Вилоят перинатал марказининг 1-туғруқ бўлими акушер - гинекологи Ҳуснидахон Мажнуновадан шифо топганлар уни шундай аташади.

Ультратовуш текширувидан ўтган Зебонинг кўнглини ажиб бир мунавварлик чул­ғади. Қандай яхши, энди у она бўлади. Ҳушхабар оила аъзоларини ҳам шодлантириб юборди. Хонадонга янги меҳмон келишидан бохабар бўлган турмуш ўртоғию, қайнона, қайнотасигача бахтиёр эди. Аммо бу хушнудлик узоққа чўзилмади. Унинг қон таҳлилларидан гепатит С хас­талиги мавжудлиги маълум бўлди. Бир неча шифокорларга учради. Уларнинг муолажалари, тавсияларига амал қилди. Лекин ҳомиланинг тушиш хавфи юқори тураверди. Бу орада оилавий келишмовчиликлар ҳам юзага келди. У фарзандли бўлишни жуда-жуда истаётганди. Ягона орзуси чақалоғини соғ-омон дунёга келтириш эди... Умидсизликдан қийналиб юрган кезлари вилоят юқумли касалликлар шифохонасида яқин дугонаси билан учрашиб қолди. Дугонаси бундай ташвиш уларни оиласи бошидан ҳам ўтганини айтди. Қайнсинглиси ҳам ушбу хасталик билан хомиладор бўлганини ва вилоят Перинатал марказида Ҳуснида исмли яхши мутахассисда вақти-вақти билан муолажа олиб, мақсадига эришганини айтди. Зебо онаси билан биргаликда шу куннинг ўзидаёқ Ҳуснида Мажнунова билан учрашишди.

Беморнинг қон таҳлиллари, УТТ, ЭКГ текширувларини кўздан кечирган Ҳуснидахон вазият бироз жиддийлигини тушунди. Лекин, буни беморига асло сездирмади. Шифокорларнинг доимий назоратида бўлиши зарурлигини, уларнинг айтганларига амал қилса, албатта, эсон-омон соғлом фарзанд дунёга келтиришини тушунтирди. Муолажаларни шу куннинг ўзидаёқ бошлади. Шифокорнинг ғоят самимий, камтару меҳрибонлигидан беҳад қувонди. Ўзида ишонч, эртанги яхши кунларга умид уйғонди. Ва ниҳоят ой-куни етиб, Зебо чин дилдан истаган ўғил кўрди. Севинч ёшлари юзларини ювди. У нажот фариштаси Ҳуснида Мажнуновадан жуда-жуда миннатдор эди. Ҳушхабар, янги меҳмон турмуш ўртоғини ёнига қайтарди. Касалманд келинидан кўнгли қолган қайнонасининг ҳам қалбини юмшатди, албатта. Оиласи мувозанатини тикланишида шифокорнинг беқиёс ҳиссаси борлигини Зебо бугун барча-барчага фахру ифтихор билан сўзлаб беради. Бу аслида ягона ҳолат эмас экан. Янгиқўрғонлик Шоҳистахон, учқўрғонлик Хилола, уйчилик уч эгизаклар онаси Ойшахон, тўрақўр­ғонлик Зилолахон, косонсойлик Хуршидалар шифокордан беҳад мамнун эканликларини изҳорлашди, бизга.

Ҳ. Мажнунова 1966 йилда Наманган шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келган. 6 фарзанднинг кенжаси. Отаси Тожибой ака педагог, онаси Хамрохон ая уй бекаси бўлганлар. "Мен сиздан шифо топдим, жонга жон шифокорлар", "О ТошМИ қизлари, ТошМИ қизлари". Ҳуснида болалигидан ушбу қўшиқларни жон қулоғи билан тингларди. Кўнглидаги акушер-гинеколог бўлиш орзуси ана шу йўсинда янада мустаҳкамланди.

У Наманган шаҳридаги 17-умумтаълим мактабини олтин медалга битиргач, ота дуоси билан Андижон Давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширди. Афсуски, кенжа қизи Ҳуснидахоннинг талаба бўлиш шарафига муяссарланганини онаси ҳам, отаси ҳам кўра олишмади.

Дунёдаги энг яқин ва энг меҳрибон инсонларидан айрилиқ изтироби ёш кўнглини қанчалик ранжитгани ҳали-ҳануз ёдида. Яхшиям акаси Муҳаммаджон, опалари Турсунхон, Дилбархон, Хадичахон, Рислиқхонлар бор экан. Унга далда бўлишди, олийгоҳда таълим олиши учун барча шароитларни яратиб беришди. У айрилиқ азобларини сабр билан енгиб, астойдил, ўқиди. Талабалар ичида ўткир зеҳни, билимдону зукколиги билан фарқланиб турди.

1990 йили вилоят марказий туғруқхонасига (ҳозирги перинатал марказига) интернатурани ўтагани келди. Чаққон, билимдону зукко Ҳуснидахон тезда устозлар назарига тушди. Унинг нозик табиати, камтарлиги, беморлар билан ширинсўз ва самимийлиги, энг муҳими, пухта билим эгаси эканлигини кўришган устозлари шу ерда иш фаолиятини бошлаш таклифини беришди. Мана, 29 йилдан буён мазкур муассасада ҳалоскорлардан бири. Аёлларнинг акушерлик ва гинекологик ҳасталиклардан фориғлантирувчиси. Уларнинг она бўлишдек энг шарафли ва мўъжизали онларида мададкору ҳайрихоҳ. Ўз касбининг сир -синоатларини ҳамон ўрганишда. Гинекология, патология, жонлантириш, туғруқ бўлимлари бўйича малакасини доимо мустаҳкамлаб боради. У устозлари Тошпўлат Абдукаримов, Маҳбуба Усмонова, Азиза Каримова, Ўзганбой Раҳмоновлардан жуда-жуда миннатдор.

Фаолиятини 1-туғруқ бўлимида ғайрату -шижоат билан давом эттирмоқда. Бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Лолахон Абдуллаева бошчилигидаги жамоа жуда аҳил ва ҳамжиҳатлиги билан барчага ўрнак. Гўзал Жўраева, Сайёра Бойзоқова, Мавжудахон Жўраева, Наргиза Мирзаева сингари олий тоифали шифокор ҳамкасблари билан ҳар ишда ҳамфикиру ҳамнафас.

- Ҳуснидахон ёш жиҳатдан мендан кичик бўлса-да, тажрибали. Баъзан туғруқ давомида беморларимнинг ҳолати бўйича ундан маслаҳатлар оламан. Тўғри маслаҳатлар беради, вақтини аямайди. "Шу беморингизда мана бундай қилсангиз яхши бўлади", дейди. Жуда нозиктабиатли, куюнчак, фидоий, - дейди алоҳида таъкидлаб касб­доши Моҳира Қурбонова.

Ҳ. Мажнунова қўли енгил шифокор. Кесарча кесиш, бачадон ампутация экстрипацияси, пластик жарроҳлик ва бош­қа амалиётларни моҳирлик билан уддалайди. Шунданми, туну-кун телефонида қўнғироқлар садоси тинмайди.

- Касбимни жуда-жуда қадр­лайман, - дейди у. - Шифокорлик-шарафли ва масъулиятли касб. Инсонлар тақдири ва саломатлиги ҳамиша бизнинг тўғри қароримизга боғлиқ. Шунинг учун ҳамиша ўқиб-изланиб, малакамизни мукаммаллаштириб боришимиз ғоят зарур.

Дарҳақиқат, қаҳрамонимиз иш фаолияти ҳақидаги илиқ сўзларни, инсоний фазилатларини узоқ давом эттириш мумкин. Бугун ўзи ҳам устозлик даражасига етгани эса марказ ходимларига сир эмас. Шогирдлари Ҳавохон Қосимова, Роҳатой Эшонова, Феруза Давроноваларнинг энг яқин маслакдоши.

Оилада намунали уй бекаси. Турмуш ўртоғи Каримжон ака билан бахтли -саодатли ҳаёт кечиришяпти. Бош фарзанди Жаҳонгир муҳандислик йўналишини танлаган бўлса, Сарвинозхон онасидек акушер-гинеколог шифокор бўлмоқчи.

Касб байрами арафасида фидойи ва тиниб-тинчимас Ҳуснида Мажнунованинг эл саломатлиги йўлидаги ҳалол ва фаол хизматларида янада куч-қувват тилаймиз. Шу билан бир қаторда оилаларга бахт-саодат улашиш шарафига муяссарлик узоқ йиллар давом этишига тилакдошмиз.

М. ЭРГАШЕВА.