Нуронийлик инсон умрининг саодат фасли. Ҳаётнинг бу босқичида отахонлару онахонларимиз саломатлик пос­бонларининг меҳри ва эътиборига айниқса кўпроқ эҳтиёж сезадилар. Шифокорнинг хушмуомаласи, далдаси ва қўллаб-қувватлаши уларнинг янада тетиклашувига, дарддан тезроқ қутулишларига, энг муҳими яшашга бўлган умидларию ишончлари ортишига имкон яратади.

Мингбулоқ туманининг Қўриқобод маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдумажид ота Раимов ҳам кейинги пайтларда ўзини анча ёмон ҳис қилаётган эди. Кўриш ва эшитиш аъзолари заифлашиб қолаётгандек сезиларди гўё. Кутилмаганда унинг хонадонига бир гуруҳ шифокорлар кириб келишди. Лор врачи Ҳасанбой Абдураҳмонов, офтальмолог Нажмиддин Ёқуббоев, терапевт Абдували Асқаровлар қария саломатлигини обдон текширишди. Аниқланган касалликни зудлик билан даволаш юзасидан маслаҳатлар беришди. Вилоят "Дори-дармон" акционерлик жамияти раиси Раҳимжон Қосимов пойтахтдан юборилган дори ва тиббий буюмлар солинган махсус қутини уруш фахрийсига топширди.

- Юртимиз тинч, диёримиз янада обод, мустақиллигимиз абадий бўлсин, - дея қўл очди дуога қадрлашу, меҳру мурувватдан шодланган А. Раимов.

Бундай миннатдорчилик изҳорларига тўла эзгу тилаклар бир ҳафта давомида вилоятимизнинг энг тажрибали шифокорлари иштирокида барча туманлар ҳамда Наманган шаҳрида "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин" шиори остида ўтказилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик пайтида қайта-қайта такрорланди.

- Савобли саъй-ҳаракатда қатнашаётганимдан ғоят хурсандман, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори, офтальмолог Наж­миддин Ёқуббоев. - Кекса ёшдаги кишиларда кўз касалликлари айниқса кўп учрайди. Беморларга баҳоли қудрат ёрдам беряпмиз. Уларнинг узоғини яқин қиляпмиз.

Ҳафталик кунлари уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, қариялар, ногиронлар соғлиғи кўп тармоқли марказий поликлиникаларда олиб борилган тиббий текширувлар чоғида ҳам ўрганиб чиқилди. Бундан таш­қари алоҳида гуруҳлар беморларнинг уйларига ташриф буюриб, тиббий кўрикларни бевосита ўша жойнинг ўзида амалга оширди.

- Ҳудудимизда яшовчи уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, кекса ёшдаги инсонларнинг барчаси алоҳида эътиборда, - дейди Наманган шаҳридаги 9-оила поликлиникаси бош шифокори ўринбосари Насибахон Дадабоева. - Ижтимоий акция боис уларнинг барчаси тиббий кўрикка чорланди. Бевосита уйларга борилиб, ётиб қолган нуронийларга тиббий хизмат кўрсатилди. Бу жараён бардавом.

Сумалак маҳалласида 90, ҳатто 100 ёшдан ошган отахон ва онахонлар умргузаронлик қилишади. Саломатлик ҳафталиги кунлари табаррук инсонлар хонадонида тиббий кўрик ўтказилди. Хайрия туҳфалари тар­қатилди.

- Мамлакатимизда биз фахрийларга доимий ғамхўрлик кўрсатилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Айниқса, саломатлигимиз муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан ғоят мамнунмиз. Кексалари эъзозланадиган юртда истиқомат қилаётганим учун бир асрлик ёшга етдим, - дейди Ҳолмирза бобо Ваҳобов. - Ҳаётимиз янада фаровон бўлсин, азиз Ватанимиз бундан-да юксалсин.

Тиббий тадбир даврида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси штатсиз бош жарроҳи Т. Мамадумаров, бош офтальмологи А. Сулаймонов, бош невропотологи Н. Саримсоқова, бош терапевти Р. Абдуллаев, бош лор врачи В. Қамбаров, бош урологи Ю. Дўсановлар раҳбарлигидаги гуруҳлар маҳаллий шифокорлар билан фаол иш олиб боришди.

- Беш юз нафардан зиёд фуқарода турли касалликлар аломатлари аниқланди. Юрак қон-томир, кўз, эшитиш, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш аъзолари ва бошқа хасталикларга чалинганлардан 451 нафари амбулатор, қолганлар стационар шароитларда даволатилади. 50 нафар бемор эса вилоят ҳамда республика ихтисослашган даволаш-профилактика муассасаларига юборилади. 25 нафар отахон ва онахонларимиз санатор-курорт­ларда саломатликларини тиклайдилар, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Фур­қатжон Раҳматов.

"Кексаларни эъзозлаш йили"даги ушбу ижтимоий акция самараси ўлароқ ёши улуғ авлод вакилларига юқори малакали тиббий хизмат, меҳр ва эътибор кўрсатилди. Фахрийлар саломатлигини янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилгани эса диққатга сазовор.

Абдулла ҒОЗИЕВ.