир. " COVID - 19" пандемия­си вазифамизга яна янги вазифалар қўшишимизни тақозо этди. Патронаж ҳамшираларга кўмаклашиш, эмлаш тадбири тўкислиги ва жадаллигини таъминлашга ёрдамлашиш борасидаям фаолмиз.

Дарҳақиқат, доя ишлаётган 46-оилавий поликлиника тасарруфидаги Қоратепа, Бирлик, Ариқбўйи, Марказ, Мунчоқтепа ва Булоқбоши маҳаллаларида яшовчиларнинг шу кунгача қарийб 80 фоизи коронавирусга қарши эмланишдан ўтди. Эътиборли жиҳати, бугунга келиб хоҳ катта, хоҳ кичик ёшдагилар бўлсин, деярли ҳамма эмлаш - саломатликнинг ишончли, энг самарали қалқон эканини тушуниб етди. Бунда доя Ҳабибахон Абдуллаева билан ёнма-ён турган, маҳаллаларда хонадонма-хонадон юрган Ҳалима Ҳожиева, Шаҳноза Иброҳимова, Маҳлиё Муҳсинова ва Шаҳло Йўлдошева сингари ўндан зиёд патронаж ҳамшираларнинг сидқидил хизматлари бор, албатта.

Тиббиётчилар байрами айёмида вилоятнинг бир гуруҳ илғор саломатлик посбонлари қаторида Ҳабибахон Абдуллаевага ҳам вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи тантанали топширилиши юқоридаги ҳалол ва фаол хизматларининг муносиб баҳоланишидир. Айни пайтда маҳалладошларига меҳр кўрсатиб, ўзи ҳам улардан мехру ихлос топаётган доя зиммасидаги вазифасини янада масъулият билан адо этиш иштиёқида ишламоқда.

Содиқ САЙҲУН.