ЁҲУД ДЕҲҚОНУ КИТОБХОН ОТАНИНГ ШИФОКОРУ КИТОБХОН ФАРЗАНДИ

Сўзи ҳам, ўзи ҳам ёқимли бўлишнинг уддасидан чиқадиганлар тоифасидан бу инсон. Беморларга муносабатию, юриш-туришигача кўпчиликка маъқулу манзур. Чеҳраси очиқ, тили бурро, ташхиси бехато, муолажаси сернаф. Шундан беморларнинг меҳрини қозонган, гарчи Тўрақўрғонда ишласа-да, вилоятнинг кўпгина туманларида ҳам яхши билишади, ҳузурига ихлос қилиб келишади. У беморга вақтини қизғонмайди, тиббий маслаҳатини аямайди. Ҳатто телефон орқали ҳолидан хабар олишни унутмайди ҳам. Одамларга қанча кўп фойдаси тегса, ўзининг элга керакли эканини шунча яхши ҳис этиб, кўнгли беҳад яйрайди. Соҳасига тааллуқли янгиликларни китоблардан, газета-журналлардан, интернет сайтларидан қизиқиб топиб ўқийди, ўрганади, фаолиятида қўллаб, оғир ётган беморларни тезда оёққа турғазади, соғайтиради. Оғриқдан қийналаётганларнинг дардини чекинтиради, жонига оро киритади. У хасталикларга қарши курашга бор билими ва малакасини 36 йилдан буён сарф­лаб, эндиликда 60-баҳорни мамнун ва масрур кутиб олмоқда.

Ёқубжон Бозоров бугун босиб ўтган умр йўлига хаёлан назар ташлаб, кўнглида ажиб мунавварлик туяди. Негаки, ўн фарзандли оддий деҳқон Юнусжон ота ва Жаннатпошша аянинг олти ўғлидан бири. У Мозоркўҳнада китобхонлиги ва газетхонлиги билан алоҳида ажралиб турадиган отасини бир умрга мамнунияту фахр билан тилга олади: "Падари бузрукворимиз олти йил муқаддам саксон беш ёшда барчамиздан ризо ҳолда ёруғ оламдан кўз юмдилар. Ҳозир эса ўзларини ҳам, сўзларини ҳам қўмсаб, соғиниб яшаяпмиз. Гарчи мактаб сабоғи билангина қолиб кетганликларига қарамай, халқ ўртасида юксак ҳурматга сазоворликларидан бизлар ҳайратланардик. Тенгқурлари "Юнус Бобур" дея аташарди ҳавасланишиб. "Ўқиган одам кучли бўлади", - дея уқтирардилар ҳамиша. Сўнг фикр­ларини халқимизнинг "Билаги кучли бирни енгса, билими кучли минг­ни енгар" мақолини таъкидлаш билан тасдиқлашга одатлангандилар. "Қобуснома", "Бобурнома", "Ўтган кунлар", "Навоий", "Юлдузли тунлар" каби асарлардан сўз очсалар борми, жудаям зав­қланиб тинглардик.

Бундай ўйлаб қарасак, отам Жаннатпошша онам билан 1972 йилдан 1997 йилгача - роса 25 йил ўн нафар ўғил-қизларини олий ва ўрта махсус билим даргоҳларида ўқитишибди. Даладаги кетмончиликдан қўллари қаварган, ҳовли -боғларида кеча-кундуз ризқ ундириш илинжида тер тўккан отамизга сира-сира осон бўлмаганини янада яхшироқ англаб турибман. Фарзандлари кўплигидан айрим йиллари биримиз ўқишни тамомламасдан, яна иккинчимиз, ҳатто учинчимиз талабага айланган чоғимиздаям асло нолиганларини эшитмаганмиз. Аксинча, "Ҳой болаларим, кийимларинг сал эскирсаям ҳеч парво қилманглару, аммо бирор кун очиқиб юрманглар, доимо вақтида овқатланинглар, соғ­ликларинг шундан, унинг қадрига етинглар" деганлари деган эди.

Ака-ука ва сингилларимдан Тожибой, Тоҳиржон, Ғофиржонлар Тошкентда, Бобуржон Самарқандда, Ботиржон, Дилором, Санампошша, Қаноат, Зокиржонлар Наманганда, ўзим эса Андижонда ўқидик. Университет, институт ҳамда ўрта махсус илм даргоҳлари дипломларига эга бўлдик. Оиламизда уч киши шифокормиз. Эл саломатлигини сақлашдек эзгу ишга кўп йиллардан бери ҳиссамизни қўшиб келяпмиз.

У тиббиёт институтининг даволаш факультетини 1984 йили тугаллаб, Наманган шаҳар шифохонасида меҳнат фаолиятини бошлаган. Келаси йили Тўрақўрғон туман марказий поликлиникасига ишга ўтган.

- Ҳозирча терапевтлик қиласиз, - деган эди ўшанда муассаса мудири Маҳмуджон Иброҳимов, - Агар хоҳласангиз асаб хасталикларини даволаш бўйича ўзимдан йўл-йўриқ олиб туришингиз мумкин.

Бу гап кўнгил учун айтилган шунчаки манзират эмасди. Ёқубжон Маҳмуджон акани устоз билиб, беморларни қабул қилиш, муолажалар белгилаш, натижасидан сабоқ чиқариш асносида билмаганини сўрашдан сира тортинмади. Ҳатто Тошкентга бориб, нев­рология бўйича малака ошириб қайтди. 1990 йилдан поликлиниканинг невролог - врачи мақомига эришди. 1994 йили олий тоифага эга бўлди. 1996 йилдан ҳозиргача марказий шифохонанинг асаб хасталиклари бўлимида беморларни даволаяпти.

Ёш врач Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими Маҳмуджон Иброҳимовдан шогирд сифатида нафақат дўхтирлик тажрибасини, балки ташкилотчилик ва раҳбарлик уқувини ҳам ўзлаштирганди. Устози нафақа ёшига етгач, раҳбарларга "Бўлим мудирлиги масъулияти Ёқубжоннинг зиммасига юклатилса, кадр ўрнини топади" деган тавсияни берганида асло янглишмаганди. 2001 йилдан бошлаб унинг врачлик фаолиятига мудирлик вазифаси уйғунлашиб кетди.

Биз 2018 йили давлат инвестиция дастури доирасида мукаммал таъмирланган бўлимнинг ёруғ, шинам ва сокин хоналарида нажот топиб ётганларнинг барчасидан ўзларига ихлос уйғота олган кичик жамоанинг оқ халатли заҳматкашлари ҳақида фақат миннатдорлик ҳисларига йўғрилган самимий сўзларни эшитдик.

- Бўлимда кўп бор даволаниб, шунга иқрор бўлдимки, шифокорларнинг муомаласиёқ дардингизни енгиллаштириб юборар экан, - дейди Чорбоғ маҳалласидан келган Ҳабибулла Жўрабоев. - Айниқса, Ёқубжоннинг муомаласига гап йўқ. Илгарилари Шоҳида Қаюмова, Насиба Абдураҳмоновалар даволашган бўлса, ҳозирда Саида Рўзиева ва Маҳлиё Тўрахўжаева сингари ҳамшираларнинг беминнат хизматлари тезда оёққа тур­ғазиб юборяпти. Ўн бир йил аввал инсультни бошдан кечирганим учун вақти-вақти билан шу бўлимда даволаниб, умримга-умр қўшил­япти, десам заррача муболаға эмас.

Бундай эътирофлару олқишларга сазоворлик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Врачу ўрта тиббиёт ходимларининг боши бир жойда қовушса, мақсадлар муштараклигига эришилади. Ана ундан сўнг муолажалар сифатли ва натижадор кечади. Яна бир муҳим омил шундаки, Ёқубжон бўлим мудири сифатида ходимларига ҳамиша шахсий ўрнак кўрсатиб келади. У бош мияда қон айланиши инсультлари оқибатини бартараф этишда энг замонавий усуллардан самарали фойдаланаётир. Кейинги пайтларда миялитни ҳам муфаққиятли даволаётгани янада эътиборга лойиқ. Бу касалликка чалинганлар оёқлари шолга айланган ҳолда шифохонада ётқизилади. Яхшиям Ёқубжоннинг борлиги, у ишонч билан муолажага киришади. Боиси, ҳозиргача миялитга йўлиққанларнинг бир нечасини соғайтириб юборди. Муайян тажрибага ҳам эга бўлди. Ҳасанбой Мамажонов, Парпибой Ҳакимов, Ваҳобжон Турдиев сингари кўплаб дардмандларга соғлом ҳаракат қилиш имкониятини тиклаганидан ўзи ҳам бениҳоя хурсандлик туяди.

Дўхтирнинг бошқалардан фарқ­ли фазилатлари касбий муваффақиятларида доимо қўл келмоқда. Масалан, беморларнинг танишу нотанишларига муомаласи бирдай ёқимли, тиббий маслаҳатлари уқимли, яъни содда ва лўнда тушунтиради. Дардга бемор билан дўстлашиб, биргалашиб курашишга одатланган. Бирини ака, бирини ука, бирини опа, бирини сингилдай кўради, қўлидан келган кўмагини аямайди. Шунданми, "Ёқубжон ҳаммага ёқадиган врач" деган эътирофлар эл орасида юради. Ахир кимнидир бош, кимнидир бел, кимнидир оёқ-қўл оғриқларидан фориғлайди, кимнидир юз нервининг фалажи асоратларидан қутқазади, кимнидир қон босимини чекинтиради. Муомаласи ўта мулойим эмасдиру, сўзлари самимий, таъсирчан, таскинбахш. Ҳам кўнгилни тинчлантиради, ҳам танга ҳаловат қайтаради. Хуллас, ҳузурига безовта ҳолатда келган бемор биринчи мулоқотда нажоткорини топгандай ҳис этади ўзини. Ишонади, ихлос боғлайди, соғая бошлайди...

Дарвоқе, тиниб-тинчимас мутахассиснинг яна бир иш жойи ҳақида гапириб ўтишимиз жоиз. У 1985 йилдан 2009 йилгача "Ширинлик" корхонаси соғломлаштириш бўлими шифокорлигини ҳам сидқидилдан адо этиб келганди. Юзлаб ишчи-хизматчилар саломатлигини сақлаш учун ҳамшира Галя Бекирова билан биргаликда жон куйдирганди. Собиқ директор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими Абдухалил Давлатов Ёқубжоннинг ишларидан қониқиш ҳосил қилиб, жамоа номидан миннатдорчилик изҳорлаганининг ўша пайтда бир неча бор шоҳиди бўлган эдик. Ахир олий тоифали, игнатерапияда юқори малакали врач нафақат муолажалари, хушмуомаласию, меҳр тўла нигоҳи билан қанчадан-қанча дардларни чекинтирмади дейсиз.

Ёқубжон Тўлқинжон Икромов, Икромжон Исмоилов ва Аҳмадулло Бойбобоев каби ёш ҳамкасбларига устоз мартабасида бўлсаям, ўзининг наинки соҳадош устозларини, мактабда ўқитган Тожибой Нишонов, Абдусалом Шарипов, Мавлуда Ҳайдарова, Мўминжон Ҳамроқулов, Мусбак Хайритдинов, Комилжон Рустамов ва Ҳабибахон Ёрқинбоева каби ўқитувчиларини катта ҳурмат - эҳтиром билан тилга олади. Ҳаётдан муносиб ўрнини топишида, касбий камолотида уларнинг берган билимларию, ўргатган тажрибалари ҳал қилувчи роль ўйнаганини алоҳида таъкидлайди.

- Истиқлол даврида, айниқса, кейинги уч йилда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга эътибор беҳад юқорилаб кетди, - дейди Ёқубжон Бозоров. - Бир неча йил аввал Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон нев­рологларининг IV съездида вилоятимизнинг 10 нафар делегатлари сафида қатнашганим менда ўзига хос фахр уйғотди, зиммамдаги масъулиятни янада чуқурроқ англашни ўргатди. Анжуманда юртимиз шифокорлари, олимлари билан бирга Германия, Португалия, Австрия, Исроил, Россия каби кўплаб хорижий мамлакатлар вакилларигача иштирок этишди. "Ўзбекистонда халқ саломатлигини сақлаш борасида кенг миқёсли ишларнинг рўёбга чиқарилаётгани бизларни қувонтирди", деди россиялик шифокор-олим Н. Яхно. Эндиликда барчамиз беморларга ташхис қўйишу, даволашда жаҳон андозалари даражасида иш олиб боришга бирдай масъулмиз.

Олтмишинчи баҳорни қаршилаётган Ёқубжон Бозоров намунали оила соҳиби ҳамдир. Умр йўлдоши Васила Нишонова математика муаллимаси. Ҳозир пенсияда. Катта қизлари Назокат мактабда она тили ва адабиёти муаллимаси. Кичиги Нодира ҳамшира. Кенжаси Нозима Ўзбекистон Миллий университети рус тили ва адабиёти факультети талабаси. Ўғиллари Толибжон - эколог. Фарзандлари ҳам ота-оналаридай маънавияти бой, хулқи хуш инсонлар қаторида эл-юртга манзурлик мартабасига муносибликка интилишгани интилишган. Бу, албатта, оила раҳнамолари учун чинакам бахти баркамолликдир.

Содиқ САЙҲУН.