Стоматолог врач Аҳмаджон Қосимов ўзидан ана шундай ном қолдириб кетди

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ

                                                                                 БОБУР

Инсонга умр бир марта бериладию, лекин унинг боқийлиги ўзининг қўлидадир. Яъни яхши фазилатли, яхши амалли, яхши тутимли бўлсангиз, одамларнинг қалбига муҳрланиб қоласиз. Сиз фоний дунёдан кўз юмсангиз ҳам, уларнинг дилларида яшайсиз, тилларидан тушмайсиз. Кўрсатган меҳр-мурувватингизу қўллаб-қувватлашингизни қўмсаганлари қўмсаган, эслаганлари эслагандир. Инсонга бундан-да баланд толе бормикин бу ёруғ дунёда. Аҳмаджон Қосимов ҳам эллик тўрт баҳорни кўра олди, холос. Лекин энди ёнимизда йўқ бўлсаям, ҳануз ёдимизда бирга юргандек, десак асло муболаға эмас. Чунки у қисқа умрини ўқишга ва ишга бағишлади. Юрт тиббиёти ривожини, эл соғлиги барқарорлигини таъминлашнинг чинакам жонкуярига айланди. Энг эътиборлиси, истиқлол даври ислоҳотларини изчил амалга оширувчиларнинг ҳамиша олдинги сафларида турди. Оддий тиш дўхтирлигидан вилоят стоматологларининг сардори даражасига етди. Унинг оғир ва масъулиятли юкини кўтаришга ўзининг бор билиму малакасини кеча-кундуз ҳеч аямай сарфлади.

Вилоят стоматология поликлиникаси тарихига назар ташласак, кейинги салкам ўттиз йил ичидаги ўзгаришларнинг ғоят беқиёслигини эътироф этмай иложимиз йўқ. Тўғри, мустақиллик давридан аввалроқ тўрт қаватли бинога эга бўлинган эди-ю, бироқ унинг ичидаги жиҳозлар, тиббий асбоб-ускуналар анча эскирганидан тиш муолажалари даражаси ҳали одамларни қониқтира олмасди. Қачонки, Аҳмаджон Қосимов 2001 йил бош врачнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлигига тайинлангач, изланувчан ва тиниб-тинчимас ёш мутахассиснинг ташаббускорлиги ва ташкилотчилиги туфайли соҳада жадал янгиланишлар бошлаб юборилди. Бир йил ўтибоқ устози, бош врач Шарифжон Тиллабоевнинг ўрнига муносиб кўрилди.

Бу ердаги тиш даволаш, жарроҳлик, протезлаш ва профилактика бўлимлари фаолиятини тубдан замон талабларига монанд юритиш чора-тадбирлари кўрилди. Поликлиника ҳамда туманлар ва шаҳардаги 14 та шоҳобча мутахассисларидан янгича давр ва янгича шароитда янгича услубда ишлаш қатъий талаб қилинди. Ўз нав­батида тиббий техника таъминоти тўкислигига эришила бошлади.

Биз яхши биламизки, касалланган тишларни даволаш ва яроқсизларини суғуриб ташлаш жараёни азалдан жуда оғриқли кечарди. Тўғриси, стоматологларга кўринишдан беморлар безиллашарди. Бош врач Аҳмаджон Парпибоевич даст­аввал мана шу ўткир муаммони ечиш масаласи билан жиддий шуғулланди. Юқори ташкилотларнинг ёрдамига таянган ҳолда қисқа фурсатда қувончли натижага эришди. Ўша 2004 йилнинг 16 мартида вилоят матбуотида "Янги аппарат оғриқсиз даволайди" сарлавҳаси билан хушхабар ёритилди. Унда бош врачнинг қуйидаги интервьюси ўрин олган:

"Вилоят ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг яқиндан бераётган кўмаги туфайли поликлиникамиз ривожига-ривож қўшилиб, даволашимиз самарадорлиги ошмоқда. Яқинда Словакиядан поликлиникамизга 67 миллион сўм турадиган 5 та "Хирадент-654" стоматологик қурилмаларнинг олиб келиб ўрнатилиши ҳам бизга кўрсатилаётган эътиборнинг юқорилигидан далолатдир. Энг замонавий қурилманинг афзаллиги шундаки, аввалгилари 30 минг айланишли бўлса, буниси ўн баравар юқори, яъни 300 минг тезликка эга. Шу боис, тишларни оғриқсиз чархлайди, унинг қизиб кетмаслиги учун сув ва ҳаво юбориб туради".

Бундай ўзгаришлар беморларни беҳад хурсанд қилди. Энди ёшу кекса тишида оғриқ сезиши билан поликлиника стоматологлари ҳузурига сира тайсалламасдан, бехадик ишонч ва ихлос билан келишга одатланишди. Мижозлар кўпайди, шунга яраша даромадлар ҳам. Ўша йилларда поликлиника ва унга қарашли ва жойлардаги стоматология хоналарида 165 нафар врач, ўрта тиббиёт ходимлари ва техниклар аҳолига сифатли хизмат кўрсатишиб, республикада ўзига хос тажриба мактаби яратилди.

Аҳмаджон Қосимовнинг ташкилотчилик қобилияти, шифокорлар билан ишлашдаги юксак салоҳияти вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти назаридан четда қолмади, албатта. 2007 йили бошқарманинг кадрлар бўйича бош мутахассис вазифаси унинг зиммасига юклатилди. У уч йил кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш борасида фаол иш олиб борди-ю, лекин ўз соҳасини ташлаб қўя олмади. Кўнгли доимо стоматология поликлиникасига талпиниб тураверди. Вақти келиб, янги бошқарма бошлиғига ўз мутахассислигини давом эттириш истагини айтиш мавриди ҳам келди.

- Аслида сиз стоматология соҳасини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан пухта эгаллаганлигингизни яхши биламиз, - деди уни тинглагач, бошқарма бошлиғи Зафар Холмирзаевич Раҳмонов. - Яна поликлиника бош врачлигига қайтарсак, у ерда кўп ва хўб ишлар қилишингизга ишонамиз.

У қадрдон жамоасига иккинчи бор бош бўлгач, роса ўн йил фидоийларча меҳнат қилди. Давр талабига кўра, олам кезди. Соҳаси бўйича жаҳон янгиликларини ўрганди, билимига билим, малакасига малака қўшишга астойдил интилди.

Аҳмаджоннинг ибратли фазилатларидан бири жаҳонгашталиги эди, десак асло янглишмаймиз. У Россия, Америка Қўшма Штатлари, Хитой, Швецария, Франция, Германия, Бирлашган Араб Амирлиги, Саудия Арабистони, Туркия, Таиланд ва бошқа мамлакатларга борди. Қаерда сафарда юрса, ўша ердаги тиббиёт ютуқларини ўзлаштирди, малакасини тобора мукаммаллаштириш мақсадида ўқиб-ўрганди, буларни поликлиникаси жамоасидаги шифокорларга маҳорат мактаби дарси сифатида тарғиб қилди, даволашда қўллашлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб қўйишнинг ҳадисини олди. 2013-2014 йилларда яна 30 та энг замонавий кресло врачларга тарқатилди. Фақат поликлиниканинг ўзигина эмас, яна 42 жойдаги филиалларигача ана шундай жаҳон андозасидаги кресло ва бошқа асбоб-ускуналар ўрнатилди. Қўшимча иш ўринлари яратилди. Ниҳоят тиши нуқсонли беморлар оғриқсиз муолажалар олишларни деярли таъминлаб борилди. 200 дан зиёд врачу ўрта тиббиёт ходимларининг энг янги русумдаги асбоб-ускуналардан фойдаланишлари, барчалари бирдай юқори малака соҳиби эканликлари Аҳмаджон Қосимовда ўз фаолиятидан қониқиш уйғотарди. "Республикада энг яхши ускуналар билан таъминланган поликлиника" дея эътироф этилиши эса, жуда-жуда фахрлантирар эди.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).