У "Невромед сервис" хусусий муассасаси раҳбари,

олий тоифали врач Ғуломқодир АСХОНОВдир

Кечагидек ёдимда. Бундан тўрт йил муқаддам "Шаҳанд" сиҳатгоҳининг клубида вилоят хусусий тиббий шифо масканлари раҳбар ва ходимлари жамулжамлигида тантанали тадбир ташкилланди. Соҳа мутасаддиси Назиржон Давлатов вилоят тиббиётининг хусусий секторида олиб борилаётган диагностика ва даволаш ишларини мухтасар таҳлил қилиб бергач, "Энг яхши нодавлат муассасаси" танловида турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилганларни бирма-бир тақдирлашга таклиф эта бошлади:

- Наманган шаҳридаги "Невромед сервис" 2015 йилда ўз фаолиятига юқори технологияли тиббий ускуналарни тадбиқ этган "Энг яхши нодавлат ташкилоти" номинацияга лойиқ кўрилди.

Зални ҳамкасбларнинг олқиш қарсаклари тутди. Ғуломқодир Асхоновга ғолиблик дипломини ва эсдалик совғасини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг соҳага масъул мутахассиси Фарҳод Раимқулов тантанали суратда топширди.

Бундай юксак эътирофга сазоворлик ўз-ўзидан бўлмаган эди, албатта. Ахир саккиз йилдан буён бетиним ҳаракат қилди, ўқиди, изланди, хусусий ташкилотни оёққа тур­ғизиб, ниҳоят ўз мижозларига жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш шароитларию, имкониятларига эришди-да.

Ҳозиргидек рағбату сийловларга муносиблик мақомига етиб келгунича озмунча заҳмат чекдими. Буниси ўзига ва кичик жамоасигагина маълум. Бир нарсани аниқ биладики, ишининг йилма-йил бароридан келиши истиқлолли юртдаги ислоҳотларнинг бардавомлигидандир. Ахир мустақил Ватанимиз чинакамига имкониятлар мамлакатига айланиб қолди-ку! Ғуломқодирга ўхшаган фидойи шифокорларда жамоаси билан ана шу имкониятлардан ўз вақтида оқилона фойдаланиш иштиёқининг кучлилиги туфайли улар вилоят тиббиётида ўз ўрни ва ўз мавқе-мақомига эга бўлишиб, эл соғлигини сақлашга салмоқли ҳисса қўшишяпти.

Яхшиларнинг яхши ишлари ҳақида ҳар қанча гапирсак ва ёзсак арзийди. Айниқса, олтмишга тўлиб, тўйлашаётган айёмларига бу одатимиз ғоят ярашиқли.

У 1959 йили Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги Тумор қишлоғида таваллуд топди. Отаси Ҳабибулло ака билан онаси Ўлмасхон аялар  тўнғичи Ғуломқодирнинг шифокор бўлиш орзусида эканини билишгач, жуда-жуда қувонишиб, Андижон давлат тиббиёт институтига кузатиб қолишди. У мактабни аъло баҳоларга битиргани учун кириш имтиҳонларидан ҳеч қийналмай етарли балл тўплай олди. Роса олти йил тиббиёт билимдонлари бўлган домлаларининг сабоқларини қунт билан ўзлаштирди. Айниқса, Собиржон Пўлатов, Баҳриддин Жўраев, Абдуллажон Орипов, Геннадий Коротько каби профессор ва доцентларни ўзига устоз билди. Ҳатто кейинчалик улар тавсияси ва раҳбарлигида ошқозон­ости бези регуляцияси бўйича илмий тадқиқотлар олиб борди. Энг муҳими, Ғуломқодир тиббиётнинг неврология соҳасини танлаганида ҳеч янглишмаган экан. Бугунги камолоти ва толеи шундан далолат бериб турибди.

У 1982 йили АДМИни тугатган бўлса, даставвал "Гўзал"даги вилоят шифохонасида интернатурани ўтагач, Наманган шаҳридаги 2-поликлиникада невролог вазифасини адо этди. Наманган давлат педагогика институти (ҳозирги НамДУ)нинг физиология кафедрасида ўқитувчилик, вилоят диагностика марказида врачлик фаолиятини олиб борди. Бу вақт ичида Ғуломқодир ҳам назарий билимини мукаммаллаштирди, ҳам амалий тажрибаларини бойитди. Қатор илмий мақолалари билан газета - журналларда қатнашди. Вилоятнинг кўзга кўринган неврологига айланди. Муолажаларидан самарали наф кўрган беморларнинг ихлосини қозонди.

Одамлар орасида "Асхонов асаб хасталикларини даволашнинг чинакам устаси" деган ҳақли эътирофлар кўпайгандан кўпаяверди. Бу эса, моҳир врачнинг ўз билимига, ўз малакасига, беморларни муваффақиятли даволаш салоҳиятига ишончини тобора ошириб юборди. Истиқлол ислоҳотлари туфайли врачларга тиббиёт тармоғида хусусий муассаса очиб, фаолият юритиш имконият яратилгани Ғуломқодир учун айни муддао бўлди. 2007 йили "Невромед сервис" хусусий клиникасини очди.

Албатта, ҳеч бир янги бошланган иш осонликча юришиб кетмайди. Бунинг учун аввалдан ўйлаб, фақат бугунни эмас, эртани ҳам кўзлаб ҳаракат қилинсагина, режалари бирин-кетин натижа касб этишига эришилади. Врач Асхонов шуни яхши билибгина қолмади. Айни маҳалда хусусий сектордаги ҳамкасблари орасида пешқадамлик мақомига кўтарилиш учун тинмай интилди.

- Изланишдан тўхтаган, янгиликларни амалда қўллашдан чўчиган тадбиркор ютқазади, - дейди у алоҳида таъкидлаб. - Чунки замон шиддаткор, фан-техника ой эмас, ҳафта эмас, кун сайин ривожланяпти. Биз ҳам жамоамиз билан доимо энг замонавий, энг илғор диагностика ва даволаш аппаратларига, асбоб-ускуналарига эга бўлишга ҳамиша эътиборлимиз. Қанча қиммат, қанча ноёблигига қарамай, хорижнинг энг сўнгги русумдагилари афзаллигини ҳозирда қўллаб, кўриб-билиб турибмиз. Тиббий муолажа учун сарфланган маблағ ҳар вақт ўзини оқлайди. Шифокор тўғри ташхис қўйсагина, муолажаларнинг нафи тезда юзаланади. Беморнинг нервларига ҳаловат қайтади, асаблари ўз ўрнига тушади.

Дарҳақиқат, шундай "Невромедсервис"да беморлар функционал диагностика, ЭЭГ -электроэнцофолография, РЭО, ЭХО-ЭГ ҳамда допплерография, электронейромиграфия аппаратлари ёрдамида аниқ ташхисланмоқда. Лаборатория ва физиотерапия хизматларигача йўлга қўйилган.

Жамоада 4 нафар врачу 12 нафар ҳамшира диагностика ва даволаш ишлари билан банд. Авваллари ижарадаги тор хоналарда озчилик фаолият олиб борган бўлса, эндиликда ўзларининг кўп қаватли биноларида барча қулайликлар муҳайё. Ғуломқодир Асхоновнинг ёнида ўғли - Улуғбек ва ҳамкасби Нурилло Деҳқонов сингари врачлар, Моҳинур Алижонова, Муҳсина Садриддинова, Гулнора Собиржоноваларга ўхшаган ташхислаш ва муолажага моҳир ҳамширалар ҳозиру нозирлар.

Дарвоқе, Улуғбек ота изидан бормоқда. Ҳатто бугунги ёшларга хос ғайрат-шижоатини илмий изланишларга ҳам бағишлаяпти. "Паркинсон касаллигини эрта босқичларида клиник патогенетик таҳлил қилиш, диаг­ностика ва даволаш чоралари" мавзуида докторлик тадқиқотини олиб боряпти. Кичик ўғиллари Умиджон енгил саноат бўйича етакчи мутахассис. Қизлари Ҳилола олий маълумотли ҳамшира. Ғуломқодир ака ва умр йўлдоши, педагог Муҳаббатхон Маликова фарзандлари камолидан қувонишиб, беш нафар набираларга меҳр билан боққанча уларни ўз оилаларининг муносиб давомчиларига айланишини Аллоҳдан тилашиб, пиру бадавлатликларига минг­дан минг шукроналар келтиришиб беармон яшашяпти.

- "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил" эсдалик нишонига сазоворлик насиб этган, қатор-қатор Фахрий ёрлиғу Диплом ва Сертификатлар соҳиби Ғуломқодир Асхоновнинг ишларини барча ҳамкасб­ларига ибрат қилиб кўрсатсак арзийди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг нодавлат тиббий муассасалар бўйича етакчи мутахассиси Назиржон Давлатов. - Бу кишининг эзгу хислатлари: одамлар орасида камтарлик ва ширинсуханлик, жамоасида ташаббускорлик ва ташкилотчилик, беморларга муносабатда мулойимлик ва меҳрибонлик. Чинакам шифокор шундай бўлиши керак-да.

- Акамиз оиламиз фахридирлар,-дейди АДМИ проректори, тарих фанлари доктори, профессор Абдулпатто Асхонов. - Наманганда кўп йиллар беморларни даволаб, ўзларига хос неврологлар мактабини яратганлар сафида бундан буён ҳам ҳормай-толмай ишлашларига ишончим комил.

 

Яхшиларнинг даврасида яшайди яйраб,

Нажотбахшлик тақдирига битилган одат.

Асабларга даво излар жон фидо айлаб,

Одамларни соғайтирса, шу бахт-саодат.

 

Бугун мамнун кўнгли беҳад ортига қараб,

Яхши инсон, яхши дўхтир - топгани қадр.

Эл олқиши унинг учун обрў ва шараф,

Олтмиш нима, юз ёш кўринг, Сиз - Ғуломқодир!

Содиқ САЙҲУН.