Бу таърифга 50 йил оқ халатда дардмандларга нажот бағишлаган олий тоифали шифокор

Қутбиддин Шерматов жуда-жуда муносиб

Ҳаётда шундай одамлар бўладики, эл-юрт хизматида қанча елиб-югуришмасин, чарчаш нималигини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Боз устига бош­қалардан сира-сира мақтов кутишмайди, аксинча, ҳатто газетага улар ҳақида мақола битмоққа чоғлансангиз, "Менинг меҳнатларим ёзишга арзирмиди" деган ўйда хурсанд бўлиш ўрнига хижолат тортишади худди Қутбиддин отадек. Мана шу хислатиёқ уларнинг улуғлигидан далолат эмасми. Хушомадга, ҳамду саноларга ўчликдан йироқ яшашнинг ўзиёқ қадрли фазилат. Қаламимиздан самимий сўзларни тўкишга иштиёқимизни кучайтиргандан кучайтириб юборади. Ахир бундай ажойиб инсонларни ёзманг дейишса ҳам беихтиёр ёзгингиз келаверади. Анъанавий саволларингизга ҳам ноанъанавий жавоблар эшитишингиз янада қизиқ.

"Врачлик касбини танлашингизга қандай воқеа ёки ким сабабчи бўлган?" дейишимиз билан Қутбиддин ота таажжубини яширолмади: "Бирор ҳодиса ҳам рўй бермаган, бирор ким врачликка ундамаган ҳам, бу соҳани ўзим маъқул билганман."

- Нима учун? - Яна бўшашмай саволга ўтамиз.

- Болалигимдан покизаликни ёқтирганман, оиламиз катталари шунга ўргатишган. Шу одатим мактабдаги синф раҳбарларимизнинг назарларидан четда қолмади. Устоз тавсияси билан тенгдошларим сандружина раислигига сайлаб юборишган. Ўша кунданоқ синфимизу синф­дошларимиз озодалигига эришиш учун астойдил тиришганман. Домлаларимиз иборасича: "Кичкина дўхтир"­га айландим қолдим. Кейин эса мактабни битирибоқ Андижон тиббиёт институтига ошиқдим. Ички касалликларни даволовчи терапевт-врач ихтисослигини эгалладим.

Етмиш бешинчи баҳорни қаршилаган Қутбиддин Шерматовнинг таржимаи ҳолига назар ташлаймиз. 1968 йили Намангандаги 2-шаҳар шифохонасида илк бор оқ халатни елкасига илиб, беморларни мустақил равишда даволашни бошлаган. Ўн олти йиллик меҳнат стажига, иш тажрибасига эга врач терапия бўлими мудири сифатида ҳам муассасанинг кўзга кўринган мутахассислари қаторига қўшилган. Бунга осонликча эришмаган. Тинмай ўқиган, малакасини оширган, беморлар дардини енгиллатишнинг энг зарур усулларини ўзлаштирган эди. Бош омилини эса ўзлари яна камтарлик билан устозларидан ўрганганлигини эътирофлаш билан кифояланадилар. "Шифохонанинг бош врачи Муҳаммадюсуф Садриддинов бағрикенглик билан мени жамоасига қабул қилгани, озгина хизматимни кўп билиб, қўллаб-қувватлаб, рағбатлар ёғдириб, камолотим учун беҳад самимий қайғурганларини ғоят миннатдорчилик билан ёдга оламан. Биринчи устозим сифатида бир умрга татигулик сабоқлари ҳали ҳануз қўлга киритаётган ютуқларимда асқотаётир", дея таъкидлайди у киши.

Албатта, яхши кадр доимо қадр топади. Қутбиддин Шерматов 1984 йили "Гўзал" даҳасидаги вилоят шифохонасига ишга таклиф қилинди. Ревматология бўлими мудирлигига тайинланди. Айни пайтда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош ревматологи вазифасини ҳалол ва фаол бажарди. Роса ўн беш йил Наманган шаҳри ва туманлардаги касбдошларига етакчиликни сидқидилдан адо этди. Бор билими ва малакасини ёшларга ўргатишдан фахр туйди.

Барчамизга маълумки, Наманганда кардиология марказининг ташкилланиши билан бу жамоага юқори малакали мутахассислар жалб қилиндилар. Қутбиддин Шерматов марказнинг юрак нуқсонлари бўлимига етти йил, яъни 1999-2006 йилларда мудирликни талаблар даражасида бажаришга интилди. Кейин эса қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси шифохонасининг кардиология бўлими ишини ривожлантириш учун юборилди. Беш йиллик фаолияти давомида кичик жамоада катта ишлар рўёбга чиқарилишига бош-қош бўлди.

Гарчи у киши "Мен у врачга устозман, менинг мана бу шогирдларим фалон жойларда ишлашяпти" дея кўкракка уриб мақтанишни ўзларига эп билмасаларда, биз сўраб-суриштириб, кўп эзгу ишларидан бохабар бўлдик. Вилоятнинг таниқли терапевт ва кардиологлари - Баҳодиржон Содиқов, Воҳиджон Турдиев, Ҳамидулло Устабоев, Раҳматулло Тўрахоновлар отахоннинг қимматли йўл-йўриқ ва маслаҳатларини олиб, камолот касб этишган. Шунингдек, интернатурага раҳбарликлари пайтида тиббиёт институтлари сабоғини якунлаб келган ўнлаб ёш кадрлар биринчи бўлиб устознинг маҳорат мактабидан баҳрамандланишган. Янгиқўрғон, Учқўрғон, Тўрақўрғон туманларидаги Абдулбори Йўлдошев, Тўлқинжон Хўжаев ва Адҳамжон Жўраевлар ана шулар жумласидандир.

- Қутбиддин Шерматов беминнат кўмагини ёшлардан, ҳамкасбларидан аямайдиган ажойиб устоз бўладилар, - дея миннатдорлик билан эслайди тўрақўрғонлик терапевт-врач Миржалол Мирсаидов. - Бундай инсонлар чинакамига устозлик мартабасига муносибликлари билан шогирдларининг меҳр-эътиборига сазоворланишган.

Истиқлол шарофати билан тиббиётда хусусий сектор ташкил этилиб, эндиликда унинг ривожини Қутбиддин Шерматовдек фидойи шифокорларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунончи, 2011 йили отахон "Софдил" хусусий муассаса очиб, ҳозирда шифоталабларнинг хожатини чиқариш билан фаол шуғулланмоқдалар. Атрофларида олий тоифали Одилжон Аҳмедов, Муҳаммадаюб Абдураҳмонов каби невролог ва кардиолог врачлар ҳамда Замира Каримова, Сетора Сотболдиева, Гулчеҳра Исоқова, Нодира Раҳматуллаева сингари ҳамширалар бирга-бирга беморлар хизматидалар.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёевга мингдан-минг раҳмат! - дейди мамнун кайфиятда Қутбиддин Шерматов. - Йигирма йилдан буён пенсияда бўлишимга қарамай, хизматни тарк этишни ўйлаб ҳам кўрмаганман. Бугунга келиб эса, бизга ўхшаган ёши улуғ врачларга Юртбошимиз алоҳида ғамхўрлик кўрсатяптилар. Бунга янада фаол ишлаш билан жавоб беришга ҳамиша бурчлимиз. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг хусусий секторига масъул мутахассиси Назиржон Давлатов қандай муаммолар туғилса, ўз вақтида қонуний равишда ҳал этиб беришга одатланган. Шунинг учун хизматимизга эътирозлар туғилмаяпти, эътирофлар ва миннатдорчиликлар эса бундан-да яхшироқ ишлаш масъулиятини зиммамизга юклаётганини бирор дақиқа унутишга ҳаққимиз йўқ.

Пиру бадавлат отахон тўрт ўғилни вояга етказганлар. Каттаси Улуғбек Шерматов ота изидан бориб, элда обрў-эътибор топган. Толибжон, Собитхон ва Ботирхонлар ҳам олий маълумотли мутахассислардир. Ўн набиранинг бири Фарҳоджон бобоси касбини эгалламоқда. У ҳозирда Россиядаги Тамбов тиббиёт институтининг 5-босқичи талабаси.

Шундай толега мушарраф отахон фарзанду набираларини дуо қилиб, ўзлари ҳам даволаётган беморлардан олқишлар олиб яшашни доимо беқиёс бахт деб ҳисоблайдилар.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.