Ёҳуд қирқ йил тиббиётчилар билан бирга

Ҳаёт ҳисоб-китоблар ичидаги жонли ҳодиса. Унинг ҳар бир жараёнини рақамларсиз тасаввурлаш, рақамларсиз мазмун-моҳиятини англаш қийин. Ана шу ҳолатнинг адолатли, ҳалол ва баракали бўлишига масъул касб эгаларини ҳисобдонлар деймиз. Бундай кишиларнинг қўлидаги ручкалари қачонки турли шакл­даги иш қоғозларини тўлғазишда бехато юрсагина, ҳаққоний ҳолатни тўлақонли ифодаласагина беҳаловат ҳисобдонликнинг ҳаловатли мартабасига мушаррафлик насиб этади. Жамоадошлари унинг ҳурмат-обрўсини раҳбарлардан сира кам қўйишмайди. Яхши ишласа, сийловларидан, моддий кўмакка эҳтиёж сезишса, ҳожатбарорлигидан умидланишади. Шу боис, унга ишонч билан қарашиб, дилларидагини тилларига тортинмай чиқаришади. Ниҳоят, беэътибор қолишмагани учун, ўз вақтида иш ҳақини ҳам, мукофотни ҳам олишгани учун миннатдорчиликларини асло дариғ тутишмайди. Заҳматлари ортидан раҳматларга сазоворликларидан бошлари осмонга етгудек қувонадиган бундай ҳисобдонларни халқимиз "ҳалол, иймонли ва инсофли" деган эътирофларга муносиб кўриб, қадр-қимматларини ҳамиша юқори баҳолайди.

Шаҳандлик Орифжон Нажмиддиновнинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятини, жамоасидаги тиббиётчиларга муносабатини кузатиб, шундай хулосага келганман. Негаки, бу ҳисобдонни қирқ йилдан бери биламан. Гоҳ-гоҳ даврадош бўлиб келганман. Камгапу мулоқоти мароқли, мулоҳаза-мушоҳадаси теран, кўнгли эзгуликларга тўла, одамийлик меъёрларини яхши ўзлаштирган, ҳисоб-китобнинг тартиб - қоидаларини пухта эгаллаган, энг муҳими, қоғозга чеккан рақамлари ҳозиргача ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам хижолатда қолдирмаган. Бундан ўзга касбий бахт-саодат қаерда?!

У ҳисобдонликни тасодифан эгаллаб қолган эмас. Авваламбор, мактабда аниқ фанларни пухта ўзлаштирган, айниқса математикага уқуви баланд бўлган. Шунга қарамай, дастлаб Тошкент молия техникумига ўқишга кирди. Кейинчалик ишдан ажралмаган ҳолда Тошкент халқ хўжалиги институтида олий сабоқни ҳам олишга эришди. Чунки умрини ҳисобот соҳасига бағишлашга қатъий жазм этганди.

Агар унинг меҳнат дафтарчасига назар ташланса, илк бора 1976 йилда бир неча ойгина туман омонат кассаси (ҳозирги халқ банки)да фаолият юритгани кўринади. Сўнгра бутун ҳаёти Тўрақўр­ғон тиббиёт бирлашмасида кечгани ҳақидаги қайдларни ўқишимиз мумкин. Оддий ҳисобчиликдан бош ҳисобдонликка кўтарилишига атиги бир йилгина кифоя қилгани ҳам Орифжоннинг исми-жисмига мос - билимдонлигию, беҳад уқувли эканидан ёрқин далолат беради.

У икки йилдан буён пенсияда. Бироқ қадрдон жамоасини тарк этишни истамади. Тажрибаси бойлигини ҳамда ҳисоб-китобга усталигию, рақамларнинг ўз ўрнида, мақсадга мувофиқ сафланишини назорат қилишнинг ғоят ҳадисини олгани учун Орифжон Нажмиддиновга бош ҳисобдон ўринбосарлиги топшириб қўйилган.

Бу инсон билан суҳбатлашсангиз ўзидан кўра ҳам устозлари, ҳамкасблари, раҳбарлари ва ёнма-ён ишлаган ва ишлаётган ташкилотчи тиббиётчилар тўғрисида кўпроқ гапиришини осонгина пайқайсиз.

- Қирқ йил бир жойда меҳнат қилганимнинг бош сабаби ҳамиша яхши инсонларга ёндошганлигим, нафс балосидан йироқ яшашга интилганим, тиббиётчиларнинг қарийб уч авлоди манфаати учун бирдай беминнат хизматда бўлганимдир,- дейди мамнун қиёфада ми­йиғида жилмайганча Орифжон Нажмиддинов. - Туман молиячиларидан Эркинжон Нурматов, Эҳсонбой Қудратов, Ҳайрулло Тўрахўжаев, Нурмуҳаммад Аҳмадалиев, Иброҳим Абдуллаевларнинг маслаҳат ва йўл-йўриқларига ҳар вақт қулоқ тутганимдан, ТТБ бош врачлари - Маҳмуджон Қўчқоров, Аҳмаджон Худойназаров, Олимжон Холмирзаев, Абдулбоқи Салимбоев, Ҳалимжон Алимов, Муҳаммаджон Турдибоев, Адҳамжон Жўраев ва Муҳаммаджон Деҳқоновларнинг ёнларида тиббиёт муассасаларининг шифокор жамоалари элга манзур хизмат кўрсатишини таъминлаш учун тегишли маблағларни ўз вақтида тўғри тасарруф этилишига эришганимдан бугун беҳад фахрланиб турибман.

Юқоридаги эътирофлар бежиз эмас. Камина, тўрақўрғонлик бўлганим туфайли Орифжон Нажмиддиновни фақат хонада ўтирадиганлар қоғозбоз ҳисобдонлар тоифасидан ўзгачалигига аллақачонлар шоҳидланганман. Гоҳ туман молия бўлими раҳбарлари ҳузурида жамоа эҳтиёжини қондириш мақсадида, тегишли маблағнинг сўровини жўяли йўсинда ҳимоя қилаётганини, гоҳ тармоқ касаба уюшма қўмитаси етакчи ва фаоллари - Турсунбой Ҳабибжонов, Абдуғаффор Абдуқаҳҳоров, Миржалол Мирсаидовлар билан Наврўз ва Мустақиллик байрами айёмларида ҳовлию, хизмат машиналарини "безатиб", оқ халатлиларнинг тиббиётга хос ютуқлар кўргазмасини элга намойишлаш учун елиб-югуриб юрганини, Қутбидин Назаров, Мўминжон Мамажанов каби ёши улуғ ва пазанда врачларни ошпазликка чорлаб, дошқозонларда палов дамлатиб, шифокорлар дас­турхонларига торттираётганини, маблағ камчил пайтлар нолимасдан тиббий муассасалардаги жиҳозларни таъмирлатаётганини, ҳатто эски матраслар пахтасини титтириб, қайтадан қавишишига чевар бекаларни солиб юборганини яхши биламан. Ана ўшанинг учун катта-кичикка ёқиб қолган. Обрў-эътибори юқорилаган.

ТТБ бош иқтисодчиси Аропатхон Бўтабоеванинг иқрорномаси янада мароқли:

- Орифжон ака билан 1985 йилдан буён бирга ишлаймиз. Ўшанда ҳисобхонада 17 киши қалам тебратардик. Ҳаммамиз учун устоз эдилар, ҳозир ҳам шундай. Улар "Ҳисобхонанинг вазифаси худди тарозиникига ўхшайди" деганлари деган эди. Бехато фаолият юритишни, қонунга хилоф ишдан тийилишни шарт қилиб қўйгандилар. Бошқа туман шифохоналаридаги қонунбузарликлар ва уларнинг салбий оқибатларини ўрганиб, муҳокама этиб, кимки нотўғри сарф-ҳаражатга йўл очса, ўз-ризқини ўзи қийишини, ҳалолликни бирор лаҳза унутмаса, умр бўйи қоқилмасдан, жамоада қадр-қиммат топишини тинмай тушунтирардилар. Фақат оғиздамас, амалда ҳам ўзлари бизларга шахсий ўрнак кўрсатиб келганлар. Ана шуларнинг шарофатидан бош ҳисобдон ўринбосари Турсунбой Оқилов, ҳамкасбларимиздан Хайринисо Аҳмаджонова, Мавлудахон Қаюмова, Карима Бозорова, Шаҳринисо Аҳмаджонова ва Хайрихон Миролхоновалар ёруғ юз билан пенсияда қарилик гаштини суришмоқда, десам асло муболаға эмас. Эндиликда Сайфиддин Қорахонов ва Равшанбой Жакбаровлар ҳам устоз дуосини олишиб, пенсияга чиқишга яқинлашишмоқда. Бизлар Орифжон акадек мураббий насиб этгани учун Аллоҳга беҳад шукроналар айтамиз.

Бир неча йил ТТБ муҳандиси бўлиб ишлаган, пенсионер, ҳозирда "Олтин мерос" жамғармасининг тумандаги вакили Абдураҳмон ота Раҳимовнинг таъкидлари ҳам ўзига хос:

- Орифжон иймон-эътиқодли, Ватанига ва ўз юрти улуғларига меҳр-муҳаббати зиёда инсон. У айниқса Шаҳандда таваллуд топгани учун бу маскандаги азиз-авлиёларнинг мангу қўнимгоҳларига эътиборли. Қишлоқда ўттиз йил яшаб кетган Хўжа Аҳмад Валийнинг муҳташам мақбаралари тикланган Водилга саёҳат-зиёрати уюштирганимизда ташкилотчилик ва ҳомийлик қилгани туфайли биз улуғлар ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитдик. Бу билан мўъжаз рисола яратилишига янги маълумотлар тўплашимизга фаол кўмаклашди. Савобмандликка интилганлар ҳеч қачон камлик кўришмайди. Орифжоннинг мартабаси элда ҳамиша баланд бўлишига ишончимиз комил.

Қирқ йилдан бери ақли чарҳланиб, тобора теранлик ва ўткирлик касб этган, қалби эзгу ниятларга лиммо-лим Орифжонга ҳозир ҳам қариш бегона. Рақамларга раҳнамолигидан қўлларига толиш ёт. Янада муҳими, оиласи тинч, рўзғори баракотли. Турмуш ўртоғи Азизахон Абдураҳмонова билан уч ўғилу бир қизни вояга етказишган. Назира 33-мактаб муаллимаси, Муҳаммаджон Мингбулоқ туман ғазначилик бўлими бошлиғи, Фарҳоджон Фарғона вилоят божхона бошқармаси ходими, Одилжон Тошкент фармацевтика институти магистранти. Фарзанду набиралар камолидан қувониб яшаш бахти Орифжон Нажмиддиновни яна узоқ йиллар оғушлаб юраверсин!

Содиқ САЙҲУН.