Олти ойдан ошдики, юртимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш изчил олиб бориляпти. Бу қийин ва мураккаб ишнинг биринчи сафида саломатлик посбонлари туришибди. Яна ҳам олдинги сафда бораётган соҳа вакиллари борки, уларнинг матонатига, сабру тоқатига қойил қолмасдан илож йўқ. Гап аҳоли орасида коронавирус инфекциясини эрта аниқлаш борасида лаборатор ташхис таҳлилларини кечаю-кундуз фаол олиб бораётган лаборатория ходимларининг фидойилиги ҳақида бормоқда.
Пандемия бошланганидан бери вилоят ОИТСга қарши кураш маркази қошидаги полимер занжир реакцияси лабораторияси узлуксиз фаолият кўрсатмоқда. Covid-19 касаллиги диагностикаси билан боғлиқ тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Вазифа ғоят мураккаб ва айни пайтда ғоят масъулиятлидир.Чунки, таҳлил топширган ҳар бир гумондорнинг тақдири, яъни ўз вақтида самарали даволаниши лаборатор текширув натижаларига боғлиқ.
Ўз касбининг усталари ҳисобланган лаборант ҳамшира ва шифокорлар 24 соат давомида турли ҳудудлардан олиб келинган таҳлил намуналарини замонавий, ўта сезгир восита ва аппаратлар ёрдамида синовдан ўтказадилар. Кейинги кунларда юборилаётган намуналар миқдори ортганлиги уларнинг ишини ҳам анча тиғизлаштириб юборди. Шунга қарамай улар зиммаларидаги вазифаларни сира кечиктирмасдан уддалашяпти.
Суратларда: махсус лаборатория ходимларининг фаолияти акс этган. Дилдора Иномжонова ва Нигора Усмоналиевалар топширилган таҳлилларни ҳисоб-китоб қилишади. Сўнгра кумуляция бошланади. Ундан кейин врач-лаборантлар Абдумалик Асқаров, Нодирбек Собиров ва лаборант Дилфуза Тўрабекова РНК (рибонуклайн кислота ажратиш) босқичини амалга оширишади. Жами текширув жараёнларнинг натижалари мана бу компьютерга келиб тушади ва кимнинг соғ ёки коронавирусга чалинганлиги аён бўлади. Врач-лаборант Дилшод Тожибоев текширув натижаларини бош врачга жўнатади.
- Эҳтиёж ҳаддан ошиб кетганлигини ҳисобга олиб "Дилбарой малҳам шифо сервис" МЧЖ биносида марказимизнинг филиалини очдик. Натижада иш унумдорлиги кескин ўсди. У ерда мутахассисларимиз Гўзалхон Абдураимова, Клара Исматова ва бошқалар самарали иш олиб боришяпти. Ҳозир кунига мингтага яқин намунани текширувдан ўтказяпмиз, - дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Раҳмонжон Абдуллаев.
Юқори унум ва тезкорлик бу жамоанинг қатъий шиорига айланган. Марказ томонидан ходимларнинг яшаши ва унумли ишлаши учун барча шароитлар муҳайё этилганлигини ҳам алоҳида қайд этмоқ жоиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.