Ойшахон табиатан дадил, изланувчан қиз эди. Ўз олдига болаликдан қўйган мақсади - аёллар шифокори бўлиш орзусига эришиш учун астойдил ҳаракат қилди. Андижон давлат тиббиёт институтига ҳужжат топшириб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтди. У пайтларда имтиҳонлар рус тилида топшириларди, Наманган шаҳрининг соддагина қизи Ойшахон куну тун рус тилини мукаммал ўрганишга киришди. Тиббиётнинг сир-асрорларини қунт билан эгаллади.
1964 йилда врачлик дипломи билан она шаҳрига қайтди. Икки йил давомида 2-шаҳар шифохонасида терапевт мутахассислиги бўйича интернатура ўтади. Кейин 1966 йилдан то 1984 йилга қадар шаҳардаги 2-туғруқхонада врач акушер-гинеколог бўлиб фаолият юритди. Бу йиллар унинг учун чинакам тажриба мактаби бўлди. Ўз ишига садоқати, ҳалоллиги, ширинсуханлиги боис эл аро обрў топди, "қўли енгил доктор" сифатида танилди.
1984-1986 йиллар давомида вилоят туғруқхонасининг 1-акушерлик бўлимини бошқарди. Бўлим мудирлигидан туғруқхонанинг даволаш ишлари бўйича бош врач муовини вазифасига кўтарилди. Бу лавозимда 1992 йилга қадар иш олиб борди. 1992 - 2003 йиллар давомида эса вилоят туғруқхонаси бўлимларида бўлим мудири, 2003-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги Акушерлик ва гинекология илмий текшириш институти Наманган филиали гинекология бўлими мудири, ОПБ врач ординатори сифатида эл соғлиги йўлида самарали ва сидқидил хизмат қилди.
Бу йиллар шунчаки ўтмади, меҳнат дафтарчасига шунчаки қайд этилмади. Наманган Ойшахон Қўчқорова деган зўр акушер-гинекологи билан фахрланса арзийдиган бўлди, опанинг қўлида минглаб гўдаклар соғ-омон дунёга келди, аёллар оналик бахтига мушарраф бўлди. Қанча-қанча қизалоқларга орзу-ҳавас ва миннатдорлик ила унинг исми қўйилди.
Бу эътирофу эҳтиромлар, чин дилдан қилинган дуолар беиз кетмади. 1996 йилда Ойшахон Қўчқорова Президент Фармонига биноан, "Ўзбекистон Қаҳрамони" бўлди. Кўксини олтин юлдуз безади!
Наманган вилоят туғруқхонасида узоқ йиллар меҳнат қилган, фаолияти мобайнида она ва бола саломатлигини асрашдек масъулиятли ишни сидқидилдан бажарган бу аёлни барча бирдек қадрлайди.
Опанинг оиласига ҳам ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Турмуш ўртоғи Маҳмуджон Аҳадов билан институтда танишишган. Раҳматли қайноталари Аҳаджон тўра ўқимишли аёлларни ҳурмат қилгани учун бу никоҳни қўллаб-қувватлаган.
Маҳмуджон Аҳадов кўп йиллар вилоят шифохонасида бош жарроҳ бўлиб ишладилар. Икки овсин, икки қайинсингил, қайинака ва укаларининг ҳурматини жойига қўйгани учун улар ҳам Ойшахон "дўхтир аёл"ни чексиз ҳурмат қилишарди. "Ҳеч қачон кирларини охиригача ювмаганман, энди кирга ўтирсам, "Тез тиббий ёрдам" машинаси келарди, шаҳар ва тумандаги дарди оғир аёлларга зудлик билан тиббий хизмат кўрсатиш учун олиб кетарди", - дер эдилар опа келинлик йилларини хотирлаб.
Чунки ўша вақтда Ойшахон Қўчқаровадек моҳир акушер-гинеколог, жарроҳ бўлмаган. Қаҳрамон устозимиз уч фарзанднинг бебаҳо онаси. Ўғиллари Баҳодир ва Жаҳонгир Аҳадовлар - муҳандис. Ягона қизлари Гулузра Аҳадова ота-онасининг касбини эгаллаб, врач акушер-гинеколог сифатида марказий туғруқхонада ишлади. 2003-2007 йилларда Тошкент Акушерлик ва гинекология илмий амалий марказига аспирантурага ўқишга кирди, 2007 йилда муваффақият билан номзодлик диссертациясини ёқлади. Икки нафар фарзанднинг онаси Тошкент ва Наманган акушер-гинекологлари ўртасида катта ҳурматга сазовор бўлди. Афсуски, 2010 йилда бахтсиз ҳодиса - автоҳалокат натижасида Гулузра ҳаётни бевақт тарк этди...
Тақдирнинг бу оғир зарбасига матонат билан чидаган Ойшахон опа ҳақиқий ўзбек аёли тимсоли. Наманганда юзлаб акушер-гинекологлар мактабини яратган аёл. Рус устозлардан ўрганган энг қийин жарроҳлик амалиётларини куч ва билимини аямай барча шогирдларига ўргатди. У каби мукаммал касаллик тарихларни тўлдирган врач бўлмаган. Фан номзодлари, бош врачлар, бош акушер-гинекологлар бўлган шогирдлари бутун МДҲ давлатлари ва Ўзбекистондаги нуфузли клиникаларда ишлаб келишяпти.
Бугун Наманганнинг Қаҳрамон аёли - Ойшахон Қўчқарова 80 ёшда! Бебаҳо илми, тажрибаси, юксак инсоний фазилатларини ўнлаб, балки юзлаб шогирдларига мерос қилиб топширган опа кексалик нафақасида бўлса-да, йўқлаб келгувчилар, малакали врач ва ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган пирубадавлат она сифатидаги маслаҳатларига муҳтожлар билан хонадони ҳамиша гавжум.
«Ойшахон Қўчқорова. Бу аёлни танимаган, билмаган одам топилмаса керак, - дейди олий тоифали акушер гинеколог, тиббиёт фанлари номзоди Лола Абдуллаева. - Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан интернатурага йўлланма Намангандаги марказий туғруқхонага берилди ва у ерда бош врач Муҳитдинова Клара Усмановна мени меҳр билан кутиб олдилар.
Интернатура гуруҳ раҳбари Ойшахон опани кўрибоқ, яхши кўриб қолганман. Чунки улар ўзларининг ишлари, навбатчиликлардан ташқари бизга, яъни ёш врачларга билимларини, вақтларни аямасдан акушерлик сабоқларини ўргатганлар. Биринчи синф ўқитувчиси ручка ушлашни ўргатганидек, скальпельни тўғри ушлашни, игна ушлагични ишлатишни қунт билан ўргатганлар.
Баъзи вақтда анестезиолог-реаниматологлар уришарди: "Опа, ўзингиз операцияни тезроқ тугатиб қўя қолинг" деб, лекин устоз: "Булар бизнинг келажакдаги ўринбосарларимиз, биздан ҳам моҳир жарроҳ ёки акушер бўлиши керак", - дердилар.
Энг асосийси, беморлар билан мулоқотни, беморлар дардини қунт билан эшитишни, беморга ҳурматни ўргатдилар. Бир куни эсимда, ҳайит байрамида устоз ва биз шогирдлар навбатчимиз. Кетма-кет оғир беморлар, оғир жарроҳликлар бўлди. Бир беморимиздан қўп миқдорда қон кетиб қолди. Унда қон препаратлари муаммо эди ва зарурият туғилса, тўғридан-тўғри иссиқ қон қуйиларди. Қон топилмагани учун, опа: "Гуруҳим тўғри келаркан", дедилар ва беморга қон бердилар. Ундан кейин эрталабгача қийин жарроҳлик амалиётларини кўз юммасдан бажардилар.
Давлатимиз томонидан устозимнинг меҳнатларини тўғри баҳолаб, "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони берилди. Биз шогирдларнинг хурсандчилигимиз чексиз эди. Фахрланиб, ҳалигача: "Ойшахон Қўчқаровна - Ўзбекистон Қаҳрамонининг шогирдлари, қизларимиз!" - деб мақтаниб юрамиз.
Кўпчилик шогирдлар қатори мен ҳам устозимнинг ўгитлари, панд-насиҳатларига амал қиламан. Уларнинг ҳар бир эзгу амаллари мен учун ўрнак бўлади. Тақдиримда шундай табаррук инсон билан бирга ишлаш, ундан тиббиёт сирларини ўрганиш, шогирди бўлишдек бахт битилганига шукроналар келтираман».
Наманган шаҳар туғруқ комплекси врачи, акушер-гинеколог, тиббиёт фанлари номзоди Тошпўлат Абдукаримовнинг фикрлари ҳам эҳтиромга тўла:
- Ойшахон Қўчқарова ҳақида сўз кетганда, аввало унинг турмуш ўртоғи, севимли устозимиз Маҳмуджон Аҳадовни эсламасликнинг иложи йўқ. Наманганда хирургиянинг отаси, дейишимиз мумкин. Бу инсон Наманган вилоятида хирургия соҳасида моҳир хирург сифатида кўплаб шогирдларни тарбиялади ва уларни шу соҳада етук профессионал шифокор бўлиб етишишларига муносиб ҳисса қўшди. Унинг сабоқларидан ўринли ибрат олган шогирдлар ҳозирга келиб инсон саломатлигини сақлашдек шарафли ва машаққатли бурчни сидқидилдан адо этиб келмоқдалар.
Ойшахон Қўчқарованинг мана шу даражага етиб келишида турмуш ўртоғининг ҳиссасини мен алоҳида эътироф этмоқчи эдим. Чунки бу икки инсон бир хил касб эгаси. Иккиси ҳам шифокор, бир-бирини қўллаб-қувватлади, маслаҳатлашди, елкадош бўлди. Оғир кунларда Ойшахон опани Маҳмуджон ака қўллаб-қувватлади, ҳамдард бўлди.
Бир инсонни яқиндан билишни истасанг, у киши билан сафарга чиқиш, ё қўшни бўлиш, ёки ҳамкасб бўлиш керак экан. Устозимиз Ойшахон Қўчқарова билан бир неча йиллар давомида ҳамкасб бўлиб ишладик. Устоздан жуда кўп билим ва малакаларни олдим, тажриба алмашдим. Аввало у чинакам дўст, меҳрибон аёлдир. Бугун у том маънода замонамизнинг чинакам қаҳрамони.
...Яна бир тонг отди. Туғруқхона деразасидан яна бир чақалоқнинг "инга"си эшитилди. Бир неча соатлик уринишлардан сўнг она ва бола саломатлигини асраб қолишга муваффақ бўлган шифокор устозига қўнғироқ қилди. Негадир, шундай қилгиси келди. Жарроҳлик амалиётининг қандай кечгани, она ва боланинг ҳозирги ҳолати ҳақида гапириб берди. Худди жажжи бола қилган яхши иши учун онасидан мақтов кутаётгандек ҳолатда эди у. "Баракалла, астойдил бўлинг. Мана шундай давом этинг, изланишдан асло тўхтаманг!" - деди устоз. Бу Ойшахон Қўчқарова эди.
Бу каби ҳол тез-тез такрорланади. Тез-тез чалинадиган телефон қўнғироғи ана шундай хуш суҳбатларга гувоҳ бўлади. Лавҳамиз қаҳрамони ана шундай - ҳаммага керакли инсон!
Санжарбек ҲАМИДОВ.