У Поп "Мурувват" интернат-уйи олий тоифали ҳамшираси Муқаддас Тожибоевадир
Истиқлолнинг 28 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра, ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишдаги ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги кўп йиллик ҳалол ва фаол хизматлари учун Поп туманидаги "Мурувват" ногиронлиги бўлган эркакларнинг интернат-уйи ҳамшираси Муқаддас Тожибоева "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.
Телефон қўнғироқлари... табриклар... Айниқса телеграм каналларидаги қутловларнинг ниҳояси йўқ. Фарғоналик бемори Темурмалик Собировнинг ота-онаси, жиззаҳлик Отабек Орзиқуловнинг онаси Маликахон, тошкентлик Абдуқодир отанинг жияни Зарифа, Дилфуза, Собиржон ва бошқаларнинг узлуксиз муборакбодлари кўнглини тоғдек кўтарди.
У қадрдон ишхонасига қушдек қанот қоқиб борди. Устози, бош врач Моҳинисо Маърупова ва жамоадошларининг табрикларидан янада яйради "Ҳалол меҳнат ҳамиша ўз қадрини топади. Ўксик кўнгилларни парваришлаш савобдан савоб, доимо уларнинг қалбига йўл топинг, асраб-авайланг, дардига малҳам бўлинг" дея ҳамиша яхшиликка ундаб келган Моҳинисо опанинг эътирофлари нақадар тўғри эканлигини янада теранроқ тушуниб етди.
М. Тожибоева 1970 йилда Поп тумани Марғизор қишлоғида туғилган. Чуст тиббиёт билим юртини тамомлаган. 1989 йилдан буён шу муассасада. Хаста инсонлар, ўксик қалблар муолажаларини ўз вақтида ва сифатли адо этиб келмоқда. Бирини отам, бирини акам, бирини укам деб суяди. Улардан меҳрини, ширин сўзларини ҳеч аямайди.
Беморларнинг ҳар бири ўзгача олам. Баъзилари умуман гапиролмайди, чанқадим, сув бер дея олмайди, хожатини айта олмайди. Кўнгилларини кўзларидан уқиш даркор. Ҳатто, танасининг бирор аъзоси безовта бўлаётганини юзларидангина пайқаш мумкин. Уларнинг ғамхўр ва меҳрибон ҳамшираси бари-барини дилидан ҳис этиш ҳадисини олган. Улар саломатлигини сақлашдек масъулиятни бир зум бўлсада унутмайди.
Бош врач ўринбосари, психиатр Акмал Мамажонов, терапевт врач Бахтиёр Умаровларнинг кўрсатмаларига ҳамиша амал қилади. Ҳамкасблари Лола Мақсудова, Назокат Рихсиалиева, Шоҳиста Зайниддиновалар эса унга ҳавас билан боқишади. Бирга - бирга вазифаларни аъло даражада уддалашга ҳаракат қилишади.
- Ўғлим ушбу муассасада истиқомат қилади, - дейди фарғоналик Наргиза опа. - Тез-тез келиб, ундан хабар олиб тураман. Бир жойда ётиб қолган бўлса-да, ҳамиша усти-бошлари тоза, тирноқлари олинган бўлади. Бирор ноҳуш ҳид сезилмайди. Дори-дармонларини, муолажаларини ўз вақтида қилаётган, чеҳрасида ҳамиша табассум ёйилиб, ўғлимиз дардига дармон бўлаётган Муқаддасхон опа ва аҳил жамоадан миннатдормиз. Фарзандим шундай яхши инсонлар қарамоғида эканидан ҳамиша кўнглимиз тўқ, бехавотир яшаймиз. Муқаддасхоннинг меҳнати муносиб тақдирланганини интернетда кўриб, оила-аъзоларимиз билан жуда-жуда қувондик. Тўғриси, кўзларимда севинч ёшларим қалқиб қутладим опани. Ахир осонмас тўшакка михланиб қолган инсонлар парвариши.
Дарвоқе, М. Тожибоева муассасада ўтказиладиган тиббий кўрикларда ногиронларнинг фаол иштирокини таъминлайди. Кўрик давомида аниқланган касалликлар бўйича шу ерда, зарур бўлганда ихтисослаштирилган шифохоналарда даволаниб шифо топишлари учун хизматларини асло аямайди. Ушбу масканда яшаётган ногиронларга барча шароитларни яхшилаш борасида ташаббуслар билан чиқади.
- Муқаддасхон жамоамизнинг энг жонкуяр ходимларидан, - дейди бош врач Моҳинисо Маърупова. - Ўз касбининг сир-асрорларини пухта биладиган тажрибали мутахассис. Муассасадаги барча ишларда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Ҳар ишда ташаббускор, тўғри сўз ва масъулиятли. "Шуҳрат" медали билан тақдирланганлиги жамоамизни ҳам жуда-жуда қувонтириб юборди. Ҳамширамизнинг юксак эътирофга муносиб кўрилиши биз учун улкан шараф.
Муқаддасхон Тожибоева нафақат ишда, балки оилада ҳам барчага ўрнак бўлгудек аёл. Ота-онасию, қайнона-қайнотасининг дуоларини олган. Турмуш ўртоғи ички ишлар органларида фаолият юритган Расулжон Норбоев билан биргаликда 4 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Бош фарзандлари Равшанбек ҳарбий соҳа ходими. Рустамжон ва Жамшидбеклар ҳам акалари изидан боришиб, ҳарбий бўлиш истагидалар. Жасурбек эса ҳали мактаб ўқувчиси.
- Сийланган жойида азиздир инсон, деган гап нақадар ҳақ эканини ҳаётимда яққол кўриб турибман, бизларнинг хизматларимизни қадрлаётган Юртбошимизга мингдан минг раҳматлар айтсам арзийди, - дея ҳамширалик касбини танлаганидан беҳад мамнунлик туяди "Шуҳрат" медали соҳибаси. - Энди янада фаол ишлашга нақадар бурчли эканимни чуқур ҳис этиб турибман.
Манзура ЭРГАШЕВА.