Ҳар бир юртнинг бугуни ва эртаси ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Зеро, барча ота-оналар ўз фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмаганлари каби, устозлар ҳам ўз ўқувчи - шогирдлари камоли учун улардан кам куйинишмайди. Дунёвий билим ва кўникмаларга эга, Ватанимизнинг ёрқин келажагига масъул, мақсадлар сари интилувчан ва шижоатли ёшларни тарбиялаш ғоят долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Яқинда ўғлим таълим олаётган Намангандаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми ота-оналар мажлисига таклиф қилишди. Техникум дарвозасидан кириб борар эканман, у ердаги саранжом-саришталик диққатимни тортди. Асосий бинонинг 2-қаватига кўтарилганимда эса озодаликдан ташқари ажиб бир сокинликни ҳис қилдим. Бу ердаги талабалар учун яратилган имконият ва берилган имтиёзлар кўлами билан йиғилишда танишиш асносида, аввало, ёшларни қўллаб-қувватлаётган Президентимизга ва техникум маъмуриятига самимий миннатдорчилик билдиргим келди.

Маълумки, мазкур таълим даргоҳидан минглаб саломатлик посбонлари - ҳамширалар етишиб чиққан ва инсонлар соғлиги йўлида фаолият олиб боришмоқда. Ҳозирда талабаларнинг ҳар томонлама мукаммал билим олишлари, ўз касбларини пухта эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Амалиётларини сифатли олиб бориш мақсадида тиббиёт муассасалари билан шартномалар тузилган. Талаба-ёшларнинг маданий дам олишларини ташкил этиш учун турли тадбирлар ўтказиб туриш ҳам анъанага айланган.

Юқоридаги бу вазифаларни бажаришда техникум директори Умидахон Шариповадан тортиб, ёшлари улуғ Ҳамиджон Қувонов, Усмонжон Қориев ҳамда уларга издош ёш устозлардан Жамолиддин Тожибоев ва Хуршидахон Болтабоевалар фаол ҳаракат қилишмоқда.

Билим - катта дарё, устоз - сиз мироб,

Миллат равнақида мураббий - офтоб

Замонлар ўзгарар, асрлар ўтар,

Қуёшдек ўзгармас устоз ва китоб.

Шоир сатрлари ила ўз фикрларимни якунлар эканман, устозларнинг сермашаққат ва шарафли ишларида янгидан янги ютуқлартилаб қоламан.

Одина УБАЕВА.

Учқўрғон тумани