Инсон Яратганнинг инояти билан тақдирига битилган умрни кўриб, ризқу насибадан баҳрамандланади. Вафотидан сўнг маҳалла-кўй, издиҳомлару дўстлари гурунгларида ўрни билинадиган кишилар ўзларининг чин инсоний фазилатлари билан тириклик чоғлари-даёқ ўзгалар муҳаббатини қозониб, қалбларидан жой олишга улгурган бўлади. Шу боис кўпчилик уларни "Яхши одам эди, раҳматли" дея ички соғинч билан эслайди.
Покизалик ва ораста кийинишни хуш кўрадиган, шахмат деса ўзини "томдан ташлайдиган", аммо ютқазишни ёқтиравермайдиган Ахтамжон Баҳодиров ҳам ана шундай қалбга яқин қадрдонлардан эди. Афсуски, бемаврид ажал ақли пишган, вужуди ғайрат-шижоатга тўлган навкентлик Ахтамжонни - 64 ёшида орамиздан юлиб кетди. "Нурлар чўққидан яна-да ёрқинроқ кўринади" деган гап борки, жудолик йиллари йироқлашган сари унинг ўрни билиниб, оиласи, фарзанду набиралари ва қадрдонларининг бағри ҳувиллаб, қалблари соғинч ҳиссига тўлиб-тошмоқда.
Отаси, ўз даврида илми сажияси билан ҳудуд уламоларининг пешқадами бўлган Баҳодир қорининг ўғли Маҳмуджон ака тумандаги қурилиш ташкилоти ва хонадонларда иморатсозлик ва уста-дурадгорлик касби орқасидан ҳалол ризқ топган бўлса, онаси Гавҳархон ая уй юмушларию дунёга келтирган нақд тўрт ўғил ва тўрт қиз фарзандлари тарбияси билан машғул ҳалимгина аёл эдиларки, қишлоқда бу жуфтликка ҳамма ҳавас билан қарарди.
Ана шу "Ўзимизнинг Ахтам" ростгўй, ҳалол ва виждонли эди.Унда дўстга садоқат, ҳамкасбларига ҳурмат беқиёс эди. Ўзганинг ҳақига кўз олайтирмайдиган, муҳтожлар учун охирги чақасини ҳам қизғонмайдиган, ҳақ гапни айтишдан тап тортмайдиган шижоатли инсон эди. Гоҳида мактабдошлар, гоҳида маҳалла болалари ўзаро келишолмай қолсалар, Ахтамнинг адолат билан фикр юритиши уларнинг муросага келишларига туртки бўларди...
Бугун Ахтам ҳақида қанча кўп гапирсак, шунча озга ўхшаб туюлаверади... Ҳали мактабни тамомламаган эса-да, отасига унда-бунда ёрдамлашиб юриб устачиликни ҳам бинойидек ўрганиб олган ўспирин гоҳида косманавт бўлиб осмонга учгиси, гоҳо шоир сифатида минбарлардан шеър ўқиб, мактабдош-ларининг олқишларига сазовор бўлгиси келар, баъзан эса Абдулла Қаҳҳорнинг "Синчалак"идаги раис Қаландаровга тақлид қилиб бошига шляпа қўндириб оларди. У ўқувчилик йилларининг қўл етмас орзули ҳаётини ортда қолдириб,оқ халат соҳиби - доктор бўлиш иштиёқи билан улғайди ва бу касбни эгаллашни мактабни битираётганда олдига мақсад қилиб қўйди. Ўрта мак-табни тугатгач, бироз армия сафида хизматда бўлди. Сўнгра мақсадига кўра Наманган тиббиёт билим юртида уч йил ўқиб, фельдшерлик мутахассислигини эгаллади.
...Меҳнат фаолиятини 1978 йили туман марказий шифохонасининг жаррохлик бўлимида бошлаган. Кейин пенсияга чиққунга қадар тез ёрдам бўлимида навбатчи, поликлиникада, биринчи мактабда, автобазада, мева-сабзавотчилик техникумида, тери-таносил шифохонасида ва Навкент қишлоқ врачлик пунктларида мутахассислиги бўйича фаолият олиб борди. У қаерда ишламасин ростгўй ва ҳалоллиги, касбига меҳри, фидойилиги, қатъий интизоми, жамоадошларига ғамхўрлиги билан одамларнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.
- Ахтамжон ака билан бир неча йил бирга ишлаганмиз, - дейди Навкентдаги 56-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Султонхон Раҳмонов. - У кишининг самимийлиги, соҳасини мукаммал билиши, газета ва журналларни мунтазам мутолаа қилиши, ютуқ ва камчиликларни очиқ айтиши, ниҳоятда дилкаш ва айни чоғда ўз ишига, бажараётган вазифасига талабчанлиги бизни лол қолдирарди. Айниқса, ташкилотчилиги ва тўғри маслаҳат бериши, шахсий манфаатидан кўра жамоа манфаатини устун қўйиш фазилатига таъриф йўқ эди. Биз - навкентликлар учун Ахтамжон ака босиб ўтган йўл ибратли ҳаёт мактаби эди десам асло муболаға эмас...
Ахтам Баҳодиров турмушда ҳам бекам бахт топганлардан. Наманган тиббиёт билим юртида ўқиётган кезлари Маъмурахон билан танишади, дўстлашади. Улар 1977 йили турмуш қуришади. Тиббиётчилар оиласида икки ўғил ва уч қиз фарзанд дунёга келади. Айни дамда Ҳожиакбар ҳарбий, Музаффар олий маълумотли иқтисодчи, Мунаввархон ҳисобчи, Муаттархон билан Умидахонлар спорт соҳаси мутахассислари сифатида билим ва салоҳиятларини жамиятимиз тараққиётига сафарбар этмоқдалар.
- Қирқ йил бирга яшадик, - дейди биз билан суҳбатда Маъмурахон, - Худога шукур, беш фарзанд, ўн икки набирали бўлдик. Борига шукур, йўғига сабр қилдик. Улардаги қатъият, ўзгаларга меҳр, саховат мени ҳайратга соларди. Инсончилик: оилада юзага келадиган унча-мунча муаммолардан ҳазил мутойиба билан чиқиб кетардилар. Эртанги кунга ишонч билан қадам ташлар, кун тартиби бўйича айтганларини бажартирмай қўймасдилар. Оилада ота ўрни мустаҳкам эди. Фарзанду набираларини жудаям яхши кўрардилар. Ўқимишли инсонларга бениҳоя ҳурмат назари билан боқардилар. Шу боис ҳам ҳамма фарзандларимизни қурблари етганича ўқитдилар, уйли-жойли қилдилар.
Ахтам Баҳодировнинг фарзандлари Музаффар билан Мунаввархонлар ҳам одамшаванда, меҳмондўст, оила ва жамоат ишларига жонкуяр, гап келса "отасини ҳам аямайдиган" дадалари билан фахрланишлари баробарида, энди ҳузур қилиб яшайдиган даври келганда вафот этганини армон билан ёдга олдилар.
- Раҳматли дадам, - дейди Музаффар мунгли нигоҳ билан, - оилада ота ўрни бўлмаса ишлар расво бўлади. Эркак киши аввало рўзғорнинг уддасидан чиқиши, камчиликларни бутлаб қўйиши шарт, деб кўп уқтирар эдилар. Бизни ортиқча эркалатмас, аммо дилдан яхши кўришларини зимдан яхши билар-дик. Ҳаммамизни тарбиялаб, ўқитиб, эл корига ярайдиган даражада касб-корли бўлишимизни таъминладилар.
- Дадам, - дейди Мунавархон кўзи намланиб, - бизлардан ҳам набираларини ўзгача меҳр билан яхши кўрар, уйга келсак, албатта уларга нимадир ҳадя қилар ёки бирров юмуш билан бирор жойга боргудек бўлсалар, набираларини мошинада ўзлари билан олиб кетардилар. Ана шундай болажон эдилар...
Қамбар ҲАЙДАР,
Янгиқўрғон тумани.