Хасталанган одам борки, Ойниса Деҳқоновани яхши таассурот билан эслаб қолади. Чунки у хушмуомалалиги, ўз ишининг устаси эканлиги билан танилган.
- Ойнисанинг соҳада иш бошлаганига 28 йил бўлди, - дейди Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси қошидаги клиник диагностика ва бактериологик лаборатория бўлими мудираси Равзахон Ниёзова. - Эпчил, ҳар ишда фаол ходимимизнинг, айниқса, интизомга қатъий риоя қилиши, беморга чин кўнгилдан ёрдам бериши, шу мақсадда бор билим ва тажрибасини аямаслиги диққатга сазовор. Мен уни ниҳоятда аҳил жамоамизнинг энг яхши ходими, деб ҳисоблайман. Бу эътирофнинг нечоғли тўғрилигини врачларни эмас, Ойнисани сўраб келувчилар кўплигидан ҳам билишингиз мумкин.
- У билан 24 йилдан бери битта хонада фаолият кўрсатамиз, - қўшимча қилади катта ҳамшира Солияхон Шодмонова. - Бугунги тиббиёт ривожланган замонда ҳам энг тўғри ташҳис таҳлилларимизга қараб қўйилаётганида О. Деҳқоновадек билими кучли лаборантларнинг ҳиссаси катта. Ваҳоланки, замонавий аппаратуралар йўқ маҳалда-да унингдек фидойиларнинг изланишлари сабабли соҳамизга ишонч кучли эди.
Устози Дилбархон Тошбоевадан соҳа сирларини мукаммал ўрганиб, энг яхши лаборант даражасига етган Ойниса опа ҳамон ўз устида ишлашни заррача сусайтирмаган. Бўш вақт топди, дегунча ўқийди, Манзура Ортиқова, Азизбек Мансуров каби тажрибали шифокорлардан сўраб ўрганади. Ишдан сўнг эса тун ярмигача беморларни даволайди, ҳар қандай ҳолатда уларга ёрдам беришдан оғринмайди. Шунинг учун опани Бураматут қишлоғи, Ўрда маҳалласида ҳам яхши кўришади, ҳурмат қилишади.
Туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Равшаной Ражабованинг айтишича, бирлашмада ишлайдиган 70 нафар лаборант орасида О. Деҳқонова меҳнатсеварлиги, кичиккўнгиллиги, ўз устида кўп ишлаши билан ажралиб туради.
Ойниса ёшлигида акаси Муҳаммаджон Деҳқоновни ҳавас қилиб, тиббиётга меҳр қўйганди. Ўтган йиллар мобайнида таҳлилхонадаги фаолияти ҳаёти мазмунига айланиб кетди. Ҳар бир иш кунини, одамларга фойдам тегсин, деган эзгу ният билан бошлайди, холис хизмати учун миннатдорликлардан руҳланиб якунлайди. Қувонарлиси, Тўрақўрғон туманида унингдек соҳа фидойилари жуда кўп.
Назокат БАҲОДИРОВА.