Камчиликларга муросасиз, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва ҳамма беморларни тезда соғайишлари бўйича қайғурувчи шифокор сифатида танилган Ҳамидулло Шералиев 70 ёшга тўлди.
Уни 1975 йили Тошкент давлат тиббиёт олийгоҳини битириб, туман санитария-эпидемология станциясида санитария врачи сифатида иш бошлаганидан буён яхши танийман. Айниқса, бош врач лавозимида фаолият юритган 1986-1996 йиллари яқиндан ҳамкорлик қилиб, жамият тараққиётининг ҳақиқий жонкуяри эканлигини янада чуқурроқ англадим. Бевосита ташаббуси билан ташкилот, муассаса ва аҳоли истиқомат жойларида юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тарғибот, тушунтириш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Мазкур масала бўйича мактабгача таълим, халқ таълими ҳамда умумий овқатланиш тизимига қарашли муассасаларда кўргазмали амалий семинарлар, мулоқотлар ташкиллаганлигига кўп бор гувоҳ бўлганман. Туман газетасида муттасил равишда мақолалари, туман радиоси орқали эса қизиқарли суҳбатлари билан фаол қатнашарди. Соҳасини яхши билгани, раҳбарлик қобилиятига эгалиги, нотиқлиги, камчиликларга муросасизлиги, қўл остидаги ходимларга талабчан ва айни пайтда ғамхўрлиги туфайли белгиланган тадбирлар режаси узлуксиз равишда рисоладагидек бажарилиши таъминланар эди. Бу юқумли касалликларга дучор бўлувчи кишилар миқдори ҳам пасайишига эришилди деганидир. Ич терлама, гепатит "А" билан касалланиш даражасини камайтиришга муваффақ бўлинган.
Кейинги йилларда ҳам тизимда қайси вазифада ишламасин, бурчини виждонан адо этиш ҳаракатида. Ҳозирда ҳам туман санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлимида самарали фаолият юритяпти.
2019 йили "Мингбулоқни юқумли касалликларсиз туманга айлантирайлик!" деган ташаббус бошланган. Бу ташаббуснинг ғояси шифокор Шералиев эди. Даъватга туман тиббиёт бирлашмаси, 2-вилоят сил касалликлари шифохонаси жамоалари ҳам якдиллик билан қўшилдилар. Натижа шуки, 2021 йилнинг 9 ойлик кўрсаткичлари таққосланганда, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан гепатит "А" 90 фоизга, ўткир диарея 81 фоизга камайган. Бошқа юқумли касалликлар эса қайд этилмагани қувонарлидир.
"COVID-19"нинг олдини олиш бўйича ҳам кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Унга қарши эмлаш ишлари режа асосида ташкил этилаяпти, вилоятда олдинги ўринларда. Касалликнинг олдини олиш бўйича асосий омиллардан бири аҳолини эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш эканлигини таъкидлайди врач Шералиев. Эмлаш ҳаракатида ўзи ҳам ҳамкасблари билан бир сафда астойдил қатнашмоқда.
Қаҳрамонимиз нафақат ўз касбининг фидойиси, қолаверса, оила жонкуяри ҳамдир. Ўғли Одилжон олий маълумотли тадбиркор. Қизи Гулчеҳра ота касбини танлаган. Гулнора ва Дилфузалар эса олий маълумотли ўқитувчилар сифатида ота ўгитларига риоя этган ҳолда фаолият юритиб келишмоқда. 13 нафар набиранинг бобоси эди. 70 ёшга тўлиши арафасида чеварали ҳам бўлганини юбилейига муносиб туҳфа деб ҳисоблайди у.
- Ҳамидулло акани устозим сифатида қадрлайман, - дейди туман СЭО ва ЖСХБ мудири Анваржон Матмуродов. - Унинг ҳамон ўз устида тинимсиз ишлаши, изланишлари, жонсараклик фазилатларини ниҳоятда қадрлайман. Илғор услуби ва тажрибасини ҳар бир ёш ҳамкасбим ўзлаштирса арзигулик. Ҳаёти ва меҳнат фаолияти барчамизга ибрат бўларлидир.
Ҳа, Ҳамидулло ака бурчига садоқат билан ёндашиб, ҳали юқумли касалликларнинг олдини олишга кўп ҳисса қўшишига ишонамиз. Кези келганда, шифокор Шералиевни таваллуд топган куни ҳамда касб байрами муносабати билан қутлаб, юксак эзгу мақсадлари ижобатини тилаймиз Яратганимиздан.
Қосимжон АКБАРОВ.