"Нима учун шундай?" - деган саволни ўзимизга берганимизда, тилимиз лолу ақлимиз ҳайрон бўлаверади. Ахир улар чинакам жафокаш зотлардир. "Болам, болам ва яна болам"лаб яшашдан ўзга дардлари йўқдай беминнату хокисорликларини айтмайсизми. Ўзлари емай едиришнинг, ўзлари киймай кийдиришнинг ҳадисини олишган. Энг яхши нарсаларни кўришса, дарров болаларига илинишади-я! Гўдаклигимизда-ю майли, улғайганимиздаям бағриларидан йироқларга сира қўйиб юборгилари келмайди. "Кўзимнинг оқу қаросисан, белимнинг кучу қувватисан, дийдорингга зор айламагин-а" де­йишади ҳатто ўз юртимиздаги гўшаларга ўқишга ёки ишга отлансак илтижоли боқишиб. Шунда биз дунёдаги энг яқин, энг суюкли, энг қадрли инсонимиз ҳар биримиз учун яккаю ягона онамизлигига яна бир бор ишонамиз. Соғинчларга соламизу, ўзимиз ҳам соғинамиз беихтиёр. Ёқимли товушларини қўмсаймиз, меҳрларига ташналик туямиз. Ҳузурларига талпинамиз кўп ўтмай. Ана ўшанда она-Ватан атамаси хаёлимиздан ўтади. Юртимиз бағридалигимизга шукроналик туйғусини туямиз. Онамизнинг тинчлиги, онамизнинг хотиржамлиги, онамизнинг соғу омонлиги қанчалар бизлар учун муҳим бўлса, Ўзбекистондек ҳур ватанимиз олдидаги беадоқ бурчимиз ҳам ундан кам эмаслигига қайта-қайта иқрорланамиз.

Улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг машҳур байтларини ёдга олайлик:

Бошни фидо қилғил ато бошиға,

Жисмни қил садқа ано қошиға.

Тун-кунинга айлагали нурфош,

Бирисин ой англа, бирисин қуёш.

Она ва ота хонадонимизнинг қўш чироқлари ҳисобланишади гўё дунёнинг икки чироғи янглиғ ҳам кечамизни, ҳам кундузимизни чароғонловчи шу жуфтлик туфайли оилаларимиз барқарор, шу жуфтлик туфайли бахтимиз бекам, шу жуфтлик туфайли жамиятимиз мустаҳкам. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов иборалари билан айтганда: "Аёлни, онани асраш дегани - бу фарзандларни асраш, охир-оқибат миллатни асраш демакдир".

Бугунги аёл - илғор даврнинг илғор фикр­ли фаол аъзоси. У аралашмаган бирор соҳа, у иштирок этмаган бирор тадбир, у битмас-туганмас куч-қувватини, беқиёс иқтидору, лаёқатини кўрсатмаган бирор жабҳа йўқ. Биргина тиббиёт тармоғига назар ташлашимизнинг ўзиёқ кифоя. Ҳозирда республикамиз соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилаётганларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил қилишади. Улар орасида фан докторлиги ва номзодлиги илмий даражасига эга бўлган олималар анчагина. Профессор ва доцентлар сафидаям уларнинг салмоғи оз эмас.

Истиқлол ислоҳотлари оқ халатли халоскор хотин-қизлар ҳаётида йилдан-йилга беҳад қувончли саҳифалар очиб келмоқда. Наинки давлат муассасаларида, балки янги хусусий даволаш ва диагностика шахобчаларида улар учун қулай шароитлар муҳайё этиб қўйилган. Кенг, ёруғ ва шинам хоналардаги энг замонавий тиббий аппаратлар врачу ҳамширалар тасарруфида. Авваллари қийинчилик билан бажариладиган соғ­ломлаштириш юмушларини энди осонгина уддалаш имкониятлари яратиб берилган. Бундай ғамхўрликлар хотин-қиз шифокорларимиз халққа янада яхшироқ хизмат кўрсатишларининг муҳим омилига айланиб қолган.

Агар ўтган "Соғлом она ва бола" йили натижаларини таҳлил этадиган бўлсак, соҳада ҳали қатор камчилик ва муаммолар борлигига қарамай, тилга олса арзигудай ютуқларимиз ҳам бир талай. Чунончи, 2016 йилнинг ноябрь ойида нишонланган Тиббиёт ходимлари байрамида бу яққол кўзга ташланди. Вилоят "Она ва бола скрининги" маркази (бош врачи Насиба Расулова), Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплекси (раҳбари Самияхон Исоқова) фаолияти вилоятдагинамас, республикада муносиб баҳоланди. Ҳар икки аҳил жамоа иши намунали йўлга қўйилганини Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан эътироф этилиб, уларга Дипломлар тантанали топширилди. Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникаси мудири Дилбархон Назарова Фахрий ёрлиққа муносиб кўрилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармасининг кўрик-танлови якунларига кўра, Уйчи туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Манзура Азизова, Поп туман "Хўжаобод" ҚВП ҳамшираси Одина Ғаниева, Янгиқўрғон ТТБ Нанай "Тез ёрдам" бўлими шифокори Насиба Абдураззоқова, Наманган шаҳридаги 8-оила поликлиникаси шифокори Холида Маҳмудова, "Эркаклар мурувват уйи" ходими Сайёра Валиева, Чортоқ ТТБ ижтимоий тиббий ходими Замира Бойхонова, РШТЁИМ Наманган филиали дорихона мудири Зулфия Нас­риддиновалар ўз вазифаларини "Энг яхши..." адо этаётганликлари эътирофланди. Улар каби соҳа пешқадамларининг сафлари тобора кенгайиб бораётганини илғорларнинг ибратлари шарофатидандир, десак ҳам ҳеч муболаға қилмаган бўламиз.

2017 йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дея номланиши саломатлик посбонлари зиммасидаги масъулиятни ғоят ошириб юборгани бугун ҳаётий ҳақиқатдир. Хизматлар халққа янада яқинлаштириб борилмоқда. Беморларни шифокорлар ёнида эмас, шифокорларнинг аҳоли ҳузурида юриши одатий ҳолга айланиб қолаётгани айни муддаодир. Ижобий ўзгаришлар жараёни кўз ўнгимизда намоён. Айни дамда камчилик ва муаммолар ҳам. Шу жиҳатдан фикр юритсак, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида уч муҳим вазифа равшан белгилаб берилган:

"Биринчи вазифа - биз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдиришдан иборат бўлмоғи зарур.

Иккинчи вазифа-аёллар ўртасида жиноятчилик, оилаларда ажралишлар кўпайгани, ёшларнинг турли диний-экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар таъсирига тушиши каби халқимизга хос бўлмаган аччиқ ва нохуш масалалар билан боғлиқ.

Учинчи вазифа - аёлларни уларга муносиб меҳнат билан бандлигини таъминлаш масаласидир".

Баҳор айёмининг қутлуғ байрамлари арафасида туриб, қатъий ишонч билан айта оламизки, хотин-қизлар ўз зиммаларидаги вазифаларни бажаришда ҳеч вақт фаолликни қўлдан беришмаган. Уларнинг ҳурматларига ҳурмат, обрўларига обрў қўшиб келган бу хислатлари ҳамиша барқарорлик касб этаверади.

Содиқ Сайҳун.