- Улуғбек Шуҳратович, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги институт ўн беш йилдан буён фаолият юритаётганини яхши биламиз. Сизнинг раҳбарлигингиздаги филиал жамоасининг зиммасидаги вазифалар нечоғлиқ муҳимлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб туради. Ҳали ҳамма жойда бирдай одамларнинг тиббий маданияти юқори эмас. Турли касалликларга чалиниш кўрсаткичлари гоҳ камайиб, гоҳ ортиб туриши табиий ҳолдек туюлгани билан, аслида бу борада ижобий натижалар барқарорлигини таъминлаб бориш бир жиҳатдан сизнинг жамоангиз саъй-ҳаракатларига боғлиқлиги ҳаётий ҳақиқатдир. Аввало гапни шундан бошласак.

- Азалдан табобатда хасталикларни даволаш билан теппа-тенг ҳолатда ҳар хил касалликлар тарқалишининг олдини олишга ҳам эътибор қаратиб келинган. "Тиббиётнинг келажаги профилактикадир" деган гапнинг замирида катта маъно мужассам. Ҳозирги кунда соғлом турмуш тарзини баъзилар фақат ичмаслик ва чекмаслик деб ҳисоблашади. Аслида бундай тушуниш анча тор фикр­лашдир. Кўп йиллар, айниқса, истиқлолгача касалликларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида курашишга одатланилган эди. Янаям аниқроқ айтсак, гриппнинг олдини олиш, сариқнинг олдини олиш, ичбуруқнинг олдини олиш қабилида тарғибот юритиларди. Бу юмуш врачларга жамоат топшириғи сифатида юкланарди. Тўғри, бундай усул ҳам бесамар эмасди. Лекин доираси торлиги учун номақбул турмуш тарзи оқибатида янги муаммолар туғилиб бораверарди. Мустақилликка эришилгач эса, манзара тубдан ўзгартирилмоқда. Республика саломатлик ва тиббий статистика институти ва унинг вилоятлардаги филиалларининг очилиши билан жўяли ишлар олиб боришга қулай шароитлар ва кенг имкониятлар яратиб қўйилди. 2001 йилдан буён тарғиботчилик ва ташкилотчилик вазифаси бизнинг соҳа ходимлари зиммасидадир. Бугун ишонч билан айта оламанки, одамларда соғлом турмуш тарзининг серқирра асосларини яхши ўзлаштиришга қизиқиш кучайяпти. Жойлардаги нав­батма-навбат, давомли тадбирларимизда бу ҳолат яққол кўзга ташланяпти. Ахир 2016 йилда учрашувларимиз, давра суҳбатларимизнинг қизиқарли ва мароқли бўлишини изчил таъминладик. Уларда сермазмун маърузалар билан чиқилди. Иштирокчилар сони аввалги йиллардагига нисбатан кескин кўпайди.

- Демак, самарадорликка эришишнинг икки муҳим жиҳати бор, десак янглишмаймиз. Бири бевосита халқ ҳузурига бориб, юзма-юз суҳбатлар ўтказиш, маърузалар ўқиш, кўргазмали ташвиқот воситалари, буклетлар тарқатиш, видеороликлар намойиш этиш бўлса, иккинчиси билвосита, яъни оммавий ахборот воситалари, матбуот нашрлари орқали чиқишдир.

- Худди шундай. Биз ҳар иккисини уйғун ҳолда олиб боряпмиз. Бунга шароитларимиз ҳам, билим ва малакаларимиз ҳам етарли. Тарғиботларимиз манбаи асосан ўзимизда, статистика бўлимимиз ахборот ва ҳисоботларни шаҳар ва туманларнинг тиббиёт бирлашмаларидан қабул қилиб олади, тиббий таҳлил бўлимида кўриб, кеча қандай эди-ю, бугун қандайлиги таққосланади. Социологик тадқиқот бўлими жойларга чиқиб ўрганади, соғлом турмуш тарзи ва ўқитиш бўлими тарғибот билан шуғулланади. Оммавий ахборот бўлими телерадио кўрсатув ва эшиттиришларида, газета-журналларнинг саҳифаларида маслаҳат, тавсия ва мақолалари билан қатнашишади. Уларга ташкилий-услубий ҳамда ахборот коммуникацион технологиялар бўлимидагилар ёрдамлашишади. 12 нафар врач ҳамда 15 нафар ҳамшира ва фельдшерларнинг еттита бўлимдаги иши бир-бирига узвий боғлиқ. Улар биргаликда ёнма-ён фаолият юритишади.

Бўлим мудирлари -Лолахон Улуғбоева, Барчиной Аҳмедова, Анвархон Алихонов, Муборак Алишерова, Муҳаббат Дадабоева, Акмал Ҳамидхоновлар "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни 2016 йил давомида изчил бажарилиши учун астойдил ҳаракат қилишди.

- Тумандаги "Саломатлик марказ"лари янги йилдан тўла тиббиёт бирлашмаларининг кўп тармоқли поликлиникалари таркибига ўтказилганидан хабаримиз бор. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Ҳозирда тиббиёт тармоғида оптимизация давом этмоқда. Бундай мақбуллаштириш ҳаёт талаби, хизмат кўрсатишни такомиллаштириш талаби, албатта. Лекин тажрибали тарғиботчилар уюшган кичик жамоалар бундан буён бизнинг тасарруфимиздан чиқиб кетишгани энди алоқаларимиз узилади, дегани эмас. Норасмий бўлимимизга айланади, ҳамкорлигимиз тўхтамайди. Очиғи, улар қуйи бўғиндаги таянчларимиз бўлиб қолишаверади. Негаки, эришаётган ютуқларимизда ҳар бир тумандаги "Саломатлик маркази" ходимларининг якунланган йилдаги ҳиссалари салмоқли эканини эътирофлашга бурчлиман. Ҳайдарали Ҳожиакбаров, Аҳмаджон Юсупов, Луқмонжон Машарипов, Саломат Арзиматова, Рустамжон Отамирзаев, Омина Эргашева каби саломатлик жонкуярлари Янгиқўрғон, Уйчи, Чортоқ, Учқўрғон ва Мингбулоқ туманларидаги тарғибот ҳафталиклари-ю, учрашув-мулоқотларни доимо юқори савияда ташкиллашга одатланишган. Бунинг учун улар етарли тажриба ҳамда юксак салоҳиятга эгадирлар.

- Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти томонидан филиалга қандай ёрдамлар берилмоқда?

- Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, зиммамиздаги муҳим вазифа-соғлом турмуш тарзи тарғиботчилиги ва ташкилотчилиги кенг кўламли, ҳаётнинг турли жабҳаларини қамраб олади. Фаолиятимизнинг ҳар бир йўналиши пухта билим ва тушунчани, уларни омма онгига чуқурроқ сингдиришнинг энг қулай, энг самарали усулларини қўллашни талаб қилади. Бу борада институт раҳбарлари ҳамиша раҳнамо, мутахассислари маслаҳатгўй ва кўмакчи бўлиб келишмоқда. Чунончи, аксарият амалиётчи врачлар соғлом турмуш тарзи тўғри овқатланиш, физкультура ва спорт билан шуғулланиш, зарарли одатларнинг олдини олиш, тозалик қоидаларини, тушунтириш деб ҳисоблашса-да, яна етакчи масалага тааллуқли талаблар: иш ва кун режими, ўзаро муносабатлар, ички тозаланиш ҳам четда қолмаслиги керак. Худди шуларни тўлақонли бажаришимиз учун тиббиёт олимлари назаридан, илмий-кенгашлар тасдиғидан ўтган турли-туман суратли ва рангли, мухтасар матнли буклетлар билан институт изчил таъминлаб келади. Биз вилоятда кўргазмали тарғибот воситалари диск, буклет ва варақаларни кўпайтириб, оммага тарқатамиз, намойиш этамиз.

Улар илмий-назарий ва методик ёрдам билангина кифояланиб қолишмайди. Вақти-вақти билан Наманганга ташриф буюришиб, саломатлик ҳафталикларини бошқаришади, семинарлар ўтказишади. Масалан, ўтган йили институт директори, тиббиёт фанлари доктори Зулхумор Муталова, директор ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Гулчеҳра Абдуллаева, етакчи мутахассислар Мунира Қўчқорова, Олимжон Мамадалиев, Сайёра Қўчқороваларнинг ташрифларидан самарали фойдаланишга эришдик. Жойларда тиббий мулоқотлар ғоят мароқли ташкилланди. Ходимларимиз улардан тажрибаю малака маҳоратини ўзлаштириб бордилар.

- Янги йилимизнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб аталиши ҳамма учун айни муддао. Айниқса сизларнинг филиалингизга ўхшаган муассасалар раҳбарларию ходимлари учун 2017 йилнинг масъулияти ҳар доимгидан ҳам юксакроқдир. Ахир, фаолиятларингиз бевосита халқ орасида кечади-да.

- Жуда тўғри айтдингиз. Эл соғлиги-юрт бойлиги. Мамлакат тараққиёти учун кеча-кундуз қайғуриб яшайдиган, бутун куч-ғайратини ҳеч аямайдиган халқимизнинг соғлиги ғоят қадрли. Биз, энди оммага янада яқинлашибгина қолмай, улар ичига тобора кўпроқ кириб бориш ҳаракатидамиз. Халқ билан мулоқот фаолиятимиз мезонига айланаверади. Инсон аслида ўз саломатлигининг ижодкоридир, унинг ўзи фаол ҳам курашиши лозим. Худди шу ҳисни етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳамюртларимиз кўнглидан мустаҳкам жой олишига эришишимиз зарур. Тарғиботчи ва ташкилотчи шифокор ходимларимиз, кўпроқ одамлар орасида юришга бурчлидирлар. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимидаги маърузасида таъкидлаганидай: "Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад - инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда.

Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак". Ана ўшанда белгиланган режалар натижа касб этаверади, кўзланган кўрсаткичлар эгалланган марраларга айланаверади.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.