Мен "Шифокор ва ҳаёт" га ишга келмасимданоқ Рустамали Мамадалиевни ғойибона билардим. Ҳамкасбимнинг ёзганларига республика ва вилоят нашр­ларини қўлга олганимда кўзим тушарди. Жуда жўяли янгиликлару, ҳаётдаги ҳангомабоп нарсаларни топиб ёзарди. Бирга фаолиятим чоғида эса унинг қоғоз қоралашга асло эринмаслигини, ҳатто кичик ахборотни ҳам катта мақола ҳолига етказишга уринишини кўриб таажжубланардим ҳам. "Рустамали, чўзмасдан қисқа ёзинг, қисқа ёзинг!" дейишгача борганман.

Тўғрисини айтганда, у меҳнаткаш, заҳматкаш инсон. Попнинг Санг қишлоғидан ҳар куни Наманганга қатнаб ишлашнинг ўзи бўлмайди. Лекин бирор бор йўл азобидан нолиганини эшитганим йўқ. Буни унинг касбига ўта қизиқишидан, "Шифокор ва ҳаёт" газетасига кучли меҳр қўйганлигидан, тиббиёт тармоғи ходимларига қадрдонлигидан дея мулоҳазаласак янглишмайман. Хизмат тақозосига кўра, қайси даволаш-профилактика муассасасига бормай "Рустам ака яхшимилар, салом айтиб қўйинг!" деган гапларни врачу ҳамширалардан эшитиб, кўнглимда: "Бу узоқ йиллар бирга ишлашнинг, таниқли инсонга айланишнинг шарофати-да" деган иқрорликни сезаман. Унинг одамларга саломли, меҳр-муҳаббатли, кичик кўнгил, ёқимли суҳбатдош бўлганидан шундай ҳурмат қозонишга улгургани ҳаётий ҳақиқат.

Рустамали Мамадалиев 1958 йилда туғилган. Отаси Акрамали ака атиги етти синф маълумоти билан қолиб кетганига қарамай, адабиётга қизиқиши бағоят баланд эди. У достону эртакларни, шеъру ғазалларни ёддан биларди ва ўзи фарзандларини бундан баҳраманд этарди. Айниқса, тўнғичи Рус­тамали отасини тинглаб, адабиётнинг сеҳр­ли оламидан завқу-шавққа тўларди. Ҳали мактаб остонасига қадам қўймасданоқ хат-саводи чиқиб, хотираси чарҳлана бошланганди. Шунданми, бошланғич синфдаёқ тенг­дошлари ўртасида зеҳни баландлиги билан ажралиб турарди. 5-синфдалигидан кўрганларини қоғозга туширишга киришарди. Ота авлодидан бўлган самарқандлик шоир Эгамназар Раҳмонга ҳавас қиларди. Илк мақоласи Поп туман газетасида чоп этилди. Сўнг 1970 йилнинг 22 декабрида республика ўқувчиларининг нашри - "Ленин учқуни" (ҳозирги "Тонг юлдузи")да "Сир очилди" номли ҳаётий ҳикояси босилиб чиқди. 1975 йили мактабни тамомлагач, Самар­қанд матбаа техникумида сабоқ олди.

У меҳнат фаолиятини саноат корхонаси ишчилигидан бошлаган бўлса-да, қалам ҳамиша қўлидан тушмади. Туман, вилоят ва республика газеталарига турли жанрлардаги ижодий намуналаридан йўллаб турди. Қарасаки, мақола, лавҳа, ҳатто фельетонга ўхшаш танқидий рукндаги қарашлари акс этган материаллари газета-журналларда бирин кетин ёритилаверди. Рус­тамали ўз ўрнини матбуотдан топишни ниятлади. Дастлаб Поп тумани газетасига мусаҳҳиҳ бўлиб ишга кирди, кейин масъул котибликка ўтди. Шу орада, Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ишдан ажралмаган ҳолда ўқиб ҳам олди. Энди у профессионал журналистлар сафига қўшилди.

Рустамали Мамадалиев 1993 йили Наманган вилоят телерадиокомпаниясига таклиф қилинди. Кўрсатув муҳаррири вазифасига тайинланди. 1997 йили Попга қайтиб туман радиоэшиттириш бўлими муҳаррирлигини бажарди. Унинг ёқимли овози, мазмундор сўзлари ҳар куни хонадонлардаги радиокарнайлардан янгради. Мустақил равишда "Нав­рўз" реклама-тижорат радиостудиясини ташкиллади. Кўп ўтмай вилоятда янги иш бошлаган "Ташаббус" телестудиясида телекўрсатув муҳаррирлигини ўз зиммасига олди. Кейинроқ эса салкам тўрт йил вилоят ёшларининг "Камолот" газетаси муҳаррири ўринбосарлиги вазифасини адо этди. "Турон", "Дилкаш" номли газеталарга муҳаррирлик қилди. Лекин унинг ҳаётида ҳам, ижодий фаолиятида ҳам "Шифокор ва ҳаёт" газетаси алоҳида ўринга эга. Чунки, бу даргоҳда турли вазифаларда (гарчи бошқа таҳририятларда ишлаб қайтса-да) фаолият юритиб келмоқда.

- Раҳматилло Усмонов мени ишга таклиф этганлар, - дея мамнуният билан хотирлайди бугун ҳамкасбимиз. - Розилик билдирдим, муҳаррир ўринбосарлигига лойиқ кўришди. Эртаси куни хоналарига чорлаб "Рустамжон, менинг ўғилларим косибчилик билан ҳам шуғулланишади. Мана, Сизга мендан совға" дея қоғозга ўроғлик нарса узатдилар. Очиб қарасам, эркаклар этиги экан. Мен жуда-жуда қувондим. Сахий, олийҳиммат инсон билан ёнма - ён ишлаш насиб этаётганини юрак-юракдан ҳис этдим.

Кейинроқ бошқа нашрда фаолият юритишимга тўғри келди-ю, яна Раҳматилло аканинг чорловига йўқ деёлмадим. Муҳаррирнинг ўзи бетоб экан, ўринбосари Аҳадхон Аҳмедов телефонда йўқлади. Борсам, "Муҳаррир Рустамжонни чақиринглар, қалами яхши, масъул котибликни беринглар, деяптилар" деган гапни айтди. Яна қадрдон жамоамга қўшилдим. Асло афсус чекмайман. Газетамиз мухлисларининг сафи кенг. Ўқишли ва мазмундор чиқишини таъминлаш учун елиб-югуриб ишлашга одатланганман.

Дарҳақиқат, Рустамали тиниб-тинчимайди. Қаерга жўнатилса, ўша жойда ҳозиру нозир. Эртасига янги мақолалар яратилаверади. Ҳатто чоп этишга улгуролмай қолинади.

Унинг ҳар бир мавзуни ёритишдан аввал ипидан игнасигача ўрганиши, яхши, албатта. Яна мазмундорлигу пухта ёзилишига эришиши учун билимга ҳам, тажрибага ҳам, маҳоратга ҳам эга. Ахир Рустамали Мамадалиевнинг қаламига мансуб ўткир ҳажвий руҳдаги катта-кичик қатор-қатор мақолалар, ҳажвия ва фельетонлар бежизга "Муштум" журналида, "Афанди" газетасида эълон қилинмаган. Унинг нуфузли кўрик-танловлар ғолиби деб топилгани журналист ижодига муносиб ва юқори баҳо берилганидир.

Рустамали Мамадалиев серқирра ижод соҳиби. У шоир сифатида анчагина шеър­лар қоралаган. Муҳими, баъзилари қўшиққа айланган. Биргина "Ватаним" шеърини мисол келтирадиган бўлсак, республика кўрик-танловида "Болалар учун ёзилган энг яхши шеър" дея эътироф этилган. Қолаверса "Ғунча" журналида босилиб, бошланғич синфларнинг "Одобнома" дарслигига киритилган.

Айни пайтда ёзувчи бир неча китобларнинг ҳаммуаллифи. "Ҳарбий ватанпарварлик руҳида", "Истиқлол ниҳоллари боғбони", "Жаннатмакон гўша", "Хазина сандиғини очаётганлар", "Эзгуликка дахлдор маскан" каби рисолаларни ёзишда қатнашган. Ҳозирда ҳамқишлоғи, таниқли қизиқчи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Рустам Ҳамроқулов ҳақидаги хотира китоби нашрга тайёрланяпти.

Рустамали Мамадалиев умр йўлдоши Қандинисо Мамадалиева билан аҳил яшаб, икки қизу бир ўғилни тарбиялаган. Беш набиранинг бобоси ҳамдир. 82 ёшли онаси Олияхон ая журналист ўғли камолидан қувониб, уни ҳар тонг дуо билан ишга кузатиб яшаш бахтига муяссар.

Ҳамкасбимиз 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган «Энг улуғ, энг азиз», 2018 йилда эса Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан ташкил этилган «Йилнинг энг фаол журналисти» кўрик-танловида ғолиб бўлди. Диплом ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди.

Айни пайтда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси, шоир, сўз устаси Рустамали Мамадалиев (Рустам Муҳаммад) умрининг 60 йиллик қутлуғ айёмида турибди. Биз ҳамкасблари уни чин дилдан муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва бардавом ижодий илҳом тилаб қоламиз.

Содиқ САЙҲУН,

«Турон» фанлар академиясининг академиги.