- Қизим, нега ҳомушсиз, турмуш ўртоғингиз ва болаларингиздан асло хавотир олманг. Сиз ўзингизни эҳтиёт қилиб, уйдан ҳотиржам бўлиб, карантинда қолиб ишлайверинг. Ахир бутун дунё шу балои-қазо билан курашяпти-ку. Аллоҳ сизни эл бошига иш тушганда, хизмат қилишга ундаб қўйиптими, бундан асло ранжиманг ва қўрқманг. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади.

Қайнонаси Шаҳзода аянинг сўзларидан Ёқутхоннинг кўнгли анча таскин топди. Кайфияти кўтарилди. Фарзандларига "ача"ларини қийнатмасликларини уқтириб, ишхонаси томон шошилди.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган беморлар қабулини бошлаган шифокору ҳамширалар билан бир сафда турган Ёқутхон Икромова ҳам биринчилардан бўлиб ичкарида қолди. Ўз шаҳри инсонлари саломатлигини сақлаш учун хизмат қилишдан мамнунлик туйди.

Аслида Ёқутхон ҳеч қандай моддий рағбатдан ҳам умидвор бўлмади. Ўша пайтда Прези­денти­мизнинг коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Қарори ҳали эълон қилинмаган эди. У жасорат майдонида шифокору ҳамширалар билан биргаликда беморлар саломатлигини сақлаш учун кунларни тунларга улади. 14 кун давомида палаталарнинг озода-ю саранжом - саришталигини таъминлади. Яна бошқа муҳим вазифалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Тўғри, оила ва фарзандлар соғинчи қалбини бироз ўртагани рост. Лекин касалликдан фориғланиб, оиласи бағрига қайтаётганлардан тозалик посбонларига ҳам миннатдорлик сўзлари, раҳмату-олқишлари ва узундан - узун дуоларини эшитганида ўзини жуда-жуда бахтиёр ҳис этди.

2014 йилдан буён шифохонанинг лаборатория бўлимида фаолият юритаётган Ёқутхон Икромова ҳамиша ўз бурчига садоқатли. Улуғбек Қаҳҳоров бошчилигидаги бўлимда 2 нафар олий тоифали врач, 13 нафар олий ва биринчи тоифали лаборант-ҳамширалар, 2 нафар кичик тиббий ходимлари ҳамиша ҳамфикиру ҳамкор. Айниқса, пандемия бошланганидан буён коронавирусга чалинган беморларнинг тезроқ соғайишлари учун асло тиним билганлари йўқ. Чунки улар вирус юқтириб олган беморларнинг бактериологик, клиник-биохимик таҳлилларини ғоят зийраклик билан амалга оширмоқдалар. Таҳлиллар хулосаси эса беморларни самарали даволаш учун муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

- Ёқутхон Икромова ўз вазифасини ҳамиша сидқидилдан бажаради, - дейди катта лаборант Аҳмаджон Умаров. - Унинг юксак мукофот билан тақдирланиши жамоамизни беҳад мамнун этди. Боиси, кичик тиббиёт ходимининг иши анча мураккаб. Ҳозирда шифохонамизда коронавирусдан даволанаётган ҳар бир бемордан олинаётган таҳлил идишларининг тозалиги учун тўла жавобгар. Организмдан чиқаётган биологик суюқликни эса тегишли моддалар билан зарарсизлантириб, микробларни ўлдириб, утилизация қилинади. Бу жараёнлар ўта ҳушёрликни талаб этади. Чунки у айнан вирус юқтириб олган беморларнинг биологик суюқлигини зарарсизлантириш чоғида ўз ҳаётига хавф ҳам туғдириши мумкин. Ёқутхон доимо ҳушёр ва сергак, вазифасини виждонан бажаради.

- Ҳеч қачон касбимдан нолимайман, аксинча доимо фахр­ланаман, - дейди опа бизга очиқ чеҳра билан. - Муҳтарам Президентимиз оддий касб эгаси хизматларини юксак қадрлаб, "Соғ­лом турмуш" медали билан тақдирлагани менга янада куч-қувват, ғайрат ва шижоат бахш этди. Жамоадошларим, оила аъзоларим, айниқса қайнонамнинг қўллаб-қувватлаганликларини алоҳида айтмасам бўлмайди. Уларнинг барчасидан миннатдорман. Халқим саломатлигини сақлаш ишларидаги эзгу мақсадлар йўлида камарбасталигимдан эса мамнунман.

Манзура ЭРГАШЕВА.