Стоматолог врач Аҳмаджон Қосимов ўзидан ана шундай ном қолдириб кетди
(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).
Яхши раҳбар жамоасидаги ҳеч бир ходимни ўзига бегона ҳисобламайди. Барчасидан меҳрини дариғ тутмайди. Бажараётган вазифаси, мутахассислик билими, малакаси, изланиш ва интилишига қараб қадрлашни, рағбатлантиришни, агар хато қилса кечириб, унинг тўғри хулоса чиқаришига имкон беришни унутмайди. Ўзидан каттани ака-опадек, кичикни ука-сингилдек ҳурматлайди. Худди шу хислатлар Аҳмаджон Қосимовда тўла мужассам эди. Ўзига раво билганни ўзгаларга ҳам раво кўрарди. Эшитдикки, унинг юртимиз кўҳна шаҳарлари тарихига қизиқиши ниҳоятда кучли бўлган. Жамоасини икки бор Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига сайру саёҳатга олиб борган. Бу йилги ваъдаси Хивага йўл солиш эди. Лекин...
- Аҳмаджон аканинг айниқса хотин-қизларга иззат-эҳтироми баландлигини қайта-қайта тилга олсак ҳам оз, - дея хотирлайди поликлиника кадрлар бўлими мудираси Гулчеҳра Мамажонова. - Баъзи раҳбарлардек ўзларини сира катта олмасдилар. "Инсонни инсонга дастурхон яқинлаштиради" дея дам олиш пайтларида бирга-бирга чойлашиб ўтиришни канда қилмасдилар. Кўнгилларидек доимо хона эшиклари очиқ турарди. Олдиларига қовоқ уйиб кирганлар, аксарият ҳолларда кулиб чиққанликларини кўп бор кўрганмиз. Яқиндаги бир гаплари ҳамон қулоғим остида жаранглайди: "Лизингни тўлаб тугатдик, қарздан қутулдик. Энди қўлимиз янада узаяди, поликлиникамизни бошқача қилиб юборамиз". Афсуски, ўша лаҳзаларда бу режаларининг натижага айлантирилишни ўзлари кўра олмасликларини ким ҳам ўйлабди дейсиз.
Яна "Гулчеҳра хотин-қизлар кунини ҳар йилгидан кўра ҳам эсда қоларли қилиб нишонлаймиз, таклифлар бўлса айтинг, тайёргарликни бошлайверамиз", - дегандилар байрамдан бир ҳафта аввал. 6 мартда ишга келолмадилар. Ташвишланиб телефон қилсак, шифохонага тушиб қолибдилар. Бироқ руҳлари тетик эди.
- Сизлар кўргани келманглар, эртага 11 да дастурхон тузанглар, ўзим табриклагани бораман, - дедилар қатъий ишонтириб. Аммо, келолмадилар. Байрам бу гал ҳеч биримизга татимади. Совуқ хабар кўнгилларимизни зирқиратиб, ўкситиб юборди...
Беихтиёр "Қабулхона"даги жавон устига териб қўйилган қатор, янаям аниқроғи 9 та кубокка нигоҳимиз тушди. Булар жамоанинг турли спорт мусобақаларида эришган муваффақиятлари учун берилган экан. Демак, мукофот - кубоклар вилоят ва республика миқёсидаги беллашувларда тиш даволовчи тиббиётчилар доимо фаол қатнашиб, юқори ўринларни қўлга киритганликларининг муносиб сийлови. Бу эса Аҳмаджон Қосимовнинг спортга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келганликларини ифодалайди.
Залдан юриб "Маънавият хонаси" остонасини ҳатладик. Вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги катта-катта йиғинлар ва анжуманлар шу жойда бежизга ташкилланмаган экан. Тўрида вилоят стоматологлар хизмати тарихидан ҳикоя қилувчи баннер-панно. Унда жамоанинг хизмат жараёнларига тааллуқли қатор суратлар ва шарҳлар акс эттирилибди. Юртимиз илм-фанининг буюклари портрети, истиқлол ислоҳотлари ифодаланган рангли плакатлар ҳам дид билан деворга қадалган.
- Аҳмаджон бебаҳо дўст эди, ажойиб ҳамкасб эди, - дейди поликлиника раҳбарлигини бугунги кунда бажараётган Муҳаммаджон Абдуллаев. -1982-1987 йилларда Тошкент давлат тиббиёт институтида бирга ўқиганмиз. У ҳаётда ўчмас из қолдирди. Ким келса, фақат ишини, тажрибасини ўргангани келди. Моҳир врач, уддабурон раҳбар, меҳрибон ҳамкасб сифатида кўз ўнгимизда ҳаммамизга ўрнак кўрсатди. Сабр-тоқатлилигини айтмайсизми. Нимага рухсат сўрасангиз, жилмайиб "Майли, майли" дейиши, муаммо туғилса, уни ўз вақтида, ўз ўрнида ҳал қилиши, юмшоқ феъллиги, зарур чоғда қаттиққўллиги кўз ўнгимиздан ҳеч қачон кетмайди.
Поликлиниканинг тиш қўйиш бўлими мудири, саксонни қоралаб бораётган Мамадалихон Қаюмовнинг айтишича, Аҳмаджон Қосимовдек инсонлар ҳаётда камдан кам учрайдилар. У барчага баробар қарарди. Врачу ҳамширами, ёки технигу оддий хизматчими, бирор масала билан ҳузурига киришга тортинмас эди. Сабаби, қўлидан келса, ўзи, бошқа идораларга тааллуқли иш бўлса, телефон қилиб, ижобий ҳал этишдан чарчамасди.
Аҳмаджон Қосимовнинг оилапарварлиги янада ибратга арзигулик. Умр йўлдоши ва касбдоши Муяссархон билан икки ўғилу икки қизни вояга етказишган. Буни қарангки, фарзандлари ҳам ота-она издошлари экан. Беҳзоджон Бухоро давлат тиббиёт институтида таҳсил олиб, улар билан бирга ишлашни истади. Айни пайтда вилоят стоматология поликлиникаси бош врачи ўринбосари вазифасини адо этмоқда. Қизлари - Шаҳноза ва Дилдоралар Андижон давлат тиббиёт институтини битиришиб, улар стоматологлар сафига қўшилишди. Кенжа ўғил Муҳаммаджон Ўш тиббиёт институти талабаси. Шугина эмас, Аҳмаджон Қосимовнинг рағбати билан яна беш нафар жиянлари стоматология соҳасини эгаллашган.
- Одамлардан "Дадангиз беҳад яхши инсон эдилар" деган эътирофни эшитганимда кўнглимда шундай инсоннинг фарзанди бўлганимдан чексиз фахру ғурур туяман,-дейди тўнғич ўғли Беҳзоджон Қосимов. -Биз улар каби ҳамиша элу юрт корига ярайдиган, ҳамюртлари саломатлигининг ҳақиқий жонкуяри даражасига етиш учун зарур билимларни чуқур ўзлаштиришдан, малака ва маҳоратимизни ошириш учун соҳамиздаги янгилик ва тажрибаларни ўрганишдан сира-сира тўхтамаймиз. Отамиздек бўлишга, улардек ходимларга ғамхўрликни давом эттиришга астойдил ҳаракат қилаверамиз. Қосимовлар сулоласининг шаъни-шарафини янада баланд кўтариш отамизнинг руҳларига садоқатимиз, муносиб фарзандлик бурчимиз бўлиб қолаверади.
Бу гапларни тинглар эканмиз, яхши инсон, яхши шифокор ва яхши раҳбар яхши ўғил-қизларни ўзига издош қилиб тарбиялаб қўйганиниям тўла англадик. Шундай толе қанийди барча ота-оналарга насиб этаверса.
Содиқ САЙҲУН.