Ҳурматли Солижон МЎМИНОВ!
Сиз умрингизнинг 27 йилини халқимизга ҳалол ва фаол тиббий хизмат кўрсатишга бағишладингиз. Ибн Сино издошлари қаторида туриб, амалиёт билан илмий-тадқиқотни бирга олиб бориб, фан номзоди деган илмий даражага эга бўлдингиз. Устозларингиздан ташкилотчилик ва ташаббускорлик хислатларини ҳам ўзлаштириб, чинакамига камолот касб этдингиз. Вилоят кардиология марказида 20 йил меҳнат қилиб, оддий врачликдан бўлим мудири ва марказ бош шифокори даражасига етдингиз. 2014 йилдан буён вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи сифатида ўзингизнинг бор билимингиз, малакангиз ва раҳбарлик салоҳиятингизни Наманган тиббиётини жаҳон андозалари асосида ривожлантиришга сидқидилдан сарфлаб келяпсиз.
Сизнинг жамоатчилик фаолиятингиз ҳам ғоят ибратли. Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг вилоят Кенгаши раиси сифатида вилоятда тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракатини тобора фаоллаштиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқдасиз.
Шунингдек, икки муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайландингиз. Билдирилган юксак ишончни оқлаш учун кечаю-кундуз тиним билмадингиз. Замондош ёшларга ҳамиша ибрат кўрсатдингиз.
Қутлуғ айёмда Сиз - ярим асрлик умр соҳибини чин дилдан самимий табриклаймиз. Мустаҳкам соғлиғингиз ҳамда оилавий бахт-саодатингизга асло кўз тегмасин! Эл - юрт равнақи йўлидаги, халқ саломатлигини сақлашдаги эзгу ишларингизга бардавомлик тилаймиз.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси жамоаси,
"Шифокор ва ҳаёт" газетаси таҳририяти ходимлари.