Дурдона тиббиёт билим юртини тамомлаб, дастлаб "Тошлоқ" МФЙ қошидаги амбулаторияда патронаж ҳамширалигида иш бошлаган эди. 2002 йилда эса уни "Тошлоқ" ҚВПга патронаж ҳамширалиги вазифасига тайинлашди. У янада ғайрат билан ишни давом эттириб, эл дуоси, олқишини олди. Ҳудудда турли юқумли касалликлар камайишида, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, миллий эмлаш кунлари ва бошқа тадбирларни ўз вақтида уюштиришда Д.Қурбонова 8 нафар ҳамширалар билан бир тану бир жон бўлиб, аҳил, ҳамжиҳатликда ташвиқот ишлари олиб боришга интилди. "Ҳамшира" кўрик-танловида ҳам қатнашди. 24 йиллик билим ва тажрибасига таянгани боис, вилоятда 2-ўринни қўлга киритди. Бугун эса у ёш ҳамкасбларига устоз. 2015 йилдан унга ҚВП бош ҳамширалиги вазифаси билан бирга туман тиббиёт бирлашмаси тизимида ҳамширалик ишини такомиллаштириш бўйича мураббийлик вазифаси ҳам ишониб топширилган. У туман ҳамшираларига тиббиётдаги янгиликлар, ҳамширалик ишининг нозик томонларини ўқитиб-ўргатишда, энг муҳими, шифокор маънавиятини бойитишда юқори натижаларга эришаётир.
Суратда: Дурдона Қурбонова (ўнгда) "Пахтақишлоқ" ҚВП бош ҳамшираси Рашида Мавлонова билан галдаги вазифалар тўғрисида фикрлашмоқда.
Р. МАМАДАЛИЕВ.