Бундай толе камдан-кам тиббиёт ходимига насиб этади. Бундай жасорат камдан-кам одамнинг қўлидан келади. Бежиз жасорат атамадик оқ халатли касб эгасининг узоқ йиллик фаолиятини. Ахир 60 йилнинг ҳар куни, ҳар соати, ҳатто ҳар дақиқасию, ҳар лаҳзасигача масъулиятли кечган. Чуқур билимга, тобора мукамаллаб туришни тақозо этувчи малакага, энг зарури одамларга ўзгача меҳрга, ҳаддан аъло раҳимдиллик туйғусига эга бўлишлик шарт. Ҳар бирининг замирида эса сабр-тоқату бардавом бардош ётади. Бугун 80-баҳорни мамнуну масрур қаршилаган Ҳайитали Эргашевга касбдошлари ҳар қанча ҳавас билан боқишса арзийди. Йиллаб тўплаган тажрибалари ёшлар учун бебаҳо йўлланма ва қўлланма, десак ҳам ҳеч муболаға эмас.

Мен Ҳайтали акани анчадан буён кузатиб юрар эдим. Атайлаб эмас, у киши билан гоҳ-гоҳ даврадош бўлиб қолганимизда, турли тадбирларда қатнашганимизда сўзимиз сўзимизга тўғри келганиданми, ҳамиша очиқчеҳралиги, бетаъма муносабати, беҳад самимийлигиданми суҳбатларимиз қисқа-қисқа кечардию, лекин бағоят мароқ туярдим. Савлатли-салобатли кўринишлари, ёқимли жилмайишлари, сарсабоқ сўзлари, ҳатто ёшлардек жўшқинликлари ўзларига жуда-жуда ярашимли-да. Шунча йил ишлаб қўйибдилару, бирор бор кўксиларини кериб, мақтанганларини эслай олмайман. Вилоятда биринчи бўлиб, тиббий-хусусий муассаса очганликларига қарамай, "Аканг қарағай бу соҳада бошловчи қалдир­ғоч тадбиркор" деганларини ҳам эшитмаганман. Қачонки, куни кеча "тўйхат" туфайли излаб бориб, ҳозирдаги қадрдон ишхоналари остонасидан ҳатладиму, кейин ростмана танишишга улгурдим. Яъни, таржимаи ҳолларига кўз югуртирдим, умр­ларининг унутилмас лаҳзаларини хотирлайдиган саволларимга ойдинлик киритгач, қаршимдаги инсоннинг вилоят тиббиётига чинакамига "чинор экканлар" тоифасидан эканлигига яна бир бор иқрорландим.

Келинг, дастлаб ТАРЖИМАИ ҲОЛларининг айрим ўринлари билан танишинг: Ҳайитали Эргашев 1939 йилнинг 1 июнида Наманган туманининг Хонобод қишлоғида Эргашбой ота ва Қумринисо оналарнинг оиласида туғилган. 1959 йили Наманган тиббиёт техникумини тугатган. Шу йили армия хизматига чақирилиб, Россиядаги ҳарбий госпиталда уч йил фельдшерлик қилган. 1962 йили қайтиб, Андижон тиббиёт институтига ўқишга кирган. Олти йиллик сабоқдан сўнг - 1968 йилдан Намангандаги 2-шаҳар шифохонасида терапевт-врачлик фаолиятини бошлаган. 1970 йилда Наманган тўқимачилик комбинатида очилган санитария қисми бўлим мудирлиги вазифаси унинг зиммасига юклатилган. Кейин эса...

КИТОБДАГИ ҚАЙДЛАР: Наманган шаҳар 1-шифохонасининг тарихий солномаси - "Меҳр ва малҳам маскани"нинг 6-7-саҳифасида қуйидагилар битилган: "...Наманган шойи ишлаб чиқариш комбинати директори... Тўраш ака Жўраев пойтахт Москвадаги барча вазирликлар қўллаб-қувватлайдиган режа - узоқдан келадиган ёш ишчиларга ётоқхона учун маблағ ҳам, жой ҳам, ишчи кучи ҳам дарров муҳайё бўлишини ҳисобга олган ҳолда сўров билан мурожаат этди. Кўп ўтмай - 1972 йилда қурилиш шиддат билан бошлаб юборилди (аслида мақсад шифохона ҳам ташкиллаш эди).

Пойдеворидан бошқа қисми ло­йиҳасини шифохонага мослаш йўлида ўз маслаҳатини, вақтини аямай сарфлаган, асл мақсади йўлида Тошкентдаги лойиҳа институтларига бўзчининг мокисидек қатнаб, ўзгартиришга рухсат олган киши эса комбинатнинг ўша даврларида врачлик амбулаторияси бошлиғи Эргашев Ҳайитали Эргашевич бўлди. Чунки, Тўраш Жўраевич Ҳайитали акани қабулига чақириб, "Ёшлар ётоқхонаси"нинг ярмини 250 ўринли терапия, хирургия, гинекология, туғруқхона, болалар бўлимига мослаш учун ҳамма имкониятларни топишни топширганда ҳеч адашмаган эди. Ёш, навқирон, шижоатли Ҳайитали ташкилотчилик қобилиятини кўрсатиб, "Тошкент қаердасан?" деб, нақд тўрт марта ўзининг мотоциклида қатнаб, идорама-идора юриши натижасида ло­йиҳа тасдиқланиб, маблағ ажратилишига эришди, токи шифохона битгунича қурувчилар билан ёнма-ён яшади".

Кутилмаганда Ҳайиталининг юраги панд берди, инфаркт ҳолатини бошидан кечирди. Тўрт ойлик "таътил"дан сўнг яна оқ халатини эгнига илди. Комбинат касалхонасининг "қабулхона"сини 10 йил бошқарди. У яна бунёдкорликни давом эттирди. Бўлим дастлаб бир хонадагина иш бошлаган бўлса, мудирнинг ташкилотчилиги ҳамда комбинат маъмуриятининг кўмаги билан яна бешта қўшимча хона қурилишига эришилди. Зарур жиҳозлар ва керакли тиббиёт асбоб-анжомлар таъминотида ҳам муаммолар қолдирилмади.

Ҳайитали ака 1987-1989 йилларда терапия бўлми раҳбарлигини ҳалол ва фаол бажарди. Айниқса, тиббиёт институтларини янги битириб келган ёшларга интернатура сабоғини бериб, мураббийлик мақомида катта обрў-эътибор қозонди.

Касбига садоқати зўр бу инсон 1996 йили пенсия ёшига етганида эса, "Бўлди, чарчадим, дам олайин" дейиш ўрнига "Энди ишлайдиган пайтимиз келди, истиқлолли юртимиз ислоҳотларига баҳоли қудрат ҳиссамизни қўшаверамиз" деган гапни ҳеч иккиланмай дадил айтди. Ҳали ҳануз ёхуд 25 йилдан буён, яъни чорак асрдан бери ўша ваъдасига вафо қилиб келмоқда. Бошқалар каби давлат муассасида ёшларнинг ўрнини банд қилиб эмас, ўзи хусусий шифо маскани очиб, янги иш ўринлари яратиб беморлар дардига даъво излашни афзалдан афзал билганликлари янада маъқулу манзур.

- Ҳайитали ака бизнинг фахримиз, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси лицензиялаш ва аккредитациялаш бўйича бош мутахассиси Назиржон Давлатов. - Амбулатор шароитидаги кичик муассасанинг мижозлари нафақат вилоятдан, балки Ўзбекистонимизнинг кўплаб шаҳар, қишлоқларидан нажот излаб келишлари бор гап. Ихлос қўйган беморларнинг умидли нигоҳлари у кишига сўнмас куч-қуват бағишлаб туради чамамда. Шунданми тинимсиз ишлайди, тинимсиз малака оширади. Энг муҳими, беморлари Ҳайитали акадан ҳамиша хурсандлар.

Мутахассиснинг таъкиди боисини ўзимиз шарҳлаб қўяқолайлик. Масалан, бронхиал астмадан азоб чекаётганлар мурожаат этишлари билан дўхтир уларга блокада усулида чора қўллайдилар. Беморларнинг нафас йўлдиги "тўсиқ" ўша заҳоти "йиқилади". Ҳаво етишмаслигидан халос бўлганлар енгил нафас ола бошлашади. Яна оёқ, бўғим ва беллари оғриқдан азобланаётганлар у кишининг икки-уч муолажасидан ке­йиноқ ҳаловат топишади, юришлари ва эгилишлари осонлашади. Шундай эътирофларни шифохонага қатнаётганларга тутилган "Изҳорнома" дафтаридан ўқидик. Чустлик Зулайҳо Абдураҳимова, Муроджон Исмоилов, учқўрғонлик Одилжон Эгамбердиев, поплик Раҳимжон Алимов, Малоҳат Баротова, андижонлик Толибжон Тожибоев, тошкентлик Ҳадичахон Жалилова, Хушнудбек Миразизов, шунингдек, жиззаҳлик ва сурҳондарёлик қатор-қатор шифоталабларнинг эътирофлари бир талай экан.

Дарвоқе, 2010 йили "Ҳайитали Эргашев" хусусий амбулаторияси "Дилбарим шифо" номига ўзгартирилганининг сабаби бағоят ибратли эканини айтмай иложимиз йўқ. Чунки, бу тутумда Ҳайитали аканинг турмушдошига беҳад садоқати мужассам. Билдикки, Дилбархон Аҳмедова ҳам узоқ йиллар шифокор бўлиб ишлаган эканлар. Туғруқ бўлимида терапевтлик қилганлар. Афсуски, бешафқат ўлим Ҳайитали акани оила бекасидан жудо этган. Бироқ ёрининг ёди аввало қалбида, қолаверса, ишхонаси номида абадий бўлишини истайди отахон.

- Мен чинакамига бахтиёрман, - дейди мамнуният билан олий тоифали терапевт Ҳайитали Эргашев. - Ўғлим Комилжон кардиолог-врач, қизим Дилдора ҳамшира, Дилноза эса ҳисобчи. Оилавий равишда халқ­қа хизмат кўрсатаётганимиз, юзлаб одамларнинг соғлиғини сақлашга ҳисса қўшаётганимиз кўнгилларимизда ғурур уйғотади. Юртбошимизнинг соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш бўйича қабул қилган Қарор ва Фармонлари ижросини таъминлаш учун кеча-кундуз бор билим ва малакамизни ҳеч аямасдан сарфлайверамиз.

Биз ҳам отахон шифокорга узоқ умр, саломатлик посбонидек эзгу фаолиятига янада ривожлар тилаймиз.

Содиқ САЙҲУН.