Чунки у нажот фариштаси тимсолида

беморларнинг хонадонида ҳозиру нозир.

Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлимига етиб борганимизда бўлим бошлиғи Ҳабибулло Усмонов бир гуруҳ ходимларига коронавирус билан боғлиқ вазифаларни яна бир бор тушунтираётган экан. Бизга кўзи тушибоқ карантин қоидасига амал қилган ҳолда бошини силкиб саломлашди-да, ниятимизни фаҳм­лаб жилмайди.

- Дилбархон опани мақтагани келдингиз шекилли.

- Албатта.

- Унда шошилинг, ана ҳамшира билан чақирувга шай турибдилар. -Бошлиқ нарироқдаги "Дамас" - амбулансга ишора қилди-ю, барибир кўнгли тўлмади.

- Дилбархон опа, бу ёққа қараб юборинг!- деди ҳали биз оғиз очмасимизданоқ.

Бошдан - оёқ махсус хизмат кийимидаги шифокор "Нима гап?" дегандай бизга юзланди.

- Сиз ҳақингизда ёзишмоқчи экан, - изоҳ берди бошлиқ.

- Ҳозир беморнинг ёнига шошиляпмиз, малол келмаса, кутиб турсангиз, - деди у қатъий оҳангда бизга.

Шу ҳолатнинг ўзиёқ ҳали мулоқот қилмасимиздан Дилбархон Бўтаеванинг қандай врач, қандай инсон эканини кўрсатиб қўйди. Бемор кутиб турганида ўз манфаатини ҳеч иккиланмасдан ортга суришга жазмли, қатъиятли аёллиги намоёнланди. Чақирувдан қайтгунча эса бўлим бошлиғини саволларга тутдик.

- Тез тиббий ёрдам бўлимимизда 56 нафар врач ҳамда 168 нафар ҳамшира-фельдшерлар хизмат қилишади, - деди Ҳабибулло Усмонов. - Зиммамиздаги вазифа аввалдан ҳам жуда масъулиятли эди. Сovid-19 пандемияси шароитида беҳад мураккаблашди. Ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқа ҳушёр, чаққон ва эпчил бўлинмаса, эътирозлар туғилади. Қолаверса, касални касалдан фарқлашда хато қилиб қўймаслик масъулиятиям қўшилди.

Бу борада Дилбархон опа барчага намуна, ёшлариям улуғ, тажрибалариям етарли, касбий малака -маҳоратлариям юксак. Бежиз олий тоифага эга эмаслар. Унинг замирида кўп йиллик самарали фаолият ётади. Шу боис юксак мукофотга муносиб кўрилдилар. Бундан аҳил жамоамиз ғоят фахрланмоқда. Улар кўнглида халқ учун қилинаётган ҳалол ва фаол хизмат шак-шубҳасиз қадрланишига иқрорлик туйғуларини уйғотиб, опадек ўрнак кўрсатиб ишлаш иштиёқини кучайтириб турибди, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Шу пайт ҳовлига чақирувдан қайтаётган машиналардан бири кириб келди.

- Ана - рулдаги ҳайдовчи Адҳамжон Жалилов, тушаётганлар олий тоифали врач Дилором Исроилова, олий тоифали ҳамшира Гулчеҳра Муродова, - дея таништирди бўлим бошлиғи. - Улар Дилбархон опанинг ҳамкасблари, издошлари.

Худди космонавтларга ўхшаб қолишган врач ва ҳамшира махсус устки кийимларини еча бошлашди. Кичик тиббиёт ходим Мастура Абдуназарова комбинзонга, бош кийимга, кўз ойнакка, қўлқопу резинка этикка 0,5 фоизли хлор эритмасини пуркаб зарарсизлантиришга киришди. Кейин эса бир марталикларини йўқотишга, яна фойдаланиладиганларни тозалашга ажратиб, махсус идишларга жойлаб, кўздан ғойиб қилди.

- Мастуранинг меҳнатиям хавфли, лекин кимдир қилиши керак-ку, - деди Ҳабибулло Қозоқжонович ходимидан хурсанд бўлиб. - Тўрт фарзанднинг онаси, оёқ-қўли чаққон. Ўзиниям, ўзгаларниям коронавирусдан асрашга масъул. Чарчадим демайди, қўлида антисептик восита билан елиб-югуриб ишлайди. Муҳофаза кийимлару ҳамда воситалари таъминотида муаммо йуқлигидан кўнгли тинч...

Ниҳоят Дилбархон Бўтаева бригадаси хизматидаги "Дамас" - амбуланс марказга қайт­ди. Ичидан тиббиёт ходимлар тушишгач, ҳайдовчи машинасини катта йўл томонга ўнглаб, нав­батдаги чақирувга шай қилиб қўйди.

- Намунча, узоқ кеттиларинг? - қизиқиб сўрадим Дилбархон Аҳмадовнадан.

- Биз йўлдаям, чўлдаям марказ билан алоқада турамиз. Агар яна янги чақирув тушса, дарҳол хабар етказишади. Шунинг учун бир хонадондан чиқиб, иккинчисига , ҳатто учинчи - тўртинчисига ўтаверамиз.

- Ҳозирги чақирувлар қандай кечди?

- Ҳаммаси муваффақиятли. Энг қувонарлиси, беморларда Covidга шубҳа сезмадик. Дастлаб Жомашуйдаги 2-домда яшовчи Алексей Буновдан хабар олдик. Дори-дармон бердик. Ундан чиқиб, 14-домга кирдик. 15 ёшли Самандар Йўлдошевга муолажа қилдик. Охири Ғафур Ғулом кўчасидаги 11-уйда истиқомат қилувчи 95 ёшли Ҳафиза буви Каримованинг олдиларига ўтдик. Оёқлари аввалдан азоб бериб келади. Оғриқ қолдирувчи укол юбордик, таблетка бердик. Тинчлантириб, кўнглимиз беҳад равшан тортди. Сабаби, ўзлари каби узоқ яшашимизни Аллоҳдан сўраб, кўпдан - кўп дуо қилдилар...

Маълумки, юртимиз истиқлолининг 29 йиллиги айёмида Президентимиз Фармонларига кўра, бир гуруҳ илғорлар шарафли унвон, орден ва медаллар билан мукофотландилар. Улар орасида Мингбулоқ тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Дилбархон Бўтаева ҳам бор эди. II даражали "Саломатлик" орденига муносиб кўрилган аёлнинг таржимаи ҳолига назар ташласак, у оддий врач сифатида кўп йиллар хизмат қилиб, ўзининг бор билиму малакасини беморларни тез ва самарали даволашга сарф этаётганини англаб етамиз. Андижон давлат тиббиёт институтининг 1992 йили ўқиб тамомлаган педиатр интернатурани Наманган шаҳридаги 4-бирлашган болалар шифохонасида ўтаган. Биринчи устози Муҳаммаджон Нороловдан кичик беморларни даволаш тажрибасини ўзлаштирган. 1993 йилдан Мингбулоқ тумани поликлиникасида ўсмирлар врачи бўлиб фаолиятини давом эттира бошлади. Бу ерда Абдуманноб Тўраевни ўзига устоз деб билди. Моҳир педиатрнинг йўл-йўриқлари ва маслаҳатларидан ўз фаолиятида оқилона фойдаланди. Ҳатто беш йил      "Ғунча" болалар боғчасида врач -диффектолог вазифасини ҳам бажарди. 2006 йилдан "тез ёрдам"­чилар сафида. Ўн беш йилки, беморлар ҳузурига ошиқади, керакли муолажалари билан одамларнинг дардини аритади. Тўғри, ҳаммани тиббий хизматдан хурсанд қилолмагандиру, бироқ кўпчиликнинг ол­қишига сазоворлангани бор гап. Ахир яқин-яқингача тез тиббий ёрдам бўлимларида муаммолар кўп эди. Бу эса ўз-ўзидан врачларга ва ҳамшираларга ноқулайлик туғдирарди, хижолатда қолдирарди. Уларни Дилбархон Аҳмадовна жуда яхши эслайди:

- Илгарилари техникаларимиз жуда эски эди, бунинг устига ёқилғи етишмасди. Чақирувларга "УАЗ" ва "РАФ"да борардик. Йўлларда ўчиб қолиб, бузилиб, тунлари сарсону саргардон қолардик. Ҳамширалар ҳам етишмасди, ўзимиз укол қилардик, дори-дармон муттасил тахчил эди. Бугун эса яп-янги "Хундай" ва "Дамас"ларга ўтириб, зумда етиб боряпмиз. Қутичамиз доимо 50 хил дори-дармону малҳамларга тўла. Шундоқ шароида яхши ишламай бўладими?! Президентимизга мингдан-минг раҳмат! Тиббиётга ҳам, тиббиётчиларга ҳам эътиборлари ҳар вақт баланд. Халқ­нинг хизматимиздан ризолигини олиш бош масала эканини эсдан чиқаришга сира ҳаққимиз йўқ. Кеча-кундуз виждонан ишлашга бурчлимиз. Биз, ёши улуғ шифокорлар ёшларга керакли ибратни кўрсатсак, улар, албатта, муносиб ворисларимизга айланишади.

Сўзи ва иши бир шифокор, аввало, ўз қизи - Зумрад Ҳамидовага намуна. Шу боис, у тез тиббий ёрдам бўлимининг "Янги Гулбоғ" шохобчасида чақирув ҳамшираси бўлиб ишлаётир. Бошқа шогирдлари ҳам атрофида бир талай

Халқимизнинг "Олтин олма, олқиш ол!" деган нақли Дилбархон Бўтаева сингари умрини эл хизматига бағишлаётган инсонлар учун доимий фаолият фалсафасига айланган. Шу туфайли бу аёл халқ ўртасида қадр-қиммат топмоқда. Ҳамюртлар саломатлигини сақлашнинг чинакам жонкуярлари қаторида елиб-югуриб хизмат қилишдан ҳеч вақт чарчоқ сезмайди.

Содиқ САЙҲУН.