Салкам етмиш ёшни қоралаган Саломат опанинг бугунги ҳаракатларини, ишга баланд иштиёқу ғайратларини кўриб, қойил қолмай иложимиз йўқ. Энг муҳими, ёшлардек тетик ва бардам, кўнгиллари эзгу орзуларга тўла. Қачон изламайлик, қачон учрашмайлик зарур юмушлару, ибратли тадбирларга бош-қош турган ҳолатда топамиз. Ўн йилдирки, Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси вазифасини ҳалол ва фаол уддалаб келмоқдалар. Аввал ҳам худди шу лавозимда уч йил ишлаган, ўша 80-йилларнинг охирларида тиббиётчиларнинг беминнат ғамхўрига айланган аёлни энди кўпсонли жамоа асло қўйиб юбормаяпти. Ҳатто пенсияга чиқсалар ҳам. Ана меҳр-эътибор қозониш, ана жамоат ишларида обрў орттириш, ана суюкли саркорга айланиш.
У аслида Наманган шаҳрилик. Муҳандис Абдураҳим Саркоровнинг етти фарзандидан бири. Мактабнинг ҳамиша аълочи ва жамоатчи ўқувчиси "Олтин медаль" билан Андижон Давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширган, имтиёз сифатида атиги битта фан имтиҳонига қўйилганида ундан ҳам "5" баҳо олишга эришган қиз. У 1965 йили талабалар сафига қўшилди. Олийгоҳдаям аълочилар қаторида юрди. Устозларидан ҳам назарий, ҳам амалий сабоқларни пухта ўзлаштирди. 1971 йили Наманганга тиббиётчи мутахассис бўлиб қайтди. Шаҳардаги 2-бирлашган поликлиникада участка терапевтлигидан иш бошлади. Толе табассумини қарангки, унга муносиб йигит ҳам врач экан. Саломатни Косонсойга кузатишди. Нуриддин Дадахоновга турмушга. Қирқ йилдан зиёд аҳил оиланинг меҳрибон бекаси сифатидаям маҳалла-кўйга намуна. Икки ўғил ва бир қизни вояга етказишган. Қизлари Фароғатхон ота-онаси касбини танлаган. Ўғиллари - Ибодулло ва Раҳматулло муҳандис.
- Умр йўлдошимдан доимо фахрланаман, - дейди тери-таносил касалликлари врачи Нуриддинхон ака. - Менга ҳамиша ҳамкору ҳамнафас. Ҳатто Москвадаги тиббиёт институтида икки йил сабоқ олганимда ҳам ёнимда бўлди. Бутуниттифоқ лаборатория марказида клиник-ординатор вазифасини бажарди. У ҳеч вақт тиниб-тинчимайди. Жамоат ишига фидоий. Касбдошларини қуллаб-қувватлаб, рағбатлантириб чарчамайди. Аслида ўзгаларга нафи текканидан беҳад қувонади. Косонсой тумани тиббиётчиларини барча соҳада фаолликка ундагани ундаган.
Нуриддинхон аканинг эътирофу таъкидларида заррача муболаға йўқ, буни биз ҳам яхши биламиз. Туман тиббиёт бирлашмасида бирор тадбир Саломат опасиз ўтмайди. Маънавий-маърифийми, касб маҳоратини оширишми, анъанавий миллий байрамларми, турли-туман кўрик-танловларми, ҳашарми- барча-барчасида фидоий аёл ҳозиру нозир, бошу-қош, маслаҳатгўйю, рағбатчи. Касаба уюшма томонидан илғорларни совғалар билан сийлашни ниҳоятда жой-жойига қўяди. Фақатгина ўтган ва бу йилги айрим тадбирларни тилга олганимиздаям фикрларимизга тўла ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Туман тиббиётчилари мини футболдан, стол теннисидан республикада фахрли ўринларга лойиқ топилдилар. "Йилнинг энг яхши мутахассиси" кўрик-танловида Чўлпонов ҚВПнинг умумий амалиёт врачи Анваржон Камолов туманда биринчи ўринни эгаллади. "Энг фаол ва ёш ўқитувчи" кўрик-танловида эса тиббиёт коллежи муаллимаси Латофат Ирисова ғолибликни қўлга киритди. "Ўз касбининг моҳир эгаси" кўрик-танловида қатнашган 8 нафар тиббиётчи ўртасида Чўнгбош ҚВП мудири Муродилла Тошматов юқори баҳога муносиб кўрилди. Марказий шифохонанинг гинекология бўлими ҳамшираси Ўғилжон Раҳмонова эса вилоят босқичида муваффақиятли иштирок этди.
Хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшма ташкилотлари қуйи бўғини ишларини намунали ташкиллаш борасидаги изланишларга тўхталсак, косонсойликлар фаолияти вилоят миқёсида кўзга кўринарли. Жумладан, Баҳористон ҚВП бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси Муҳаррамхон Қўчқорова устози Саломат опадан андоза олиб, асло кам бўлмади. Унга айни пайтда вилоят вакили сифатида кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун Тошкентга бориш насиб қилди.
2014 йилги касб байрами Саломат Саркорова учун ғоят унутилмас воқеага айланди. Толмас ташкилотчи ва қалби янгиликларни ўз фаолиятида дадил қўллаш иштиёқига тўлиб-тошган ташаббускор аёлга "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони берилди. Яна бир эсда қоларли жиҳати, бу мукофот соҳа касаба уюшма ташкилотлари етакчиларининг вилоят анжуманида тантанали тақдим қилинди ва тақиб қўйилди.
- Рағбатга муносиблик масъулияти мени янада астойдил ишлашга руҳлантириб юборди, - дейди зўр мамнуният билан саркор Саркорова.
Айни маҳалда опанинг фаоллиги янада ошган. Хотира ва қадрлаш кунига тараддудни кучайтириб юборган.
Содиқ САЙҲУН.