Шундан у ўзгаларни ҳам, ўзини ҳам коронавирусдан асрашда шахсий намуна кўрсатди, ҳамкасбларига ҳамкорликдан чўчимади
Бу йилги баҳор ҳаммага, айниқса, шифокорларга одатдагидан бошқача - кутилмаган хавф-хатар билан бошланди. Аммо бутун борлиқ азалий тусда жонланишда эди. Дарахтлар олди гуллаб, куртаклари бўртиётган, ер бетида майсалар нишланаётган, шифохона ҳовлисининг майдончаларидаги атиргул кўчатлари янгитдан наҳлаб, яна турфа ифору мафтункор гўзаллик ваъда қилаётганди. Файзулло Дадабоев атрофга суқланиб боқаркан, кўнглидаги ҳижиллик бироз тарқади. Хонасига кириб, оқ халатини кияётган эди ҳамки, ҳамшира унга бош врач вазифасини бажарувчи Илҳомжон Тожибоев шошилинч чақираётганини етказди.
- Хорижда юрганлар юртимизга қайтарилмоқда, уларни зудлик билан карантинга олишимиз керак экан. Аввалдан айтилганидек Тўрақўрғонда кутиб оласиз. Шароитлардан хабарингиз бор-а? - деди раҳбар унга йўлакдаёқ юзма-юз келиб.
- Ҳа, албатта. Улар қаердан учишибдийкин? - Хавотирланиб сўради Файзулло.
- Эрондан.
Шу биргина сўзнинг ўзиёқ ташвиши катталигини англатди. Ахир телерадиодан кўриб-эшитиб турибди. Эронда пандемия авжига чиққан. "Агар ҳамюртларимиз салгина эҳтиётсизлик қилишган бўлса, кўзга кўринмас вирус илашиб келаётган...". У ўйлаган ўйидан сесканиб кетди. "Худо кўрсатмасин, самолётда контактланиб, кўпларига тарқалиб улгурган бўлса-я. Йўқ-йўқ! Яхши ният қилаверайлик-чи, энг зарури ваҳима кўтармай, одамларни қабул қилиш, бирма-бир тиббий кўрикдан, тахлилдан ўтказишда ҳушёрлик ва эҳтиёткорликни унутмаслик. Акс ҳолда қўрққанларда, ваҳимага тушганларда иммунитет пасайиб кетиши мумкин - деган фикр хаёлидан ўтиб, ўзига ўзи далда берди.
Сўнгра Намангандан Тўрақўрғонга етгунича яна нималарни қаттиқ эътиборда тутишни, яна нималарга қатъий амал қилишни, режалаштириб борди. Вирус асли зарра-зарра бўлса-да, офатий кучи беқиёс. Одамку одам, мабодо тоғлар ҳам жонли мавжудот хилига кирганидаям унинг олдида зир-зир титраши турган гап эди. Бу шунчаки хом хаёл эмас. У врач - бактериолог сифатида бошқалардан кўра чуқур билади. Чунки, чорак асрдан бери бактерия ва микроблар билан "танишади", кучини "синдириш" ва сўндириш учун курашади. Гўёки дўстлашгандай "тиллашади", "феъл - атвори"ни ўрганади. Охир-оқибат беморлар танасидан қувиб чиқаришнинг энг мақбул йўл-йўриқларини ҳамкасбларига кўрсатади. Шу боис, 2020 йил кўкламида у ўзини чинакамига "жанг"га киришган командирдай тутди.
Файзулло Тўрақўрғон тумани Бекобод қишлоғи четидаги юқумли касалликлар шифохонасига етиб борибоқ врач Отабек Юсупов билан бирга ишга шўнғиб кетди. Вақтинча провизор - госпиталга айлантирилган муассасада яратилган шароитларнинг тиббий санитария ва гигиена талабларига тўкис жавоб беришига ишонч ҳосил қилгач, ўзи учун ажратилган хонасига кирмасдан ҳаммани ҳовли саҳнига чорлади.
- Тайёргарлик ёмон эмас, бироқ сира-сира хотиржамлик кайфиятига берилмаслигимиз зарур, - деди Файзулло Абдуқаҳҳорович атайлаб овозини баландлатиб. - Олдимизга қўйилган вазифа ўта масъулиятли, ўта қалтис, яъни халқимизнинг ҳаёт-мамотига дахлдор. Халқ бу - ким? Биз, сиз ва улар! Инсон сифатидаям, мутахассис сифатидаям яширмай айтаман: коронавирус ҳеч кимни аяб ўтирмайди, оддий гриппникидан ўн баробар кучли. Бироқ ақл - идрокли одамзод олдида барибир ожизланади. Қачонки, ўзимизниям, ўзгаларниям асрашнинг уддасидан чиқсак. Карантин қоидалари шу мақсадда белгиланган.
- Келаётганлар қанийди буни тўғри тушунишса, - деди кимдир аввалдан ташвиш, чекиб.
- Тушунишмаса, тушунтирамиз, фақат қўрқитмасдан, ваҳима кўтармасдан, ётиқчасига ўзимизни сокин ва хотиржам тутган ҳолда.
- Палаталар тахт, ошхонада маҳсулотлар етарли, тоза ичимлик суви оқиб турибди. Энди буёғи ҳар биримизнинг муомалаю, муносабатларимизга боғлиқ, - деди инфекционист Отабек Юсупов.
- Одамга ҳаёт қанчалик ширин, яшаш қанчалик муҳим экан, у вирусни ўзига яқин йўлатмасликка мажбур, - уқтиришда давом этди Файзулло Абдуқаҳҳорович яна - Пандемия шароитида биз шифокорларнинг ҳимоямизга беҳад муҳтож. Баланд руҳ, аъло кайфият - иммунитетни табиий кўтарувчи омиллардир. Шуни ҳам эсдан чиқармайлик, келаётганларни очиқ чеҳрада кутиб олиб, самимий ва ёқимли сўзларимиз билан тинчлантириб, ўн тўрт кунни эсон-омон ўтказишларига имкон яратиб, уйларига ёруғ юз билан кузатишимиз керак. Агар ораларида вирус юқтирганлар чиқса, бу ерда бир зум ҳам ушлаб турмаймиз. Ўша заҳоти даволашган жўнатамиз. Қолганларни янада зийраклик билан контактга йўл қўймай назоратни кучайтирамиз.
Шу пайт врачнинг қўл телефони жиринглади. У дарров қулоғида тутди.
- Эшитаман, хўп тайёрмиз...
Йиғилганларга ўз ўринларига тарқалишига рухсат берилди. Наманган аэропортидан Тўрақўрғонга йўл олган ҳамюртлар кўп фурсат ўтмай провизор - госпиталга етиб келишди.
Махсус ҳимоя кийимида саф тортиб турган жамоа Эрондан қайтган 42 нафар эркак - аёлни кутиб олди. Фавқулодда ҳолатда юрти тупроғига қадам қўйган ватандошларимизнинг асаблари анча таранглашган, дийдор қувончидан кўраям кўзларида хадик ифодасини уқиш қийин эмасди. Файзулложон худди кема капитанидек атрофидагиларга қисқа-қисқа буйруқ берар, имо-ишорага ҳар бир ходим қатъий бўйсуниб, меҳмонларни жойлаштириш тезда ҳал этилди. Лекин ҳамюртларимизнинг янгича шароитга кўниши осон кечмади. Кимдир тани сиҳатлигига, кимдир жони омонлигига шукур қилса, кимдир ўзича хулоса ясаб, нолишгаям ўта бошлади. Қараса, карантин чекловлари айримларга малол келяпти. Биринчи ҳафта охирига етмасидан сабрлари тугаяпти. Бироқ 14 кунсиз ҳеч ким ҳеч қаёққа чиқиши мумкин эмас. Гарчи дастлабки тестда бирорта одамда вирус ёпишгани аниқланмаган бўлса-да, хавф ортда қолди дейишга ҳали вақт эрта эди. Госпитал раҳбари мушкул вазиятни юмшатиш учун сўзларнинг кучига, ўзининг ишонтириш маҳоратига таянди. Мажбурлаш эмас, карантин тартибларига риоя қилишга госпиталда яшаётганларда ихтиёрий мойилликни кучайтиришни мақсадга мувофиқ ҳисоблади. Меҳмонларга мурожаат этиш тортишишга олиб боришини олдиндан англагани учун улар рўпарасида ўзига-ўзи савол бериб, ўзига-ўзи жавоб қайтариш усулидан фойдаланишга интилди.
- Нега ниқобдамиз?
- Вирусдан сақланамиз!
- Нега бир-биримизга яқин бормаймиз?
- Вирусни юқтирмаслик учун, вирус юқиб қолмаслиги учун!
- Нега қўлларимизни тез-тез совунлаб ювамиз?
- Вирусни йўқотиш учун!
- Нега тиббий қўлқоп кийяпмиз?
- Вирус ўтирмаслиги учун!
- Умуман, нега шу жойда карантиндамиз?
- Оиламиз бағрига соғу-саломат боришимиз учун!
- Нега ейиш-ичишимизгача муҳайё?
- Ватанимизга бизлар керакмиз!
- Нега ўзга юртда сарсон-саргардон бўлиб юрмадик?
- Инсонпарвар Ўзбекистоннинг фуқаролари эканимиздан.
- Нега манаман деган мамлакатларда коронавирусдан ўлаётганлар сони кундан-кун кўпайяпти?
- Давлатлари томонидан вақтида зарур чора-тадбирлар кўрилмаётгани оқибатида.
- Жуда тўғри айтасиз, дўхтир! - деди уни тинглаб турганлардан бири ғоят таъсирланиб. - Мана, мен тошкентликман, Ўзбекистонимизга ўз вақтида келтирилдик. Яна бу ердаги ғамхўрликларни айтмайсизми. Давлатга қадр-қимматимиз бундан ортиқ бўладими. Эл бошига кулфат ёғилаётган пайтда сабримиз синовда. Худо хоҳласа, коронавирус балосини бошимиздан аритамиз. Оиламизниям, ўзимизниям омон юришимизга нима етсин!
Барчанинг юраклари энтикиб кетди. Кўзларидаги ҳорғинлик ўрнини умидворлик учқунлари эгаллади.
- Баъзи ножўя гапларимизни асло кўнглингизга олманг, - деди яна кимдир узрхоҳлик оҳанггида.
Файзулло Абдуқаҳҳоровичнинг юзларига табассум ёйилди. Бир лаҳзага ниқобини ечди-да, мурожаатга ўтди:
- Ҳозир бир-биримиздан гинахонлик қилиб ўтирадиган вақт эмас, ака-укалар, опа-сингиллар. Аксинча, ҳар биримиз яккаланган ҳолда коронавирус ҳалқаси уланиб кетмаслиги учун биргалашиб курашимоғимиз шарт. Бугунги ёлғизланиш - жипслашишдир, бугунги тарқоқлик - уюшқоқликдир, бугунги эҳтиёткорлик - қўрқоқлик эмас, ҳушёрликдир!..
Файзулложон яна ниқобни тутди, кўнглини мунавварлик чулғади. Чунки, ўзбекларда гапирсанг тушунмайдиганлар йўғу, тушунтиролмайдиганлар ўзгалардан ранжиб юришини ўйлаб, мамнун кайфият туйди. Ахир у одамларни эртанги ёруғ кунларга ишонтира олди, сабрига сабот қўша олди. Провизор-госпиталда "Covid-19" га қарши ўзига хос қалқон қўя олди. Гарчи мутахассислиги бактериолог бўлса-да, психологликни ҳам натижали ўринлата олди...
* * *
Албатта, Файзулло Дадабоев ёлғиз эмасди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман тиббиёт бирлашмаси вакиллари ҳамкор эдилар. Оқ халатли халоскорларнинг ёнларида ҳокимлик, миллий хавфсизлик хизмати, прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия ва бошқа нуфузли ташкилот ва муассасалар ходимларининг ҳам борлиги уларга баланд руҳ, пандемияни енгишга кучли ирода бахш этиб турди. Муваққат госпиталда карантин тартиблари тўкис ўрнатилишига эришилди. У зиммасига юклатилган махсус топшириқни - икки ҳафталик ғоят масъулиятли вазифани яхши бажаргани учун доимий иш жойи - вилоят юқумли касалликлар шифохонасига хуш кайфиятда қайтди. Худди битта тоғдан беталофат ўтиб олингандек ўзини енгил ҳис қила бошлади. Бироқ бу енгиллик узоққа чўзилмади. Биринчи куниёқ телефонида янги топшириқ олишига тўғри келди.
- Файзулло Абдуқаҳҳорович, мен бошқармадан Солижонман, яна безовта қиляпмиз...
У гапнинг оҳанггидан тағин муҳим вазифа чиқиб қолганини шу лаҳзадаёқ фаҳмлади.
- Қўлимиздан келадиган иш бўлса, уни бажариш биз учун шараф, Солижон Жалилович! - деди ҳали гапнинг давомини эшитмай туриб бошқарма бошлиғига .
- Ҳе-е, яшанг, қанийди ҳаммаданам шундай жавоб эшитсак. Сизнинг Эрондан қайтганлар ичига мард бўлиб кириб кетганингизни кўрганмиз. Орада телефон орқали тез-тез боғланиб, астойдил ишлаганингиз учун ишончимизни қозониб қолдингиз. Энди Литвадан ҳамюртларимиз келишяпти. Улар сони аввалгидай қирқдан зиёд. Сиздек тажрибали мутахассис турганда, бошқа одамни излаб ўтирмадик. Ўйлайманки, оғирчиликни яна бир бор елкангизга оласиз.
- Эрталабданми?
- Иложи бўлса, ҳозирдан.
- Унда тайёргарлигимни кўраверай.
Файзулложон ана шунақа хислат эгаси. Қийинчиликдан қўрқмайди. Аслида у йигирма беш йилдан буён микроб, бактерия ва вируслар билан олишади. Билимиям, малакасиям, тажрибасиям етарли. Эллик иккига кирсаям ёшлардек жўшқин. Аммо-лекин лабораториясида шошилмайди, вазмин, ҳаракатлари ҳисоб-китобли, нигоҳлари ўткир, ҳамиша серҳафсала. Эриниш нималигини билмайди, даволовчи инфекционистларга йўл-йўриқчи, кўмакчи. Қўлида доимо асосли хулосага келиш учун асқотадиган таҳлиллари керакли пайтда тахт туради.Энди эса лабораториясида бир муддат ҳамкасб врачу ҳамширани қолдириб, ўзи Тўрақўрғонга шошилди. Бу гал унга инфекционист Мақсуджон Маҳмудов ёрдамчи этиб тайинланибди.
- Ука, аввалги меҳмонларнинг барчаси "тоза" чиққанди, яна шундай бўлишига умид қиламизу, бироқ янгилар турли мамлакатлардан келган экан, зудликда тест элагидан ўтказиб, саралаб олишимиз зарур. Вақт зиқ, соатлар эмас, дақиқалар вирус сакраши учун, қанот боғлаб, ҳаво орқали соғларнинг танасига кириши учун етарли. Яширин ҳолатда қотиллик қиличини қайраши ҳеч гапмас.
- Сиз айтасиз, биз бажараверамиз, - деди Мақсуджон жиддий қиёфада. - Жангга кираётган эканмиз, сиз - командир, биз - аскар!
- Энг биринчи долзарб вазифамиз келувчилар ичидан вирус юқтирганларни ажратиб олиш. Унгача уларни бир-бирига яқинлаштирмай, алоҳида-алоҳидалаш жуда муҳим, - дея Файзулложон барча ҳамшираларга тайинлади.
Орадан бир сутка кечди. Тест натижаси келди: 39 кишида - манфий, 3 кишида - мусбат. Беморлар вақтида - боксга ўтказилди, қатъий изоляцияланди, сўнг даволаш учун шифохонага жўнатилди. Лекин бу дегани хавф тўла чекинди маъносини англатмаслигини Файзулложон яхши билади. Агар карантин чекловлари қаттиқ ушланмаса, керакли дори-дармонлар профилактика учун ичириб борилмаса, соғломлар иммунитети пасайиши мумкин, оқибати эса уқубатли бўлиши эҳтимолини ҳеч хаёлдан фориғ қилмаслик керак.
У госпиталдагиларнинг зерикишига йўл қўймаслик учун имкон қадар кўргазмали воситалардан унумли фойдаланди. Коронавирус пандемияси давридаги эҳтиёткорлик амалларини акс эттирган видеороликларни намойиш этиш, уни меҳмонларнинг телефонларигача ташлаб бериш масаласига жиддий ёндошди. Бу борада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов яқиндан амалий кўмагини аямади. Ниҳоят, иккинчи навбатдаги гуруҳда бошқа кўнгилсиз ҳолатлар юз бермади. Улар яшаш манзилларига кузатилиш онларида муваққат госпитал раҳбарига ва уддабуррон жамоасига миннатдорчилик изҳорлашганда Файзулло Дадабоевнинг қалби фахрларга тўлиб-тошди. Эл бошига иш тушганда эл орасидаги офатдан одамларни омон сақлашдек олийжаноб фаолияти билан ёрдам беролгани унинг умрига ўзгача мазмун киритди. Кўпга келган синовда кўпга нафи текканидан гўёки боши осмонга етди. Қўшни Қирғизистон Республикасида туғилиб, Ўзбекистонда ўқиб, шу юрт халқига тиббий хизмат кўрсатиш қисматига шукроналар айтди.
Мана, қўлимизда, ҳикоямиз қаҳрамонининг "Маълумотнома"си. Унга кўз югуртирамиз. Файзулло 1968 йилнинг 20 апрелида Жалолобод вилоятининг Сафедбулон қишлоғида таваллуд топган. Абдуқаҳҳор дурадгорнинг ўғли кўнглида қишлоқ врачи Исмоилжон Ҳамдамбоевдек элнинг олқишига сазовор бўлиш орзуси мактабда ўқиб юрганидаёқ уйғонганди. 1989 - 1995 йилларда Тошкент давлат тиббиёт институтида сабоқланди. Институтнинг битирувчи талабаси Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасига интернатурани ўташ учун юборилгани бахтли тасодиф экан. 1995 йили вилоят санитария-эпидемиология станцияси врач-бактериологи Александра Степанова Файзуллони шогирдликка танлайди. Шифохонада навбатчиликка келган кунлари ўз касбига қизиқтиради, лаборатория таҳлиллари сир-синоатини ўрганишга иштиёқи баланд йигитни тажрибаларидан баҳраманд қилади. Уни Тошкентдаги тиббиёт ходимлари малакасини ошириш институтига йўллайди. Файзулло шу соҳага ихтисослашади. 1996 йилдан буён врач-бактериолог касбида минглаб хасталарнинг соғайишига сифатли таҳлиллари билан салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
У икки бор чинакамига жасорат кўрсатди. Икки ўн тўрт кун таҳликали кечганини ҳеч биримиз инкор қилолмаймиз. Боиси, турли мамлакатлардан олиб келинаётганларни карантинда ушлашдан мақсад четда илашиб, ватандошларимиз танасида уя қуриб олган коронавирус ҳар лаҳзада бош кўтариши, ўпкага ёпишволган тождор вирус ҳаётбаҳш ҳавога ғов қўйиб, беморнинг ҳолини танглаши, юқори ҳароратда танасини куйдириб, ҳукми ижросини азроилга топшириши мумкинлиги айниқса мутахассис сифатида Файзуллога ойнадай аён. Боз устига бундай бемор шифокор учун ҳам ўта хавфли "объект" саналади. Унга яқинлашишда ҳам, нажот қўлини чўзишда ҳам эҳтиёткорлик шарт. Акс ҳолда ... ана энди мушоҳада қилиб кўринг. Эрону Литвадан самолётда учиб келганларнинг барчаси гумондаги ҳамюртларимиз эди. Уларни соғу-саломат уйларига кузатиш, ўлим хавфидан қутқариш учун кеча - кундуз қайғуриб, худди таналари бирдек бирга ташвишланиб, бирга яшаган шифокорлар қайси марду майдондан кам!
Азалдан фавқулодда ҳолатларда чарчадим, дам олишим керак, каби сўзлар ўринсиз. Аслида фидойилар учун бу гаплар ёт, ҳатто хаёлларига келтиришмайди. Файзулло Дадабоевнинг тимсолида худди шуни кўрдик. Врач-бактериологнинг беш ойдан буён ишлашига гўёки 24 соат етмаётгандаю, ҳордиқ чиқаришга вақт қаёқда?! Бироқ, у сира-сира ўкинмаяпти. "Covid -19" га қарши курашнинг қайноқ жабҳасида жонини жабборга бериб "жанг қилмоқда".
Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги унинг лабораториясини агар таъбир жоиз бўлса, муассасанинг "мияси"-"ақли" дейиш муболаға эмас. Даволовчи врачларнинг тўғри муолажа олиб бориши учун узлуксиз "қайғуради" бу "ақл". Уни ишлатадиганлар врач-бактериолог дейилади. Файзулло Дадабоев лобарант Аҳмаджон Умаров ва Хуршида Маъмурова билан ҳамиша ҳамкор. У шифохонада юқори ҳароратда ёниб ётган ёки кислород етишмай энтикиб-энтикиб нафас олаётган, ҳаёт билан ўлим орасида турган вирусли бетобларга нажот йўлини ахтармоқда. Таҳлил учун олинган бемор макротасини, яъни балғамини микробиологик диагностикаси билан машғул. Янаям тушунарлироқ айтсак: макротани озиқ муҳитга "экиб", микробларини ўстириб, кейин микроскопда, турини, антибиотикка сезгирлигини аниқлаб, "ҳужум" хулосасини чиқаради. Реанимациядаги врачларни "қуроллантиради".
У қисқа фурсатда коронавируснинг табиатини билиб олишда муайян тажрибага эга бўлди. Таъкидлашича, пневмания ва зотилжам белгиларини берадигани оғир кечаркан. Стафлококи ауреус пневмакок, клеб сиелла пневмания микроблари шундан далолат бермоқда. Юқори ҳарорати тушмай қийналаётган беморларга қанақа антибиотиклар самарали ёрдам кўрсатишига Файзулложон кечиктирмай ойдинлик киритишнинг ҳозирда ҳадисини олиб олган. Хавфли шароит унга сира ҳалақит беролмайди. Чунки, врач-бактериолог керакли ҳимояланишнинг кўп йиллик кўникмасига эга. Қолаверса, ўзини наинки оиласига, яқинларига, айни дамда коронавирусдан азоб чекаётган ҳамюртларига жуда-жуда кераклигини чуқур ҳис этгани ҳис этган. "Яшашим лозим, яшагандаям эл-юртимга нафим тегиб яшашим зарур!" деган фалсафа онгигагина эмас, кўнглига ҳам мустаҳкам муҳрланган. Бундай олийҳиммат инсонлар ҳар қанча ардоққа ва сийловга муносиблар. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 23 июлдаги Фармони билан Дадабоев Файзулложон Абдуқаҳҳорович I даражали "Саломатлик" орденига лойиқ топилгани фидойи инсоннинг халқи ва Ватан олдидаги ҳалол ва фаол хизматлари вақтида қадрланиб, юқори баҳоланганининг ёрқин исботидир.
Содиқ САЙҲУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.